Деҳқоннинг дардини эшитадиганлар борми?
Халқимизда “Сув текин” деган ибора бор. Тарвузнинг нархини кўриб, негадир шу гап хаёлимдан ўтди.
Дарҳақиқат, бугун тарвуз бир литр сувдан ҳам арзон сотилмоқда. Уни экиб, униб-ўстириб, ҳосил бериши учун қанча вақт, меҳнат талаб этилади?! Даромад олиш ниятида ерга уруғ қадаган, аммо зарарга кирган деҳқон додини кимга айтсин?
Айни вақтда полизлардаги тарвузлар ҳатто узилмасдан қолиб кетмоқда. Тўғри, арзонгарчилик бўлгани яхши, аммо ҳамма ҳам меҳнатига яраша даромад олиши ҳам керак-да...
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тарвузни хорижга экспорт қилишда ҳеч қандай чеклов йўқлиги, аксинча, полиз экинлари учун божхонада “яшил йўлакчалар” ташкил этилганини айтишдан чарчашмаяпти. Балки шундай ҳамдир. Бироқ экспорт ҳажми ўтган йилларга нисбатан анча камлиги бор гап.
Хўш, нега миллионлаб зарар кўраётган деҳқонларга ҳеч ким ёрдам бермаяпти? Мутасаддилар нима учун экспротни кўпайтириш чораларини кўрмаяпти? Ахир, будай вазиятда кимдир, қайсидир ҳукумат идораси масъулиятни ўз зиммасига олиши керак-ку!
Вазирлик иддао қилишича, бу йил иқлим яхши бўлиб, ҳосилдорлик кўп бўлди. Аммо бу деҳқонлар ўз маҳсулотини сув текин сотиши керак дегани эмас. Умуман, охирги вақтларда бирон-бир муаммога дуч келсак, осонгина иқлимга, об-ҳавога, табиатга тўнкаб қўйяпмиз. Ваҳоланки, бу бўйича таҳлил ва тадқиқот олиб бориши керак бўлган идора ва ташкилотлар бор.
Мавзу юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси матбуот хизмати билан боғландик. Маълум бўлишича, 208 та туманда маҳсулотларни экспорт қилишда назорат ўтказилиши, бозорларнинг ўзида эса кунлик назорат борлиги айтилди.
– Ушбу маҳсулот четга чиқариш талаб ва меъёрларига жавоб бермаяптими, – деган саволимизга “бу турли рақамларда акс этиши, биргина Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида 26 тонна тарвузнинг 20 тоннаси нитрат фоизи кўплиги сабабли экспротга рухсат этилмаган”, – қабилида жавоб олдик.
Деҳқонларни шундай вазиятда ҳимоя қилиш асосий вазифаси бўлган Фермер, деҳқон хўжаликлари ва ер эгалари кенгаши эса масалага бошини қумга тиқиб олган туяқуш сингари ёндашмоқда.
Бундан хулоса шуки, демак, деҳқон ўзи пиширган ошни ўзи ейиши керак. Ҳеч бир масъул ташкилот уларга ёрдам бермайди.
Масъул ташкилотлар келгусида мана шундай ҳолатлар қайта такрорланмаслиги учун хулоса қилиши жоиз. Йил бошида жиддий таҳлилий назорат ўтказиб, деҳқонларга нима экиш ёки экмаслик бўйича тўғри тавсия бериши лозим. Давлат, ҳукумат уларни ҳимоя қилиши керак. Ислоҳотлар инсон қадри учун амалга оширилаётган даврда деҳқоннинг шўри тўкилиши яхшиликка олиб келмайди. Қисқаси, ҳар қандай шароитда уларни қўллаб-қувватлаш даркор. Инчинун, деҳқон бой бўлса, юрт тараққий топади, мўл-кўлчилик бўлади.
Гулруҳ Одашбоева
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0