Клиника қачон ишга тушади?
Бугун Андижонда қайси даврада тиббиёт мавзусидан сўз очилса, албатта, бир савол ўртага ташланади: «Клиника қачон ишга тушаркин?». Бу гап қарийб беш йилдан буён реконструкция ишлари якунланмаётган йирик муассаса - Андижон давлат тиббиёт институти клиникасига тааллуқли.
Фарғона водийсида яшовчилар яхши билишадики, 1975 йилда қуриб битказилган 650 ўринли ушбу даргоҳда йигирмата бўлимда беморларга юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатган. Мингдан зиёд тиббиёт ходимлари меҳнат қиладиган муассасага бир йилда 90 мингга яқин фуқаро мурожаат этар, ўртача 30 мингдан ортиқ бемор стационар шароитда даволанарди.
Институт ва унинг клиникаси нуфузини халқаро даражага кўтариш мақсадида 2021 йил 25 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг «Андижон давлат тиббиёт институти ва унинг клиникаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, устувор ваазифалар белгиланди. Унда Андижон вилояти ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги, буюртмачи ва бош пудрат ташкилоти билан биргаликда объектнинг қурилиш-монтаж ҳамда жиҳозлаш ишларини 2022 йил якунига қадар тўлиқ якунлаши ҳамда фойдаланишга топширилишини таъминлаши кўзда тутилди. Бироқ орадан бир неча йил ўтса-да, клиниканинг очилиши ортга сурилаверди. Ҳолбуки, 2021-2024 йилларда қурилиш-реконструкция ишларига бюджет маблағлари ҳисобидан 196,4 миллиард сўмлик маблағ йўналтирилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 18 ноябрдаги тегишли қарорига биноан эса, 2025 йилдан реконструкция ишлари Андижон давлат тиббиёт институти маблағлари ҳисобидан олиб борилиши кўзда тутилган. Расмий маълумотларга кўра, шу мақсадда 80 миллиард сўм ажратилган.
Ушбу масала ўтган йил август ойида вилоят маҳаллий матбуотида ҳам ёритилган, жумладан, юқоридаги савол билан институт раҳбариятига мурожаат қилинган. Бунга жавобан клиника биноси 2025 йил якунига қадар фойдаланишга топширилиши айтилган. Аммо, мана, 2026 йилнинг биринчи ойи поёнига етяптики, объект ишга тушишидан ҳали-ҳамон дарак йўқ.
Бугун клиниканинг бўлимлари Андижон шаҳридаги 7 та ҳамда Андижон туманидаги 1 та даволаш-профилактика муассасаси биноларида ишлаяпти. Тиббий хизмат сифати ва шарт-шароитлари билан унча-мунча санаторийдан қолишмайдиган бальнеология бўлими фаолияти эса тўхтатилган. Бўлимларнинг тарқоқ ҳолатдаги фаолияти, бешинчи йилдирки, турли соҳа мутахассисларининг доимий мулоқотларига, беморларни даволаш борасида мунтазам равишда ўзаро маслаҳат йиғинлари – консилиумлар ўтказишларига имкон бермаётир. Қолаверса, талабалар амалиёти борасида ҳам қатор ноқулайликлар юзага келаётир.
Институт матбуот хизматининг айтишича, объект жорий йил апрель ойида фойдаланишга топширилиши кутиляпти. Бироқ беш йиллик жараёнлар хулосасига таянилса, бу гапга ишонч йўқ.
Хуллас, вазирликка савол шу: Андижон аҳли ва минглаб тиббиёт ходимлари маҳтал бўлиб кутаётган клиника қачон қайтадан ишга туширилади?
Нурилло НЎЪМОНОВ
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0