Дерматолог: Тери саратонига чалиниш кўпайган
Бугунги кунда тиббиётнинг дерматология ва косметология йўналиши шиддат билан ривожланиб бораётганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Соҳада эришилаётган ютуқлар таҳсинга лойиқ. ishonch.uz мухбири тиббиёт фанлари доктори, профессор Улуғбек Собиров билан аҳолида энг кўп учрайдиган тери касалликлари бўйича суҳбатлашди.
– Тери касалликлари ичида энг кенг тарқалгани ва уларнинг оғир шакллари қандай ҳолга олиб келади?
– Ҳозирги кунда тери касалликлари билан хасталанган беморлар сони ортиб бормоқда. Булардан псориаз яъни қипиқли темиратки, витилиго – халқ тилида оқ доғ деб аталади. Терининг аллергик хасталиклари, ҳуснбузар, пўрсилдоқ яра касаллиги кенг тарқалган. Бизга маълумки тери бутун инсон танасини қоплаб турувчи аъзо бўлиб қолмай, балки барча ички аъзолар билан узвий боғлиқ холда,қатор муҳим вазифаларни бажаради. Одамнинг соғлиғи , юрак-қон томир, асаб, ошқозон-ичак тракти, эндокрин тизими билан бир қаторда, терининг функцияси, хусусиятига ҳам боғлиқ.
Псориаз – кенг тарқалган тери касаллиги бўлиб, беморнинг ҳаёт тарзига салбий таъсир кўрсатади. Ушбу касаллик оқибатида бўғимлар ва таянч-ҳаракат тизими зарарланади. Псориазнинг оғир шакли беморни ногиронликкача олиб келиши мумкин.
Витилиго –беморлар ҳаёт сифатининг кескин пасайиб кетишига олиб келади.
Пўрсилдоқ яра – бу оғир кечувчи тери касаллиги бўлиб, зудлик билан даволаш чоралари кўрилмаса ўлим ҳолатига олиб келиши мумкин.
Қолаверса, терининг аллергик касалликлари ҳам кенг тарқалган. Агар касаллик оғир кечса ва даволаш чоралари чўзилса, терининг ўсма касалликларига айланиш эҳтимоли бор.
Ҳуснбузар – ўсмирлар орасида кенг тарқалган. Асоратли кечса чандиқлар пайдо бўлишига олиб келади.
– Ёш болаларда герпес вируси учраб туради. Оналарнинг ҳаммаси ҳам бу нимадан келиб чиққанини билмайди. Ушбу вирус ҳақида маълумот берсангиз…
– Вируслар сабаб келиб чиқувчи дерматозлар тери касалликлари ичида салмоқли ўринни эгаллайди. Учуқ (герпес вируси), контагиоз моллюска, сўгаллар болаларда кўп учрайди.
Оддий учуқ вируси бошқа вируслардан фарқ қилиб, у инсон организмида йиллаб сақланиши, баъзи нохуш холатлар таъсир этганда фаоллашиб, касалликни юзага келтириб чиқаради. Аксарият ҳолларда қўрқиш, совқотиш, шамоллаш, гиповитаминоз ҳолатлари ҳам вирусларни қўзғатиб оддий учуққа сабаб бўлади. Баъзан бемор билан мулоқотда бўлганда ҳам касаллик юқиши мумкин. Касаллик онадан болага мулоқот вақтида,туғруқ йўллари орқали, ифлосланган ҳомила олди суюқлиги орқали ва плацента орқали юқиши мумкин. Бундай ҳолларда касаллик оғир, асоратли кечиши мумкин. Касаллик ЎРВИ касалликлар билан бирга кечганда ҳаво-томчи йўли билан юқиши мумкин.
– “Пилинг”, “ботокс”, “мезотерапия” хизматлари оммалашди. Мутахассис сифатида юзга шу усулда “ишлов” беришларига қандай қарайсиз? Юзга юбориладиган уколлар кейинчалик юзнинг гўзаллигига, ёшлигига салбий таъсир кўрсатмайдими?
