Масъуллар Худойзод маҳалласидаги ҳолатни ўрганибди
"Ishonch.uz"да "Ёғингарчилик бўлди дегунча, кўчамиз сувга тўлади" сарлавҳаси остида Қарши шаҳри Худойзод маҳалласидаги аҳолининг мурожаати эълон қилинган эди.
Унда кўчалардан бирида ёмғир ва қор ёғган пайтларда сув тўпланиб қолаётгани, мазкур ҳолат автомобиллар қатнови, пиёдалар ҳамда айниқса ўқувчилар учун қийинчилик туғдираётгани акс этган эди.
Мазкур ҳолат бўйича Қарши шаҳар ҳокимлиги муносабат берди.
Муносабатда келтирилишича, Қарши шаҳар ҳокимининг ўринбосари Фахриддин Дўстмуродов, шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси, Қарши шаҳар сув таъминоти бўлими ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддилари иштирокида мурожаат аҳоли вакиллари билан биргаликда жойига чиқиб ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида кўчанинг ушбу қисми нисбатан чуқур бўлгани ва сув чиқиб кетиш учун етарли йўл мавжуд эмаслиги сабабли ёғингарчилик пайтида сув тўпланиб қолиши аниқланган. Дастлаб махсус техникалар ёрдамида тўпланиб қолган сув чиқариб юборилди.
Шунингдек, келгусида мазкур ҳолат такрорланишининг олдини олиш мақсадида йўл остидан кўчанинг қарама-қарши томонига қувур ўтказиш ҳамда сувни зовурга йўналтириш орқали муаммони бартараф этиш бўйича техник ечим белгиланди. Ушбу ишларни яқин кунларда бошлаш юзасидан келишувга эришилди.
Мазкур масала шаҳар мутасадди ташкилотлари томонидан назоратга олинган бўлиб, амалга ошириладиган ишлар натижаси бўйича қўшимча маълумот берилади, дейилади шаҳар ҳокимлиги мурожаатида.
Баҳодир ҲАЛИМОВ,
"Ishonch.uz"




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0