“Касб инсонни эмас, инсон касбини безайди” – ҳамшираликни олий касбга айлантирган Гулруҳ Мусаева
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни. Ishonch.uz ушбу кун муносабати билан Ватан ҳимояси ва тинчлиги йўлида ҳаловатидан кечиб, фидокорлик билан хизмат қилаётган соҳа ходимларининг бир куни ҳақида ҳикоя қилади.
«2020 йиллари Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпиталида бош тиббиёт ҳамшираси бўлиб ишлардим. Карантин даврида пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ»да ташкил этилган даволаш маркази ҳукумат томонидан Мудофаа вазирлигига бириктирилди. Ўша ерда деярли икки йил давомида нафақат ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, балки аҳолимизнинг касалликка чалинган барча вакилларини даволаш ишларига жалб этилдик.
Ҳозир ўша кунларни эсласам, ҳарбий тиббиёт соҳасини эгаллаганимдан жудаям фахрланаман. Чунки кўплаб ҳамкасбларим қаторида менинг ҳам халқимизга озми-кўпми нафимиз тегди. Уйимиз «Ўзэкспомарказ»дан атиги икки бекат нарида. Лекин вақти келди, бир ҳафталаб уйга боролмаганмиз. Фурсат бўлганида ҳам жуда кеч қайтардим. Фарзандларим ширин уйқуда, эрталаб ишга кетаётган пайтим улар ҳали уйғонмаган бўлади. Уларни бағримга босгим, юзларидан ўпгим келарди. Лекин беморлар билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришиб, улар билан туну кун бирга эканлигим учун фарзандларимга вирус ташувчи бўлиб қолишдан қўрқардим. Кўзёшларимни яшириб ишга кетардим...
Ўша пайтлари жуда кўп одамлардан дуо олганман. Бу оддий дуо эмас, халқнинг дуоси. Мени кўтариб, кўкартириб, яшнатиб турган сабаблардан бири ҳам шу бўлса керак, деб ўйлайман».
Бу «Содиқ хизматлари учун» медали соҳиби, тиббий хизмат лейтенанти, 21 йиллик ҳамшира – Гулруҳ Мусаеванинг иқрори. У ҳарбий соҳада босиб ўтилган йўлига назар ташлар экан, ҳиссиётлари ва ўй-мушоҳадаларини биз билан бўлишди. Гулруҳ опанинг касбий фаолиятига назар ташлар эканмиз, касб инсонни эмас, инсон касбни безайди, деган гаплар қанчалик тўғри эканига амин бўлдик.
Ҳар бир ишда хайр бор
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Икром Отамуроднинг оиласида, уч ўғил орасида ягона қиз фарзанд бўлиб туғилган Гулруҳ Мусаева ёшлигидан тиббиёт ходими бўлишни орзу қилди. Отаси ва раҳматлик бувиси кўпинча «Сен доктор бўлишинг керак!» деган гапларни тез-тез айтиб тургани учунми, Гулруҳ опанинг ҳам шу касб эгаларига ҳаваси, қизиқиши ортиб улғайди.
Тошкент тиббиёт академияси қошидаги лицейни тамомлагач, Тиббиёт академиясининг даволаш иши факультетига ўқишга кириш учун ҳужжатларини топширди. Аммо имтиҳон натижаларига кўра, у шартнома асосида ўқишга қабул қилинганди. Ота-онаси давлат ишида маош асосида ишлагани ва бир талаба акаси, икки нафар укаси борлиги, уларнинг ҳам келажагини ўйлаган Гулруҳ опа ҳаётидаги муҳим ва биринчи мустақил қарорини қабул қилди: институтда шартнома асосида ўқишдан воз кечди. Тўплаган бали асосида П.Ф.Боровский номидаги тиббиёт коллежига ҳужжатларини топширди. Коллежни тамомлагач эса Тошкент тиббиёт академиясининг Олий маълумотли хамшира факультетига грант асосида ўқишга қабул қилинди.
– Ҳамма нарсада хайр бор, деганлари рост. Энди ўйласам, бу ишда ҳам хайр бўлган экан. Чунки шифокор бўлганимда бирорта поликлиникада ёки касалхонада ишлаб, ўз йўналишимда илмий иш қилиш билан банд бўлиб қолган бўлармидим, деб ўйлайман, – дейди қаҳрамонимиз. – Ҳамширалик касбини танлаганим учун эса, мен марказий ҳарбий клиник госпиталда шартнома асосида ҳарбий хизматга чақирилдим. Бу ерда мана 21 йилдан буён хизмат қилиб келаяпман. Аввалига ҳамшира, ундан сўнг бўлим катта ҳамшираси ва бош ҳамшира бўлиб ишладим. Фаолиятим қизғин амалиёт жараёнида кечди. Бу вақтда ҳамширанинг ҳақиқий вазифаси нима эканини англаб етдим. Ўргандим, пишидим. Касбимнинг чин маънода эгасига айландим. 2022 йил пандемия даврида кечган оғир шароитдаги меҳнатларим туфайли «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирлашганида, шу касбга йўналтирган, ота-онам, бувижоним ва турмуш ўртоғим ҳамда қайнона-қайнотамдан миннатдор бўлдим. Чунки улар қўллаб-қувватламаганларида, ҳарбий соҳадаги фаолиятимни тушуниб, ёрдам бермаганларида бу даражага етиб келмаган бўлардим.
