Изтироб
Бир хил одамлар бўлади, биров билан ҳеч қандай сабабсиз ҳам ёқалашиб кетаверади. Маҳкам айни ўша тоифадан экан. Шу воқеадан кейин унга муносабатим ўзгарди. Кийим шкафимни ҳам алоҳида қилдим.
Маҳкам билан танишган кунимиз кечагидек эсимда...
Ўшанда 2009 йилнинг ноябрь ойи эди. Бу сафар ҳам институтга киролмагач, «Қўлимда коллеж дипломи, ҳунарим бор, бекор юрмай», деган ўйда Кўкчадаги тўқимачилик фабрикасига (бир танишимнинг тавсияси билан) ишга кирмоқчи бўлдим.
Эрта тонгда туриб, ўша корхонага йўл олдим. Суриштириб билдимки, бу ерга ишга киришдан аввал суҳбат ва синовдан ўтиларкан. Эшик олдида мендан бошқа яна талай номзодлар бор эди. Маҳкамни илк бор шу ерда учратдим. У мендан кейинги навбатда эди. Кўринишидан анча қўпол ва тўпори, муомаласи ҳам шунга яраша. Юзидаги чандиқ ва кўкаришлар анча уришқоқ йигит эканидан далолат бериб турарди. Ёшимиз тенг бўлгани учун у билан бир зумда чиқишиб кетдик. Оққўрғонлик бу йигит аввал ҳам келган, аммо имтиҳондан ўтолмаган экан. Бир-биримизга ёрдамимиз тегиши мумкинлигини қайта-қайта таъкидлагач, ортиқча эътироз билдирмадим.
Кутилган имтиҳонда унга қўлдан келганча ёрдам қилдим. Синовлар аслида у қадар мураккаб ҳам эмас экан – шунчаки оддий, ҳаётий саволлар. Суҳбатдан сўнг мени бошқа цехга «механик», уни бошқа цехга «грузчик» лавозимига қабул қилишди.
Бу жамоада ишлаганлар яхши билишади. Кийим-бош алмаштирадиган махсус хонада темирдан ясалган шкафлар бўлади. Уларда ишчиларнинг кийим-кечаги ва шахсий буюмлари сақланарди. Иккаламиз бошқа бошқа сменада ишлашимизни ҳисобга олиб, Маҳкам билан менга шундай шкафлардан биттасини беришди.
Шу тариқа ишга киришиб кетдим. Маҳкам билан смена алмашадиган пайтларда ёки кимнингдир ўрнига алмашиб ишлаган кезларимизда рўбарў келмасак, деярли учрашмасдик.
Бир куни кечки сменага келсам, кийим алмаштириш хонасида жанжал бўляпти. Қарасам, Маҳкам ўзидан нимжонроқ бир йигитни аёвсиз калтаклаяпти. Бошқалар шунчаки томошабин бўлиб турибди. Уларни ажратишга ҳаракат қилдим. Маҳкамни бир четга судраб, танбеҳ берган бўлдим. Бу ишим билан балога қолдим – у мени ҳеч қандай сабабсиз куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қила бошлади. Бу ҳам етмагандай, кутилмаганда юзимга мушт тушириб қолди. Жаҳлим чиқиб кетди, лекин ўзимни босдим. Ваҳоланки, унга бемалол кучим етарди. Қолаверса, у маст эди.
Бир хил одамлар бўлади, биров билан ҳеч қандай сабабсиз ҳам ёқалашиб кетаверади. Маҳкам айни ўша тоифадан экан. Шу воқеадан кейин унга муносабатим ўзгарди. Кийим шкафимни ҳам алоҳида қилдим.
Аммо кўп ўтмай, у билан яна зиддиятга бордик. Бу сафарги тортишувга бир қиз сабабчи бўлди. Зилола унинг маҳалласидан бўлиб, мен билан битта цехда, бир сменада ишларди. У қизларнинг «мастер»и, шу боис ускуналарга иккимиз бирдек жавобгар ҳисобланар, ишимиз ўзаро мулоқотни талаб этарди. Ҳар бир ишни у билан бамаслаҳат қилишга мажбур эдим. Маҳкам бўлса, ундан узоқроқ юришимни қатъий тайинлади.
Хуллас, бора-бора Маҳкамни унча хушламай қолдим. Қачон қараса, урушнинг пайидан бўлиб юрадиган дилозор одам кимга ҳам ёқарди?..
Кунларнинг бирида сменани топшириб, кийим алмаштирадиган хонага келсам, шкафим ланг очиқ. Қайсидир «азамат» қулфни бузиб, ичини шипшийдам қилиб кетибди. Бир ҳафта олдин янги куртка олгандим. Уни ўғирлатиб қўйганимга қаттиқ ачиндим, сабаби – пешона тери билан топган, харажатлардан мисқоллаб орттириб, йиққан пулимга сотиб олгандим. Аслида шкафда бундан бошқа қиммат буюм ҳам йўқ эди.
Ўйланиб тургандим, Маҳкам келиб қолди. Ҳолатни кўргач, энсасини қотириб, «Эй, ўзингга пишиқ бўлмайсанми, чатоқ бўпти», деб ўзича койигандек бўлди-да, апил-тапил кийимларини алмаштириб, цехга кириб кетди. Кейин билдимки, бу ерда кўп ўғриликлар бўлиб тураркан.
Корхонадаги фаолиятим тўққиз ойга етгач, сабр-бардошим тугади. Бу ерда ортиқ қололмаслигимни тушуниб етдим ва ишдан бўшаб кетдим.
Шу билан Маҳкамни бошқа кўрмадим.
