Енгилмас
Бундан чорак аср аввал... Тўрт томони гуллар билан ўралган жаннатмонанд Каттақўрғон шаҳрининг кунчиқар томонидаги «Чинобод» маҳалласида Сабоҳат опа ва Абдулла ака Барноевлар оиласи яшар эди. Оиланинг катта ўғли Улуғбек ҳар куни мактабга кетаётганида уйлари ёнидаги темирйўлдан ўтарди. Шунда хаёлига отасининг айтган гаплари келарди: «Бу темирйўлдан ўтаётган поездлар Сурхондарё томонларга боради». Улуғбек Сурхондарёни мард ва баҳодир Алпомиш юрти, деб эшитган. У ўша афсонавий юртни кўришни, бамисоли Алпомишдек бўлишни орзу қилар эди.
Улуғбек жисмонан соғлом, бақувват бўлиб камол топди. Мактаблараро спорт мусобақаларида қатнашиб, бир неча бор шаҳар чемпиони бўлди. Қўл жанги спорт тури бўйича вилоят мусобақаларида бир неча марта биринчи ўринни эгаллади. Мактабни битиргач, Каттақўрғон шаҳридаги касб-ҳунар билим юртига ўқишга кирди. Спортга меҳри баландлиги сабаб мусобақаларда фаол қатнашди. Ютуқлари янада кўпайди.
Энди орзуси бутун мамлакат – Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиш, юрт байроғини жаҳон ареналарида баланд кўтариш эди. «Ўзбекистон байроғи – дунёдаги энг чиройли байроқ!» дея ич-ичидан фахрланарди…
Билим юртини тугатгач, ҳарбий хизматга чақирилди. Шарафли бурчини болалигида боришни орзу қилган жойи – Сурхондарёда ўтади. Ҳарбий хизматдан сўнг яна шу ерда қолишни мақсад қилди. У мураккаб жангавор топшириқларни бажарувчи махсус операциялар батальонига қабул қилинди. Энг бақувват ўғлонлар саралаб олинадиган батальонда сафдошлари билан тезда дўсту қадрдон бўлиб кетди. Машғулотларда бир-бирининг отини эмас, чапдастлиги, чаққонлиги, ҳушёрлигига қараб, «Йўлбарс», «Бургут», «Чақмоқ» деб чақиришарди. Улуғбекни барча бирдек «Енгилмас» деб атарди. Бу ном унга ҳеч қачон кураги ерга тегмагани учун берилган эди.
Улуғбек Сариосиё тоғ тизмаларида Мудофаа вазирлигининг ёвқур йигитлари билан биргаликда чегараларимиз дахлсизлигини қалқон бўлиб қўриқлаётган мардлардан эди. Улар енгилмас, шитир этиб, ерга тушган япроқ товушларини эшитувчи ҳушёр, шамолдан тез югурувчи сиртлондек чаққон, ортга қайтмас арслондек бўлиб, юрт чегараларида собит турардилар. Барчаси Ватан чегараларини қўриқлаётганидан ғурурланишарди.
2000 йилнинг августи... Улуғбек бу ойни яхши кўрарди. Серҳосил боғлар оқ тонгларда сархил меваларини бозорларга тўккан баракали кунлар. Айниқса, «Каттақўрғон маскаси» деб оламга довруғ солган узум нави олтиндек товланиб, ишкомлардан бол каби томай-томай, деб туради. У шу узумларни соғинган ва сафдошларига оғзидан бол томиб мақтаб юрар, «Уйдагилар эртаиндин узум олиб келишади, сизларга улашаман», дер эди.
Ана шундай ҳаяжонли кунларда мамлакатимиз мустақиллик байрамини ўтказиш учун қизғин тайёргарлик кўраётган, болалар янги ўқув йилига ҳозирланаётган дамларда жанубдаги чегараларимизга манфур душман – террорчилар тўдаси ҳужум қилди. Босқинчиларнинг ёвуз мақсади ҳалол ва мард халқимизнинг бошига қора кунларни солиб, боғу бўстонларимиз, ғаллазорлару пахтазорларимизни пайҳон қилиб, шаҳар ва қишлоқларимизни вайрон этиб, мактабларимиз ва боғчаларимиз кулини кўкка совуриб, сарҳадларимизни эгаллаб олиш эди.
Аммо душман билмасдики, Ўзбекистон чегараларини қўрқмас, жасур, енгилмас ҳарбийлар, сержант Улуғбек Барноевдек алплар қўриқлаб турарди.
Сариосиёнинг тоғли ҳудудларидаги 5 та қишлоқни эгаллаб олишга ҳаракат қилди. Тунда жанглар бошланди. Бизнинг йигитлар қоядан-қояга қоплондек сакраб, душман пистирмаларини яксон қила бошлашди. Йигитлар «илон»нинг бошини янчдилар. Махсус батальон аниқ ва тезкор, шиддатли ҳаракатлар билан 5 та қишлоқни ҳам озод этди.
Аммо ҳали пистирмада душман таркиби бор эди. Жон талвасасида отилган ўқлардан бири сержант Улуғбек Барноевнинг кўксига тегди. «Енгилмас» бундан эсанкираб қолмади. Душман томон ўқ ёмғирларини ёғдиришни давом эттирди. Бир неча жойда ғимирлаётган ёвузларнинг уни ўчди.
...Афсуски, шу онда Улуғбек ҳам мувозанатини йўқота бошлади. У кўп қон йўқотган эди. Аммо йиқилмади, дўстлари суяб қолишди.
«Енгилмас, биз ёнингдамиз, кўзингни оч, жўражон!» – деган овозларни эшитди у. Кўксида қаттиқ оғриқ сезса-да, «Душман батамом йўқ қилинди!», деди мағрур.
Дўстлари уни баланд қоя остига олиб келишди. У эса «Ўзбекистон байроғи қани?» дея шивирлади. Унга юрт байроғини кўрсатишди. Улуғбек титроқ лаблари билан «Биз енгдик!», деди ва аста майин жилмайди…
«Ҳа, биз енгдик, сен енгдинг Улуғбек! Чунки сен «Енгилмассан!», дейишди сафдошлари бунга жавобан елкалари силкиниб титраганича…
Ҳар сафар Каттақўрғон шаҳрига борганимда, Улуғбек Барноев номидаги кўчадан ўтаман. Гулларга бурканган кўча бошида сержант Улуғбек Барноевнинг кўксига «Жасорат» медали қадалган сурати бор. Бу кўчадан ҳар тонг болалар Улуғбек ўқиган 16-умумтаълим мактабига боришади. Ўқув масканида Улуғбек Барноевнинг бюсти ўрнатилган. Таълим даргоҳи дарвозасида Ўзбекистон байроғи ҳилпираб турибди. Байроқ ҳар сафар шамолда ҳилпираганда кимдир «Енгилмас, Енгилмас!» дея шивирлагандек бўлади…
Зулфия МЎМИНОВА,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган маданият
ходими
«Ishonch» газетасининг 2026 йил, 9 май, 55- сонидан олинди




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0