Ҳамширанинг вазифаси фақат укол қилиш эмас
Гулруҳ опа узоқ йиллик қизғин фаолиятида ўзи учун бир ҳақиқатни тушуниб етди. Бемор билан шифокор кам мулоқот қилади. Ҳамшира эса кўпроқ мулоқот қилиш имкониятига эга. Шундай экан, касалликни даволашда бемор ва ҳамширанинг касаллик ҳолати бўйича фикр алмашиши тузалишга жиддий таъсир этади. Тиббиёт ходими ишини касалхонага кириб келган беморнинг психологиясини ўрганишдан бошлаши керак. Сабаби у коронавирус даврида «Ўзэкспомарказ»даги беморларда бир нарсани кузатди. Айрим беморлар 75-80 фоиз ўпка зарарланиши билан келар, касаллик даврида руҳий жиҳатдан тетик бўлгани боис тузалиб кетар, айримлар эса 35-40 фоиз ўпка зарарланиши билан келишига қарамай, тушкунликка тушиб қолгани сабаб, касалликни енголмасди.
Қаҳрамонимиз беморлар билан кўпроқ мулоқот қилишга, уларнинг умидини уйғотишга, ҳар бир ҳаракати, интилиши жуда муҳим эканини англатишга уринарди. Шунда тушкун кайфиятда келган ва ўпкаси кўпроқ зарарланган беморлар ҳам тезроқ соғая бошларди.
Бир сафар ёши катта беморда ҳам шундай бўлди. Ўпкаси 60 фоиз зарарланган онахон Гулруҳ опанинг далдаси ва фаол мулоқоти туфайли тўла соғайиб уйига кетди. Аммо бошқа кўплаб беморлари билан банд бўлиб қолган ҳамшира бир нарсани – онахонга уйда касалликдан сўнг реабилатация даври қанчалик муҳим эканлиги борасида тавсия беришни унутганди. Оқибатда онахон уйига боргач, бир ҳафталар яхши юради, аммо ҳали ўпкаси энди тикланаётган бир пайтда чўмилган ва елвизакда қолган. Бу эса яқинда коронавирусни бошдан кечирган одам учун мумкин эмасди. Шу боис беморда яна касаллик қайталаниб, онахон касалхонага иккинчи бор келиб даволанишга мажбур бўлди. Бу каби ҳолатларда ҳамширанинг инсон психологиясини ўрганиши муҳимлигини тушуниб етган Гулруҳ Мусаева ҳозирги кунда иккинчи йўналиш сифатида Ўзбекистон Миллий университетининг амалий психология факультетида ҳам таҳсил олмоқда. Шу билан бирга мустақил тадқиқотчи сифатидаги узоқ йиллик изланишлари ҳам якунига етиб қолди ва у докторлик диссертацияси ҳимоясига киришади.
Қалбимни эзган воқеа
– Бундан бир неча йиллар олдин бўлган воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди, –деб эслайди Гулруҳ опа. – Ўшанда Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпиталининг жонлантириш бўлимида ишлардим. Термиз гарнизонида хизмат қиладиган бир ҳарбий хизматчининг хонадонида кучли газ портлаши содир бўлган экан. Натижада унинг ўзи, турмуш ўртоғи ва икки нафар фарзандида 70-80 фоиз кучли куйиш ҳолати қайд этилади. Ҳарбий хизматчи ва аёлини бизга опкелишди, фарзандларини эса ёш бўлгани учун шаҳардаги бошқа шифохонага ётқизишган экан. Куйган беморлар билан ишлаш жуда мураккаб. Унинг устига беморларимиз ҳолати ўта оғир деб баҳоланди. Эр-хотин беморни битта катта хонага жойлаштирдик. Ўртада тўсиқ, чап томонда аёли, ўнг томонда ҳарбий хизматчимиз. Улар тўлиқ мулоқот қилолмаса-да, аммо бир-бирининг овозини эшитиб турарди.
Беморлар келганидан уч кун ўтиб, ўғил фарзанди куйиш аломатида оламдан ўтгани ҳақида хабар келди. Аммо буни ҳаётга интилаётган ота-онасига айтмаганмиз, айтолмаганмиз. Ўша пайти мен фарзанд кутаётган эдим. Тўғриси, қаттиқ таъсирланганман. Орадан бир ҳафта-ўн кун ўтиб, онанинг аҳволи оғирлашди ва афсуски, ҳаётдан кўз юмди. Эри ўзи оғир аҳволда ётган бўлишига қарамай чамаси ҳар ярим соатда хотинининг исмини айтиб, ундан ҳол сўраб турарди. Аммо энди унинг сўровлари жавобсиз эди. Биздан сўраганида эса: «аёлингизнинг аҳволи яхшилангани учун уни алоҳида палатага оляпмиз», деб аёлга ҳаво берувчи мосламани улагандек бўлиб, хонадан олиб чиқиб кетдик...
Тиббиёт ходими ҳар қандай ҳолатда ҳам вазиятни тўғри баҳолай олиши керак. Агар у ҳиссиётга бериладиган бўлса, ҳаммаси тескари кетиши мумкин. Ўша пайтда биз учун тўғри йўл шу эди. Вақт ўтиб ҳарбий хизматчимиз соғайиб, соғлом турмушга қайтди.