Инспекторлар ўқуви: бир ҳафтада қанча муаммога ечим топилди?
Меҳнат муносабатлари соҳаси бугун энг тез ўзгараётган йўналишлардан бирига айланди. Қонунчилик янгиланмоқда, иш берувчи ва ходим ўртасида янги амалиётлар шаклланмоқда. Бундай шароитда меҳнат-ҳуқуқ ва меҳнат-техник инспекторлардан фақат тажриба эмас, замонавий билим, аниқ ҳуқуқий тушунча ва амалиётда тўғри қарор қабул қилиш қобилияти ҳам талаб этилади.
Ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекцияси ҳамда Малака ошириш ўқув маркази ҳамкорлигида инспекторлар учун бир ҳафталик ўқув ташкил этилди. Бу ўқув нафақат назарий билимларни мустаҳкамлади, балки амалиётда учраётган муаммоларга аниқ ечимлар бериш майдонига ҳам айланди.
Назария эмас, амалиётга яқин ўқув
Машғулотларга тажрибали ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар ва соҳавий мутахассислар жалб этилди. Улар қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлар, амалиётда учраётган муаммолар, уларни ҳал этишнинг аниқ механизмлари бўйича ўз билим ва тажрибаларини инспекторлар билан бўлишди.
Касаба уюшмалари Федерациясининг молия бўлими бош мутахассиси А. Бердиёров иш ҳақи, таътил пуллари, хизмат сафари харажатлари ва ишдан бўшашда тўланадиган компенсациялар ҳақида батафсил тушунтириб, янги Меҳнат кодекси амалиётга киргач юзага келган айрим чалкашликларга ҳам тўхталди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси вакили, прокурор Ҳамидулло Қўчқоров эса меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давлат ва жамоатчилик назорати, касаба уюшмалари иштирокининг аҳамиятини очиб берди. Шунингдек, талабалар ва тадқиқотчиларнинг педагогик фаолият билан шуғулланишига оид қонунчилик нормаларидаги баҳсли жиҳатлар ҳам муҳокама қилинди.
Педагоглар таътили бўйича баҳсли масалага ойдинлик киритилди
Ўқув давомида амалиётда кўп учраётган муҳим саволлардан бирига ҳам аниқ жавоб берилди.
Маълумки, аксарият педагог ходимлар 56 календарь кун меҳнат таътилига чиқади. Меҳнат кодексининг 222-моддасига кўра, таътилларни жамлашда уларнинг умумий давомийлиги бир иш йили учун 56 календарь кундан ошиб кетмаслиги керак. Шу боис бошқа соҳа ходимларида асосий таътил кунлари кам бўлгани учун иш стажига қараб қўшимча таътил қўшилиши мумкинлиги, аммо ҳар йили 56 кунлик таътилга чиқадиган педагогларга иш стажи учун яна қўшимча таътил берилмаслиги таҳлил қилинди.
Амалиётда айрим педагоглар қўшимча таътил талаб қилади, юқори ташкилотлар эса рад этади. Ўқув жараёнида бу масала ҳуқуқий жиҳатдан аниқ тушунтирилиб, инспекторлар учун ягона ёндашув шакллантирилди.
Инспектор фикри
Бир ҳафталик ўқув жуда фойдали ва қизиқарли бўлди, – дейди Сирдарё вилояти меҳнат-ҳуқуқ инспектори Ширинхон Умаралиева. – Фаолиятимизда турли мураккаб ҳолатларга дуч келамиз. Айниқса, педагог ходимлар билан боғлиқ баҳсли вазиятлар бугунги маърузачилар томонидан жуда аниқ таҳлил қилиб берилди.
Натижа нима?
Бу ўқув орқали инспекторлар ходимлар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш,
меҳнат қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш, иш жойларида адолатли меҳнат шароитларини шакллантириш борасида янада мустаҳкам билим ва амалий кўникмаларга эга бўлдилар. Бежизга Бернард Шоу “Билимга элтувчи ягона йўл – бу фаолиятдир”, демаган.
Зебо НАМОЗОВА
Ishonch.uz
Жасур Соликов олган суратлар




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0