НЕТАЙ, ТАБИБИМНИНГ ЎЗИ ҲАМ БЕМОР: Саидали Мухторалиев Бандлик вазирлиги томонидан ишсиз қолдирилган аёлни ҳимоя қилишини билдирди
Сўнгги пайтларда судларда меҳнат низолари кўпайган. Бу бир жиҳатдан яхши, ходимлар ўз ҳуқуқини талаб қилаётгани жамиятимизда демократик тамойиллар ишлаётганини кўрсатади. Аммо меҳнат ҳуқуқлари бўйича эксперт Саидали Мухторалиев бугун ижтимоий тармоқлардаги ўз постида ходимлар ҳуқуқини ҳимоя қилишга масъул ташкилот ўзи тизимдаги ходимини, у бола парваришлаш таътилида бўлган пайтда ишдан бўшатгани ҳақида ёзди:
"Миграция билан боғлиқ янги судларимиз бошланган. Ишга қарши томондан Бандлик вазирлиги ҳам қўшилган. Ўтган хафтада Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судида бир нечта ишларимиз бор эди. Жадвалга қарасам, Миграциянинг иши ҳам турибди. Ходим томонининг фамилиясига адашиб, менга қарашли ходимнинг иши бўлса керак деб суд мажлиси хонасига кирсам, бошқа бир ходим экан. Аёл киши. Тингловчи сифатида қатнашишга қарор қилдим.
Ҳалиги ходим Намангандан келибди. У ҳақида аввал эшитганман, лекин биринчи бор кўришим эди. Миграция томони унинг 2 ёшга тўлмаган ёш боласи, чақалоғи бўлса-да, қонунга зид равишда ишдан бўшатиб юборган. ФИБ Шайхонтоҳур туманлараро суди ишга тиклаш ҳақида қарор чиқарган. Энди, Бандлик вазирлиги ва Миграция масъуллари суднинг ишга тиклаш ҳақидаги қароридан норози бўлмоқда. Майли, судга шикоят киритиш уларнинг ҳуқуқи. Ҳаммасига суд баҳо беради.
Лекин, ёш боласи бор бояги аёл бўшатилгандан бери ишсиз, хору-зор бўлиб юрибди. Суднинг ишга тиклаш ҳақидаги қарори вақтида ижро қилинмаган, иш ҳақлари тўлаб берилмаган. Бунинг устига қалин қор, ён-атроф музлама бўлиб турган вақтда ёш боласини яқинларига ташлаб Намангандан Тошкентга судга қатнаб юрибди.
Суд бошланди. Вазирлик вакили ўз важларини билдирди. Аёл ҳам фикрларини билдирди. Иш берувчи уни ёш боласи борлигига, декрет таътилида бўлишига қарамасдан бўшатиб юборганини айтди. Ишни кўраётган судьялар аёлга тушунтирдики, Намангандан қийналиб, Тошкентга келиб ўтириш шарт эмас, масофавий тизимлар бор, ўша ердан қатнашса бўлади. Ходим ўйланиб қолди. Суд бошқа кунга қолдирилди.
Ташқарига чиққандан кейин, у аёлга ишида бажонидил адвокат бўлиб қатнашиб беришимни айтдим. “Адвокатга тўлашга пулим йўқ эди-да” деди у. “Йўқ, бир сўм пулиз керак эмас, текинга ҳимоя қиламиз сизни” дедим кўнглини кўтариб. Бечора ҳурсанд бўлиб кетди.
Шундай қилиб, Бандлик вазирлигига қарши судларимиз давом этади. Асосийси, биз ким томонда эканимиз маълум: мурғак бола ва унинг ишсиз қолган онаси томонида”.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0