Мавзуга қайтиб: Давомат масаласида ким ҳақ?
Жорий йилнинг 7 февраль куни “Ishonch.uz” интернет нашрида “Ўқувчиларнинг 10 фоизи ҳам мактабга келмаган” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда Чироқчи туманидаги 81-умумтаълим мактабидаги давомат қониқарсиз аҳволда экани хусусида сўз юритилган, исботи сифатида ҳолат акс этган фотолар мисол келтирилган эди. Чироқчи тумани ҳокими лавозимига тайинланганига бир неча кун бўлган Баҳодир Худойқулов қўнғироқ қилиб, танқидий мақола эълон қилинганидан сўнг шахсан ўзи 81-умумтаълим мактабига боргани, мактабда қатор камчиликлар кўзга ташлангани, ҳолат юзасидан тезкор ишчи гуруҳи тузилганини билдириб, кейинчалик аниқланган камчиликлар ва кўрилган чора-тадбирлар, эришилган натижалар юзасидан ҳамкорликда мақола тайёрлаш таклифи билан чиқди. Биз эса ишчи гуруҳнинг ўрганиш ишлари тугашини кутдик. Белгиланган 2 ҳафта ҳам ўтди. Хўш, нималар маълум бўлди?
Директорга 20, ўринбосарларига 25 фоиздан жарима
– Жорий йилнинг 7 февраль куни “Ishonch.uz” интернет нашрида туманимиздаги 81-сонли умумий ўрта таълим мактабида давомат пастлиги ва дарс машғулотлари етарли даражада олиб борилмагани тўғрисидаги танқидий материал юзасидан туман ҳокимлиги томонидан тезкор ишчи гуруҳи тузилиб, ушбу муассасада дарс машғулотларини ташкил этиш, ўқувчиларнинг давомати билан шуғулланиш ва таълим сифатини ошириш бўйича тўлиқ ўрганишлар олиб борилди, – дейди Чироқчи туман ҳокимининг ўринбосари Заҳриддин Қамбаров. – Ўрганишлар натижасида, мактаб директори Жаҳонгир Нурманов томонидан ички меҳнат тартиб-қоидаларига тўлиқ риоя этилмагани, мансаб йўриқномасида белгиланган хизмат вазифаларини бажаришда масъулиятсизликка йўл қўйилгани оқибатида айрим хато ва камчиликлар аниқланди. Хусусан, таълим муассасасида ўқувчилар давомати паст даражада эканлиги, дарс машғулотларига қамров етарли эмаслиги маълум бўлди. Ҳолат юзасидан амалдаги меҳнат қонунчилиги ва ички интизом талаблари асосида мактаб маъмуриятига интизомий чоралар кўриш учун туман прокуратураси томонидан вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига тақдимнома киритилди. Натижада мактаб директори Жаҳонгир Нурмановга ўртача ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида интизомий жарима белгиланди. Шунингдек, директор ўринбосарларига хизмат вазифаларини лозим даражада ташкил этмагани ҳамда назоратни етарли олиб бормагани сабабли ўртача ойлик иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида интизомий жарима чораси қўлланилди.
Давомат юқори кўрсаткичга етказилди
Ҳоким ўринбосари, ишчи гуруҳи раҳбари Заҳриддин Қамбаровнинг таъкидлашича, камчиликларни бартараф этиш мақсадида мактабда аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Ота-оналар билан тушунтириш ишлари кучайтирилган, маҳалла раиси, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори ва синф раҳбарлари ҳамкорлигида хонадонбай ўрганишлар амалга оширилиб, профилактик суҳбатлар ташкил этилган. Натижада ўқувчиларнинг дарс машғулотларига иштироки деярли таъминланиб, ўтган икки ҳафта давомида давомат кўрсаткичи 94 фоиздан юқори даражага етказилган.
Мактаб ўқитувчилари ҳам ўқитилмоқда
– Шу билан бирга, таълим сифатига алоҳида эътибор қаратилиб, тумандаги тажрибали ментор ўқитувчилар томонидан мазкур мактаб педагоглари учун ҳафтада бир кун методик ёрдам ва амалий тренинглар ўтказиш ишлари бошланди, – дейди туман ҳокимининг ўринбосари Заҳриддин Қамбаров. – Дарс жараёнини замонавий педагогик технологиялар асосида ташкил этиш, баҳолаш тизимини такомиллаштириш ҳамда ўқувчилар билимини рўёбга чиқариш бўйича аниқ тавсиялар берилмоқда. Қолаверса, бундан кейин мактаб ўқитувчиларининг ўз устида ишлаши, касбий маҳоратини ошириши, малака тоифа имтиҳонларида фаол иштирок этишига алоҳида эътибор қаратилади. Натижада педагогларнинг касбий салоҳияти юксалиб, таълим сифати ва ўқувчиларнинг фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичларида ижобий ўсишга эришиш режалаштирилмоқда.
Назорат доимий давом этади
Мамлакатимизда умумий ўрта таълим мажбурий экани қонунлар билан мустаҳкамлаб қўйилган. Шундай экан, ота-оналар боласини сабабсиз дарс машғулотларидан олиб қолиши, ўқитувчилар эса ўқувчиларни назоратсиз қолдириши жавобгарликка сабаб бўлади.
– Келгусида таълим муассасасида ижро интизомини мустаҳкамлаш, раҳбар ва масъул ходимларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш, таълим сифатини тизимли равишда яхшилаб бориш юзасидан назорат тадбирлари давом эттирилади. Мазкур масала доимий назоратга олинганлигини маълум қиламиз, – дейди туман ҳокимининг ўринбосари Заҳриддин Қамбаров.
Раддияни эълон қилдик, лекин асл ҳолат биз ёзганимиздай бўлиб чиқди
Шуниси қизиқки, сайтда материал эълон қилинган куннинг ўзида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маъмурияти бизга “бундай бўлмаган” қабилида раддия юборди. Очиғи, туман ҳокимидан олинган жавобдан кўнглимиз хотиржамлиги учун уни эълон қилдик, тортишмадик. Аммо вақт ҳакам. Кўриб турибмизки, муаммони ҳаспўшлаш унинг ҳал этилиши сари йўл эмас, балки кимнингдир камчилигини кўрсатмасликдангина иборат. Бундан эса ким ютади? Ўқувчими, таълимми, муаммоми? Ҳеч бириси! Ишонамизки, ҳурматли устозларимиз бундан буён масалаларга виждон амри, ҳақиқат мезонлари асосида ёндашишга ўтишади. Ахир уятга қолишди-ку... Нима дейсиз?
Шу ўринда, эълон қилинган танқидий мақоладаги ҳолатларни хас-пўшлаб, турли важлар билан “ёпди-ёпди” қилишга уринмагани, аксинча унинг холис ва ҳаққоний ёритилганини тан олиб, мавжуд ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини олиб борган ва 81-мактабдаги вазиятни барқарорлаштириш учун амалий ҳаракатлар бошлаган, матбуот ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда очиқлик сиёсатини танлаган Чироқчи туман ҳокимлигининг саъй-ҳаракатларини эътироф этиш жоиз.
Баҳодир ҲАЛИМОВ,
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0