Ходим қамоққа олинса, у билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши керакми?
Саволга ҳуқуқшунос Муҳаммадамин Каримжонов жавоб беради.
—Аввало саволни аниқлаштириб олиш зарур. Чунки оғзаки нутқда кўпинча “қамоқ” атамаси турли ҳуқуқий ҳолатларга нисбатан қўлланади. Айрим ҳолларда озодликдан маҳрум қилиш жазоси, маъмурий қамоқ ёки ҳатто эҳтиёт чоралари ҳам “қамоқ” деб аталади. Ҳолбуки, ҳуқуқий жиҳатдан бу тушунчалар бир-биридан фарқ қилади.
Бундан ташқари, амалда Жиноят кодексидан “қамоқ” жиноий жазоси чиқариб ташланган бўлса-да, амалиётда “озодликдан маҳрум қилинди” деган ҳолатни ҳам “қамалди” деб нотўғри ифодалаш ҳолатлари учраб туради.
Диққат!
Қуйидаги тушунчаларни бир-бири билан адаштирмаслик лозим:
Қамоққа олиш ва уй қамоғи – Жиноят-процессуал кодексининг 242 ва 242¹-моддаларида назарда тутилган эҳтиёт чоралари;
Маъмурий қамоқ – Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 29-моддасига мувофиқ маъмурий жазо;
Озодликни чеклаш (ЖК 48¹-модда) ва озодликдан маҳрум қилиш (ЖК 50-модда) – жиноий жазо турлари.
Шу боис ушбу тушунчаларни бир-бири билан аралаштирмаслик муҳим.
Саволга келсак, унда назарда тутилаётган “қамоқ” ҳолатини шартли равишда уч хил маънода тушуниш мумкин:
Жиноий жазо – озодликдан маҳрум қилиш;
Эҳтиёт чораси – қамоққа олиш ёки уй қамоғи;
Маъмурий жазо – маъмурий қамоқ.
Эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинса
Агар ходимга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш ёки уй қамоғи қўлланилган бўлса, бу ҳолатда у билан меҳнат шартномаси бекор қилинмайди.
Чунки айбсизлик презумпциясига кўра, шахснинг айби суд томонидан қонуний тартибда исботланиб, ҳукм қонуний кучга кирмагунча у айбдор ҳисобланмайди.
Жиноят-процессуал кодексининг 237-моддасига мувофиқ эҳтиёт чораларига қуйидагилар киради:
- муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат;
- шахсий кафиллик;
- жамоат бирлашмаси ёки жамоанинг кафиллиги;
- гаров;
- уй қамоғи;
- қамоққа олиш;
- вояга етмаганларни кузатув остига топшириш;
- ҳарбий хизматчининг хулқ-атвори устидан қўмондонлик назорати.
Бир шахсга нисбатан бир вақтнинг ўзида ушбу чоралардан фақат биттаси қўлланилиши мумкин.
Суд ҳукми чиққанидан кейин
Агар суд ҳукми қонуний кучга кириб, натижада ходим аввалги ишини давом эттириш имкониятидан маҳрум бўлса, у ҳолда меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 168-моддаси 1-қисми 3-банди асосида бекор қилиниши мумкин.
Масалан:
ходимга жарима ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган бўлса ва у ишини давом эттириш имкониятига эга бўлса — шартномани бекор қилиш мумкин эмас;
агар ходимга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, ишини давом эттириш имконияти бўлмаса — меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин.
Маъмурий қамоқ ҳолатида
Агар ходимга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган бўлса, икки хил ҳолат юзага келиши мумкин:
1. Агар ҳуқуқбузарлик хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлса, бу ҳолда меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 161-моддаси иккинчи қисми 4 ва 5-бандлари асосида бекор қилиш мумкин.
2. Агар ҳуқуқбузарлик хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаса, масалан, ходим дам олиш куни майда безорилик содир этиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси олган бўлса — бу ҳолатда МК 168-моддаси 1-қисми 3-банди асосида меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин эмас.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0