Орадан йиллар ўтди. Ҳаракатларим, уринишларим зое кетмади – ниҳоят ўқишга кирдим. Институтни тамомлагач, ўз соҳам бўйича ишга кирдим. Оила қурдим. Ҳаётим секин-аста изга туша бошлади. Тўқимачилик фабрикаси, Маҳкам, йўқолган куртка эсимдан чиқиб кетди. Аммо...
2024 йил кузида машинани ювдириш баҳонасида туманимиздаги мойкага кирдим. Бир йигит кўзимга иссиқ кўрина бошлади. Яхшилаб разм солсам, Маҳкамга ўхшаяпти. Ортида 6-7 ёшлардаги бола юрибди. «У бошқа тумандан бўлса, биз тарафларда нима қилади? Шунчаки одам-одамга ўхшайди-да», деб унча эътибор бермадим. Ишим битгач, у ердан кетдим.
Ўн кундан сўнг яна мойкага йўлим тушди. Бу сафар эски танишимнинг қиёфадоши бўш экан, машинани ювиб берадиган бўлди. Иш жараёнида уни синчиклаб кузата бошладим. Тавба, одам бир-бирига шунчалик ўхшайдими ёки бу ростан ҳам ўшами?.. Фикримни уқди, шекилли:
– Оғайни, мабодо чекмайсизми? – деб гап бошлади у.
– Йўқ.
– Бир нарса сўрасам. Ўн йиллар олдин Кўкчадаги «текстил»да ишламаганмисиз?
Адашмаган эканман. У ўша, эски танишим – Маҳкам эди.
– Ёдингизда экан-а.
Шундан сўнг бир-биримиз билан худди эски қадрдонлардек, қайта кўришдик. Мулозаматни йиғиштирдик.
– Хўш, ошна, сени бу ерларга қайси шамол учирди?
– Ишлаяпман. Мойканинг иш бошқарувчиси холаваччам бўлади.
– Ёнингда юрган ким?
– Ўғлим.
– Боғча ё мактабга бормайдими? Нега ўзинг билан олиб юрибсан?
– Э, ўқиб олим бўлармиди? У менга тайёр дастёр-ку. «Соққа» топишни ўрганяпти. Бунинг устига, бошқа йўлим ҳам йўқ.
– Сабаб бордир?
– Бунинг тарихи узун. Жа қизиқаётган бўлсанг, айтиб бераман.
– Машинани ювишга бир соатдан ортиқ вақт кетади. Демак, улгурасан.
Маҳкам ўз ишида давом этаркан, секин гап бошлади. Ора-орада ўғлига танбеҳ беришни ҳам унутмади.
– «Текстил»дан кейин бир қанча жойларда ишладим, – дея ҳикоясини бошлади у. – Лекин, тўғриси, биронтасини ёлчитганим йўқ. Уйланганимдан кейин етишмовчиликлар рўй берди. Маҳалладаги танишнинг сигирини ўғирлаб, сотиб юбордим. Кўп ўтмай, қилмишим фош бўлди. Отам зарарни қопламайман, қамалса-қамалар, балки шунда эси кирар, деб туриб олди. Бир йилга яқин «ўтириб» чиқдим. Олти ой олдин хотиним билан қаттиқ тортишиб қолдик. Жаҳлим чиқиб кетди – аёвсиз калтакладим. Ўғлимни бермадим, қизимни олиб, кетиб қолди. Эртаси куни укаси ўғлимизни олиб кетишга келди. Уни ҳам роса дўппосладим. Бир ҳафтадан сўнг бу ерга келдим. «Пахан» билан «мамул» ёлғиз қолди. Уларнинг менга кўзи учиб тургани ҳам йўқ, аслида. Мана, олти ойдан буён шу ерни «гуллатяпман».
– Маҳкам, шу уришиб, бирон-бир натижага эришдингми? – дедим дангал. – Ҳаётингда энтикиб, орзиқиб эслайдиган ҳолатнинг ўзи йўқ, шекилли. Боланг олти ойдан бери онасини соғинмадими? Ота-онангга ичинг ачимайдими? Ҳеч бўлмаса, уларга пул жўнатиб тургандирсан?..
– Хотиним ажрашишга ариза берган. Ажрашсак, қайта уйланаман. «Отаўғил» эса ўзим билан қолади. Уйга пул жўнатмайман ҳисоби. Еб-ичиб юрибман. Ортса, йиғяпман.
«Отаўғил»ни бироз кузатдим. Кўриниб турибдики, унда ҳеч қандай соғинч йўқ, аксинча, кўзлари совуқ ва нурсиз.
– Онангни соғинасанми? – аста сўрадим ундан.
– Йўқ, дадам билан юрсам бўлди.
Билдимки, на Маҳкамга, на унинг ўғлига панд-насиҳат қилишдан наф йўқ. Орадан шунча йил ўтса ҳам ўзгармаган. Бошига тушган ташвишлардан етарлича хулоса чиқармаган. Аксинча, унинг ўз ҳақиқати, ўз ҳаёт йўли бор ва унда собит. Наилож, букрини гўр тўғрилайди. Ишқилиб, «отаўғил»ни ҳам мана шунақа қисмат кутмасин-да...
Машинани ювиб бўлгач, унинг ҳақини узатдим. Бироқ у пулни олишни истамади. Табиийки, ҳайрон қолдим.
– Хижолат бўлма, олавер, меҳнат ҳақинг, ахир.
– «Текстил»да йўқолган куртканг эсингдами?
– Ҳа, нимага сўраяпсан?
– Шунчаки ўзим. Ким олган деб ўйлайсан?
– Қайдам, қўлга тушмаган – ўғри эмас.
– Унда, майли, пулни олганим бўлсин...
Унга ялт этиб қарадиму қалбимда қандайдир оғриқ сезгандек бўлдим. Машина ўриндиғига беҳол чўкдим...
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0