Янги иш бошлаган ёш шифокорга ойлик устама тўланадими?
Савол: Мен ўтган йили шифокорлик мутахассислигини олиб, тиббиёт муассасасида янги иш бошладим. Бир курсдошимдан ойлик иш ҳақимга қўшимча устама тўланиши кераклиги тўғрисида эшитдим. Шу ростми?
Саволга Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши Тошкент вилояти бўйича меҳнат-ҳуқуқ инспектори Муҳаммаджон Рўзметов жавоб берди.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17 майдаги “Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-136-сонли Фармонига асосан ишлаб чиқилган “Тиббиёт муассасаларини моддий рағбатлантириш ва жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 3416-сонли Йўриқноманинг 13-бандида бу ҳақда келтириб ўтилган.
Махсус комиссиянинг тегишли қарори асосида, ишга қабул қилинган тиббиёт муассасаси раҳбарининг буйруғига мувофиқ, янги иш бошлаган тиббий олий таълим ташкилотлари битирувчиларига, салоҳиятли ёш шифокорларга ишга қабул қилинган кундан бошлаб, ойлик иш ҳақи тўловларига махсус ойлик устамалар берилиши таъкидланган. Унинг 14-бандида салоҳиятли ёш шифокорлар учун 1 миллион сўмгача махсус ойлик устамалар уларнинг биринчи уч йиллик меҳнат фаолияти давомида тўланиши белгиланган. Бунда янги иш бошлаган салоҳиятли ёш шифокорлар учун ҳар ойда:
- биринчи йил учун – 1 миллион сўмдан;
- иккинчи йил учун – 750 минг сўмдан;
- учинчи йил учун – 500 минг сўмдан махсус ойлик устамалар берилиши белгиланган.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0