“Ўлим овқатлари” Соғлиғимизга туғдираётган хавф
Бугунги кунда супермаркетларга кирсангиз, ялтироқ қутилар, ёрқин рангли пакетлар, турли кўринишдаги газли ва сунъий ичимликлар кўзга яққол ташланади. Бир қарашда бу манзара тўкинлик ва фаровонлик тимсолидай туюлиши мумкин. Аммо чуқурроқ мулоҳаза қилсак, бу “тўкинлик” ортида одамлар саломатлигига бўлаётган кўзга кўринмас таҳликани англаш қийин эмас. Сабаби маҳсулотларнинг кўпчилиги аслида аста-секин ўлимга олиб борувчи егуликлардир.
Маълумотларга кўра, юртимиздаги ёши катта инсонларнинг ҳар бешинчиси ортиқча вазн билан курашаяпти. Рўйхатда турувчи қандли диабет касаллиги билан оғриганлар сони 300 минг нафардан ошиб кетган. Юрак-қон томир хасталиклари, ошқозон, жигар муаммолари, ҳатто асабийлик – буларнинг бари нафақат ҳаёт тарзи, балки овқатланиш маданияти билан ҳам чамбарчас боғлиқ.
Ачинарлиси, бу хатарга болалар ҳам йўлиқяпти. Фарзандларимиз дўконлардан чупа-чупс, живачка ёки сунъий шарбатсиз чиқмайди. Мактаб ёнидаги шаҳобчалардаги чипс ва газли ичимликлар ўқувчилар кундалик таомномасининг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Сунъий таъм ва рангларга ўрганган бу авлоддан эртанги соғлом жамиятни кутиш мумкинми?
Бир қарашда барча айбни дўкончилар ёки ишлаб чиқарувчилар зиммасига юклаш осон. Аммо бозор иқтисодиётида талаб бўлмаган жойда таклиф ҳам бўлмайди. Агар одамлар асал, қуруқ ёки ҳўл мева, табиий сут-қатиқ, ўзимизда етиштирилган маҳсулотларга талаб қўйса, сотувчи уларни кўпайтиришга мажбур бўлади. Аммо биз ўзимиз кўпинча ялтироқ, қутилардаги тезкор газакларни танлаймиз. Натижада магазинлар ҳам сунъий нарсалар билан тўлиб тошади.
Япония, Германия, Франция сингари ривожланган мамлакатлар супермаркетларига кирсангиз, кўзга тез ташланадиган жойларда сабзавот, мева, янги пиширилган маҳаллий маҳсулотлар, гўшт ва балиқ маҳсулотлари туради. Газли ичимликлар чеккада ва аниқ маркировка билан жойлаштирилади. Ҳар бир маҳсулот қадоғида калория, қўшимча моддалар ва уларнинг саломатликка таъсири ҳақида аниқ маълумотлар бўлади.
Бизда эса аксинча. Энг зарарли маҳсулотлар марказда, шундоққина кўз олдимизда бўлади, энг фойдалилари эса гўёки кераксиздай бурчакда жлйлаштирилади. Кўчалардаги умумий овқатланиш шохобчаларига ҳам назар ташласак, фаст фуд егуликларининг муваффақияти бизнинг овқатаниш маданиятимиз ҳақида қайғули хулоса чиқаришга мажбур қилади.
Ҳар қадамда гамбургер, чизбургер, картошка фри, хот-дог, пицца... ва шулардан атиги бир неча метр узоқликда дорихона жойлашган. Бу тасодифми? Албатта йўқ. Соғлиғимизга эътиборсизлигимиз оқибатида шундай “уйғунлик” пайдо бўлди. Биз тез, мазали, лекин зарарли овқатларни истеъмол қиламиз ва натижада фақат танада эмас, руҳиятда ҳам оғирлик ҳис этамиз.
Масалан, Бухорода юзлаб ошхона, кафе, ресторанлар бор. Лекин фақатгина соғлом овқат тайёрлайдиган, калория ва балансли овқатланишга эътибор қаратилган шохобчалар сони ниҳоятда кам. Бу эса жамиятнинг умумий савиясини, талаб даражасини намоён этади.
Кўпчилик бир шиша газли ичимлик ёки бир пакет чипсни “оддий нарса” деб билади. Аслида бу ичимликларнинг бир шишаси ўзида 6-7 ош қошиқ шакарни сақлайди. Бир кеча-кундузда икки шишадан ичсангиз, организмингиз бир ҳафтага етарли шакарни қабул қилади. Натижа эса маълум: ортиқча вазн, диабет, юрак-қон томир касалликлари… Умуман, буларниг бари эртанги кун учун экилган касаллик уруғидир. Ҳар куни истеъмол қилаётган гамбургер, чокотелла ёки шакарли “энергетик”лар соғлиғимизни сустлаштириб, танамизни заифлаштиради. Уларнинг баъзиларида ҳатто хавфли моддалар ҳам борлиги илмий исботланган.
Хорижда, айниқса АҚШда фаст фудлар “junk food” – яъни “ахлат овқат” деб аталиши бекорга эмас. Айрим тадқиқотчилар эса бу турдаги егуликларни “ўлим овқати” деб аташни ҳам таклиф қилган. Супермаркет ёки дўконда танлаётган маҳсулот бу – шунчаки егулик эмас. Бу – ҳаётимизнинг сифатига таъсир қилувчи муҳим омил. Ҳар бир таом ё шифо, ё заҳарга айланиши мумкинлигини унутмайлик. Зеро, соғлом ҳаёт – соғлом овқатдан бошланади.
Дилдора ИБРОҲИМОВА,
“ISHONCH”
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0