– Аҳоли орасида косметологик услублар асоссиз кенг тарқалиши кузатилмокда. Бу муолажалар сўзсиз мутахассислар томонидан бажарилиши зарур ва махсус процедуралар инъекциялар, ботулотоксин, мезотерапевтик процедуралар, пилинглар аниқ кўрсатмалар асосида, тавсияларга кўра бажарилиши шарт. Косметологик муолажалар малакали мутахассислар томонидан катъиян назорат билан махсус шароитда ўтказилиши керак. Танланган маҳсулотларда давлат сертификати бўлиши зарур. Косметологик муолажаларни айнан ёшига, терининг ҳолатига караб, мутахассис танлайди ва тавсия килади. Тўғри танланган тиббий косметологик муолажалар, мезотерапия, пилинг, ботокс албатта терини гўзаллаштиради ва ёшартиради.
– 20-25 ёшдаги йигитларда ҳам сочнинг сийраклашиши ёки маълум қисмларида бутунлай ўсмаслиги кузатилмоқда. Бу ҳам бир касалликми?
– Аҳолимизнинг ҳар тўрттадан бири соч тўкилиши муаммосига дуч келади. Бу ҳолат микроелементлар танқис бўлган ҳудудларда кўп учрайди. Организмда йод, селен, магний, цинк моддалари етишмаса соч билан боғлиқ муаммолар юзага келади. Қолаверса доимий стресслар нотўғри овқатланиш ва парҳез бевақт соч тўкилишига олиб келади. Бир кеча-кундузда сочнинг 60-80 та тўкилиши меъёрий ҳолат. Агар соч толасининг миқдори ундан ошса, албатта мутахассисга мурожаат қилиш зарур. Шифокор керакли текширувларни ўтказгандан кейин даво чораларини тавсия қилади.
– Халқимиз орасида оқ доғлар балиқ, сут, тухум маҳсулотларининг аралаштириб ейишдан келиб чиқади, деган қараш бор. Аслида витилиго касаллигининг келиб чиқиш сабаблари қандай? Бугунги кунда ҳатто ёш болаларда ҳам учраётганини қандай изоҳлайсиз?
– Витилиго орттирилган тери касаллиги бўлиб, турли шакл ва ўлчамдаги аниқ чегараланган оқ доғ билан характерланади. Бу касалликнинг келиб чиқишига кўплаб омиллар сабаб бўлади. Яъни асаб, эндокрин ва иммунитет тизими ва липидлар перекс оксидланиши тизимининг бузилиши натижасида ҳужайраларни ўз-ўзини емириши, шунингдек, терининг микроэлемент таркиби ва метаболик жараённинг ўзгариши билан боғлиқ. Витилиго сурункали авж олиб кечиши билан ажралиб туради. Аёл ва эркакда бир хилда учрайди. Витилиго касалликка мойиллик (генетик) ва қўзғатувчи (ташқи) омиллар таъсирида пайдо бўлади. Ташқи омилларга эмоционал асабийлашиш ва қуёш таъсирида куйиш, ички аъзоларнинг сурункали яллиғланиши, заҳарланиш, дисбактериоз, гижжа ва эндокрин ва иммун тизими бузилишлари сабаб бўлиши мумкин.
Витилиго одатда тўсатдан бошланади. Бемор энг аввало депигментация ўчоғи (ёки ўчоқлари)ни сезади. Витилигонинг клиник кўриниши тери қоплами турли соҳаларида гипо ва депигментация ўчоқларининг мавжудлиги билан характерланади ва вақт ўтиши билан катталашишга мойил бўлади.
Витилиго косметик нуқсон бўлиб, кўпинча беморга руҳий тушкунликни келтириб чиқаради.
– Наслдан-наслга ўтадиган тери касалликларига қайсилар киради?
