Миллат келажагига қарши ўйинлар — Шерзодхон Қудратхўжа “1 август” кирдикорларини хотирлади
Яқин-яқингача 1 август келса, барчанинг юраги така-пука бўларди. Азим кент пойтахтимизда шу куни гўёки ҳаёт тўхтагандек бўларди.
Шаҳар ҳар тарафлама ёпиларди, эрта тонгдан уяли алоқа воситалари деярли ўчиларди. Интернет “ўларди”. Устига-устак оддий одамларни юрагини ларзага солишга бўлса керак, кўчаларга оғир зирҳли ҳарбий махсус техника ва қора ниқобли аскарларнинг автомат кўтариб юришлари гўёки террорчилар таҳдиди борлигидек туюларди, астағфируллоҳ. Туни билан чекка туман ва олис қишлоқлардан келган абитуриентлар ўз давлатининг севимли пойтахти эмас, ўзга юртнинг қаҳри қаттиқ имтиҳон полигонига келиб қолгандек ҳис қилишарди бамисоли, барчага ҳам нафас олиш оғирлашарди ҳатто...
Шу билан бирга, бу санани бир йил тиш тирноғи билан кутадиган баъзи бир учарларнинг куни эди. Яъни картошка пишиқчилиги ёки ҳосил байрами, деб аталарди. Кимлар учун хурсандчилик, яна кимлар учун аламли кун бўлар эди. Бир неча йиллар мобайнида олий таълимдаги қабул жараёнларидаги ноҳақликлар, турли “ўйин”ларни гўёки барчамиз билар эдигу, аммо ҳеч қаерда лом-мим дея олмасдик.
Энг ачинарлиси, катта ҳаётга катта умидлар билан қадам қўяётган ёшлар бу ноҳақликларни кўриб, шу босқичдан ўтишга мажбур эканликлари таълимдаги фожиамиз эди. Энг ачинарлиси, кўчадаги кўз-кўз қилинаётган шовқинли хушёрликдан фарқли равишда ОТМ ҳудудидаги сокин “бункерлар”да барчанинг тақдири ҳал бўларди. Олдиндан “салом-алик” қилганлар иши беш, улар бюджетга илиниши учун баланд баллар қўйиларди. Аммо бунинг оқибатида ўқиган, билимга чанқоқ ёшлар баллари сунъий тушиб кетарди. Ўқишга кира олмаган қора кўзларимиз ичкарида иш тополмай ўзга юртларда қора ишларда кетишга мажбур бўлишарди ва бунинг асоратлари ҳали-ханузгача сезилади.
1 август куни олий ўқув юртларига ўқишга киритиш учун “катта армиянинг тўлиқ таркиби” ишлар эди. Ректор рўйхати алохида гуруҳлар шакллантирилар эди. Булар учун барчаси VIP, кейингиси бункерлар тизимнинг энг асосий оғир артелерияси, яъни фанлар блогининг ўқитувчилари жамланган хона, ўқитувчилар бир кун олдин бу хонага барча шароитларини ҳал қилиб, мухрлаб қулфланиб қўйилар эди. Бункерга ишни етказишда фаол иштирок этувчилар — махсус етказувчилар тест маркази бино бошлиғи, қаватлар раҳбарлари, назоратчи ўқитувчилар ҳамда университет ходимлари. Жараёнлар эса турли хил усуллар орқали бошқариларди. Қайсидир аудиториянинг тартиб рақамлари охирги парталарга жойлаштириларди. Бир хил рангдаги кийимлардан, дастрўмоллардан ёки тест варақасида хатолар мавжудлигидан фойдаланган ҳолда ишлар олиб чиқилиб, бункерга етказилиб, ишлаб қайтиб олиб кириб берилар эди.
Бу жараён 2015-2016 йилларда ўзининг энг юқори чўққиларга чиққан пайтлари эди, деярли 80-90 фоиз ишлар бункерларда амалга оширилган. Қолган учарлар эса шпаргалга, телефон ёки кузатувчи мақомида кириб бўлмаганда битта блокни ишлаб чиқиб кетишарди. Яна бир қўл келадиган усул — бу “паравоз”лар эди. Ақлли калла атрофида уч тўрт нафар абитуриентни бирлаштириш, бунда ҳам албатта, тартиб рақамлари ёнма-ён қилиб ёпиштириларди. Тасаввур қилинг, 1 августнинг ўзида қанча механизмлар ишлатилар эди.
Нимага эришдик, ёшларимизга адолатни кўрсатдикми? Билимли ёшлар қолиб билимсизларга йўл очдик, табиийки қабул квотаси ҳам сунъий равишда оширилмай, 2016 йилгача 9 фоизлик кўрсаткичда ушлаб турилди. Бунинг натижасида жуда кўплаб ёшларимиз Ўзбекистонни тарк этишди. Олий таълим тизимига бўлган ишонч йўқолиб борди.
Бугун эса бундай ҳолатлар йўқ. “1 август” ўз қадрини йўқотган. 2017 йилдан бошлаб, олий таълим муассасаларига қабул жараёнлари тубдан ислоҳ қилинди. Ўтган етти йил мобайнида ёшларнинг олий таълимга қамраб олиш ҳам 9 фоиздан 43 фоизга етказилгани ҳамда қабул жараёнларидаги турли ноҳақликларга барҳам берилгани, бугунги кунимизнинг ёрқин воқеликларидан бири десак, адашмаймиз. Мавжуд 67 ОТМ сони 215 етди.
Бу йилги қабул жараёнларидаги ўзгаришлар ҳам, энг аввало, таълим сифатининг ошишига туртки бўлади. Чунки абитуриентлар олдида танлов мавжуд, ҳар бир юқори балл тўплаган абитуриент, энг аввало, таълим сифати ҳамда техник базаси юқори бўлган олий таълим муассасасини танлаши табиий. Бу эса, ўз навбатида, олий таълим муассасаларининг таълим сифатини оширишга қаратилган ҳақиқий пойгасидан далолат беради. Рақобат ва энг муҳими адолат ва ҳалоллик пайдо бўлаётганидан яққол даракдир!
Шерзодхон Қудратхўжа,
Журналистика ва оммавий коммуникациялар
университети ректори
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0