Иқтисодий экспанция. Қайси давлатларда ўзга мамлакат валюталари ҳукмрон?
Миллий валюта – давлатнинг мустақиллиги ва иқтисодий жиҳатдан суверенлигини билдирадиган муҳим фактор. Одатда валютанинг нуфузи, ҳолати ўша давлатнинг иқтисодий кўрсаткичлари индикатори саналади. Бир ривожланган давлат валютаси ўзига нисбатан заифроқ давлатлар орасида машҳурроқ ва харидоргир бўлиши табиий ҳолат саналади.
АҚШ доллари, евро, фунт-стерлинг кабилар жаҳоннинг исталган ҳудудида кучли саналса, Хитой юани, Россия рубли (асосан собиқ Иттифоқ давлатлари ҳудудида) кабилар маълум минтақа давлатлари орасида кўпроқ қўлланилади.
Лекин жаҳонда шундай давлатлар борки, уларда миллий валюта йўқ, бўлса ҳам номига (асосан доллар ёки бошқа устун валюта амалда бўлади). Буларнинг кўпчилиги собиқ мустамлакалар ёҳуд кучли инқирозни бошдан кечираётган давлатлардир.
Панама. XX асрнинг бошларида Колумбиядан ажралиб чиққандан сўнг Панама ўз пул бирлигини - балбоани яратди, аммо бу мамлакатда ягона тўлов валютасига айланмади. Гап шундаки, мустақилликка эришгач, 1903 йилда Панама ҳукумати АҚШ билан шартнома тузиб, канал устидан назоратни 10 миллион доллар ва йилига 250 минг доллар эвазига ушбу давлатга сотганди. Вашингтоннинг Панама канали устидан назорати 1999 йилгача давом этди, бироқ мамлакатнинг асосий валютаси ҳамон доллар ҳисобланади. Балбоа долларга 1:1 нисбатда боғланган. Айтганча, Панама қонунчилиги давлат органларига пул чоп этишни тақиқлайди, бу эса мамлакат фуқароларини инфляция хавфидан ҳимоя қилади.
Намибия. 1990-йилларнинг бошларида мустақилликка эришгач, Намибия ҳам ўзининг миллий валютаси — Намибия долларига эга бўлди. Мамлакатнинг иккинчи расмий пул бирлиги Жанубий Африка рэнди бўлиб, унинг қийматига Намибия доллари боғланган. Агар сиз ушбу мамлакатга бориб қолсангиз, исталган икки валютада савдо қилаверасиз. Рэнд - эркин конвертация қилинадиган валюта бўлиб, у Жанубий Африканинг миллий валютаси ва ЖАР, Намибия ва Лесотони ўз ичига олган кўп томонлама валюта келишуви мамлакатларининг умумий валютаси ҳисобланади. Намибия валютаси асосан рэндга боғлиқлиги сабабли барқарор ва мамлакат иқтисодиётининг умумий беқарорлигига қарамай, амалда инфляцияга дучор бўлмайди. Ҳозирги кунда бир АҚШ доллари 18,5 Намибия долларига (ёки ЖАР рэндига) тенг саналади.