– Терининг ирсий касалликлари генодерматозлар деб аталади. Ҳозирги кунда терининг ирсий касалликларининг 200 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, улар бутун тери касалликларининг 10% ни ташкил этади.Ушбу касалликлар маълум бир генга боғлиқ бўлиб, наслдан наслга ўтади. Касалликни келиб чиқишида қариндошлар ўртасидаги никоҳ, онанинг ҳомиладорлик вақтидаги турли хил генитал ва экстрагенитал касалликлар билан касалланиши сабаб бўлади.
– Тери саратони билан касалланган беморларнинг сони ортмоқда. Олдини олиш чоралари ҳақида ҳам маълумот берсангиз...
–Тери саратони терининг турли қисмларида пайдо бўлиши мумкин бўлган саратон туридир. Тери саратони одатда терининг юқори қатламларида бошланади ва турли сабабларга кўра ривожланиши мумкин, жумладан, қуёшга ҳаддан ташқари таъсир қилиш, ирсий омиллар ва қариш.
Тери саратонининг энг жиддий ва ўлимга олиб келиши мумкин бўлган тури бу меланомадир. Меланоцитлар теридаги рангли пигмент бўлган меланин ишлаб чиқарадиган ҳужайралардир. Меланома одатда тери юзасидаги оддий тери тўқималаридан пайдо бўлиши мумкин бўлган ва тез тарқалиши мумкин бўлган саратон туридир. Тери саратони белгилари ҳар хил бўлиши мумкин, аммо баъзи умумий симптомлар:
• янги хол ёки доғнинг шаклланиши
• мавжуд хол ҳажми, шакли ёки ранги ўзгаради
• хол юзасида қичишиш, қон кетиш ёки қобиқ пайдо бўлиши
• терида яралар ёки яралар пайдо бўлиши
• терининг қаттиқлашиши ёки пуфакланиши
• сув билан тўлдирилган пуфакчалар ёки пуфакчалар шаклланиши
Тери саратонига чалинмаслик учун, терини тўғри парвариш қилиш, тери гигиенасига риоя қилиш, тери касалликларини ўз вақтида шифокор назоратида, асоратларсиз, тўғри даво муолажасини олиб бориш, қуёш нуридан сақланиш ва қуёш нуридан тўғри фойдаланиш, терини турли хил жароҳатлардан ҳимоя қилиш, билиб билмасдан терида пайдо бўлган нуқсонларни табибларда шифокор кўригисиз даволамаслик зарур. Дерматоонкология ҳозирги замонавий тиббиётда ривожланиб келаётган соҳалардан бири бўлиб, ушбу соҳа касалликка ўз вақтида, эрта, замонавий илғор тиббиёт диагностикаси усуллардан фойдаланган ҳолда аниқ ташхис қўйиш, зудлик билан даво чораларини кўришга ва касалликни олдини олиш учун аҳоли орасида тиббий маданиятни оширишга қаратилган.
– Қайси ички касалликлар ҳисобига юзга доғ тушади?
– Кўзгу қаршисига туриб, юзингизга диққат қилинг: ранги тиниқми, ҳуснбузар ёки тошма бўлса, катталиги, ҳолати ва миқдори қанча? Доғни кўрсангиз унинг ўлчами ва юзнинг қайси қисмидан жойлашганига қаранг. Ишониш қийин-у, лекин юзнинг ҳар бир қисмидаги камчилик ички аъзоларнинг у ёки бу тури билан боғланган бўлади. Масалан, ошқозон-ичакларда муаммо бўлса, юз ёноқларининг ўрта қисмида ҳуснбузар пайдо бўлади. Безовталик сурункали тус олиб, хасталикка айланса, доғ пайдо бўлиши мумкин. Юз тузилиш, ҳолати ва кўринишига қараб ташхис қўйиш тиббиётда оммалашган усуллардан бири. Зеро, юз соҳасига доғ тушиши, ҳуснбузар ёки тошма чиқиши ўз-ўзидан содир бўлмайди. Одатда мазкур ҳолат бир қатор омиллар билан тахмин қилинади.
Феруза РАҲИМОВА
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0