Кўчмас мулкка инвестиция киритиш даромадли бизнес эмасми?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари томонидан Тошкент шаҳрида кўп қаватли уй-жойларга инвестицияларнинг даромадлилиги таҳлил қилинди.
Ер ресурсларининг чекланганлиги ва аҳоли сонининг ошиб бориши шароитида кўчмас мулкга инвестиция киритиш мулкка эгалик қилиш билан бирга, барқарор даромад олиш имконини беради. Бунда, кўчмас мулкни ижарага бериш ҳамда мулк қийматининг маълум вақтдан кейин ошиши (капитал ўсиш) ҳисобига даромад олиш мумкин.
2025 йил апрелида Тошкент шаҳрида уй-жойга инвестицияларнинг даромадлилиги 6,2%гача тушди (2024 йил апрелда - 27,8%). Бунда, мазкур даврда ижарадан келадиган ўртача даромад 10,9%дан 8,5%гача камайган бўлса, уй-жойларнинг ўртача нархи 2,4% арзонлади.
Лекин, уй-жойга инвестициялар даромадлилиги кўчмас мулкнинг жойлашган ҳудуди ва хоналар сонига қараб бир-биридан сезиларли фарқланади:
1 хонали: Шайхонтоҳур – 25,1 % (2024-йил апрел – 41,4 %), Миробод – 0,4 % (24,7 %);
2 хонали: Яккасарой – 16,2 % (12,1 %), Учтепа – -2,0 % (27,1 %);
3 хонали: Яккасарой – 16,8 % (27,0 %), Учтепа – 1,6 % (23,6 %);
4 хонали: Яккасарой – 15,6 % (25,2 %), Олмазор – -2,5 % (21,3 %).
Уй-жойлар нархи ўзгаришидан олинадиган даромад.
2024 йилнинг апрел ойида Тошкент шаҳрида уй-жой харид қилиб, жорий йил апрел ойида ушбу уйни сотишга тўғри келган инвесторлар бир йил ичида уй-жойлар бозор қийматининг пасайиши сабабли уйни харид нархидан ўртача 2,4% камига реализация қилишга мажбур бўлишди. Хусусан, ушбу кўрсаткич Учтепа туманида 7,4%ни, Юнусобод туманида 4,4%ни, Олмазор туманида 4,2%ни ташкил қилди. Лекин, Тошкент шаҳрида нисбатан қиммат уй-жойлар жойлашган туманлардан Шайхонтоҳур ва Яккасаройда уй-жой нархи ўзгаришидан кўрилган фойда ўртача 6% ни ташкил этди.
Уй-жойларни ижарага беришдан олинадиган даромад. Жорий йилнинг апрел ойида Тошкент шаҳрида уй-жойлар ижарасидан олинадиган ўртача даромад пасайишда давом этди. 2024-йилнинг апрел ойида ўртача даромадлилик 10,9%ни ташкил этган бўлса, 2025-йилнинг апрел ойига келиб ушбу кўрсаткич 8,1%гача пасайди. Мазкур даврда, ушбу кўрсаткич бўйича энг юқори ўртача даромадлилик Мирободда 9,2% (2024-йил апрел ойида – 11,2%) ва Шайхонтоҳурда 8,9% (12,6 %) қайд этилди.
Даромадлилик даражаси бўйича инвестицион жозибадорлиги юқорироқ бўлган 1 ва 2 хонали хонадонлар учун даромадлилик даражаси мос равишда 8,5% ва 6,3%гача тушди. Жорий йил январ ойида ушбу кўрсаткичлар 14,3% ва 7,5%ни ташкил этиб, 2024-йилнинг апрел ойига (мос равишда 30,2% ва 25,5%) нисбатан сезиларли даражада камайган эди. Шунингдек, жорий йил апрел ойида 3 ва 4 хонали хонадонлар учун даромадлилик кўрсаткичи 6,7% ва 3,3%гача камайди (2024-йил апрелда – 24,9% ва 30,6%).
Банк депозитлари даромадлилик даражаси. 2024 йил апрелидан 2025 йилнинг апрел ойигача бўлган даврда жисмоний шахсларнинг чет эл валютасидаги муддатли депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 5,1% атрофида тебраниб турган бўлса, миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича ўртача ставка 22 %ни ташкил этган. Ушбу рақамлар, бир томондан, уй-жойнинг инвестициявий даромадлилиги жисмоний шахсларнинг чет эл валютасидаги муддатли депозитларидан олинадиган ўртача даромадлиликка яқинлашаётганидан далолат берса, бошқа томондан, миллий валютадаги депозитлар бўйича фоиз ставкалари жозибадорлиги ошиб бораётганини кўрсатади.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0