Инқирозлар даври ва Ўзбекистон ташқи сиёсатининг янги мантиғи
Бугун, ҳатто, айрим профессионал дипломатлар ҳам БМТни ўта катта, жуда қиммат, аммо самарадорлиги паст тузилма, деб баҳоламоқда. Ҳақиқатан ҳам, БМТ дастурлари йилига тахминан 66-68 миллиард доллар талаб қилади. Фақат Котибиятнинг ўртача йиллик бюджети 8,83 миллиард долларга тенг. Бироқ инсоният олдида турган асосий муаммоларни ҳал этишда унинг таъсири деярли сезилмаяпти.
Дунё тақдири тобора ташвишли тус олаётган замонда яшаяпмиз. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида «Ҳозирги кунда дунёда халқаро институтларнинг ўрни ва роли заифлашмоқда, қарама-қаршилик, низо ва урушлар кучаймоқда, технологик ва ижтимоий тенгсизлик кескин ошмоқда, иқтисодий ва гуманитар инқирозлар ортиб бормоқда. Буларнинг ҳаммаси мутлақо янги, хавотирли геосиёсий воқеликни вужудга келтирмоқда», деган эди.
Шу боис ҳозирги халқаро вазиятда дунёдаги кескин инқироз омиллари, кўринишлари ва оқибатларини таҳлил қилиш нафақат назарий, балки амалий жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга. Глобал ривожланишнинг бугунги босқичида Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари, тамойиллари ва амал қилиш механизмларини аниқлаштириб олиш дипломатиямиз ва экспертлар ҳамжамияти олдида турган долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Сўнгги пайтларда экспертлар тилидан «polycrisis», яъни кўп инқирозли ҳолат деган янги атама тушмаяпти. Бу бир вақтнинг ўзида бир нечта оғир ва ўзаро боғлиқ инқирозлар деганидир.
Дарҳақиқат, бугун инсоният геосиёсий зиддиятлар, қонли урушлар, иқтисодий парчаланиш, атроф-муҳитнинг кескин ёмонлашуви, қочоқлар оқими, ноқонуний миграция босими ва пандемия каби ўта оғир муаммоларга дуч келмоқда. Халқаро муносабатларда беқарорлик, ўзаро ишончсизлик, етакчи куч марказлари ўртасидаги қарама-қаршилик тобора кучайиб бормоқда. Энг хавфлиси, давлатлараро муносабатларда куч ишлатишга мойиллик ортаётганидир.
2025 йилда глобал ҳарбий харажатлар 2,63 триллион АҚШ долларини ташкил этди. Шундан 997 миллиард доллари АҚШ ҳиссасига тўғри келади. Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳам ҳарбий харажатларни кескин кўпайтириб, уларнинг ҳажмини 452 миллиард долларга етказди. Бошқа йирик давлатлар ҳам қуролланишга йўналтирилаётган маблағларни муттасил оширмоқда. Бу «совуқ уруш» тугаганидан сўнг кузатилган энг кескин ўсиш бўлди. Ушбу тенденция сўнгги ўн йил давомида узлуксиз давом этиб келмоқда.
Айни пайтда дунёда 839 миллион киши ўта қашшоқликда яшайди. Тахминан 318 миллион киши доимий уй-жойга эга эмас. Қарийб 2,8 миллиард кишида, яъни инсониятнинг учдан бир қисмидан ортиғида муносиб уй-жой шароити ҳам йўқ.
Барча соҳаларда рақобат кучайган. Қолаверса, турмуш даражасидаги тенгсизлик ва тафовут ҳам тобора ортиб боряпти. Трансмиллий таҳдидларнинг тинчлик ва барқарорликка таъсирини яққолроқ сеза бошладик. Экологик таназзул ва Ер сайёрасидаги атроф-муҳит муаммолари глобал барқарор ривожланиш истиқболларига путур етказиб, ҳозирги ва келажак авлодлар тақдирига жиддий таҳдид соляпти.
Давомли қонли урушлар, мисли кўрилмаган иқтисодий санкциялар, халқаро савдо тўсиқлари, оммавий қочоқлар оқими ва мажбурий миграция каби инқирозларнинг охири кўринмаяпти. Менимча, буларнинг барчаси чуқур глобал инқирознинг турли кўринишларидир, холос. Уларнинг илдизи бир: халқаро муносабатларнинг аввалги архитектураси емирилмоқда ва жаҳон сиёсати ҳали аниқ шаклланиб улгурмаган янги моделга ўтиш босқичида турибди. Бошқача айтганда, бугунги уруш ва можаролар Иккинчи жаҳон урушидан кейин вужудга келган халқаро тизим, қоидалар, институтлар ва меъёрлар емирилиши билан боғлиқ янада кенгроқ инқироз аломатларидир.
Жаҳон сиёсатида пухта ўйланган ислоҳотлар ўрнига йиллар давомида шаклланган институтлар, иттифоқлар ва меъёрларни писанд қилмаслик руҳи кучайиб боряпти. Энг ачинарлиси, кўп ҳолларда бузиб ташланаётган эски тизим ўрнида нималар пайдо бўлиши ҳақида аниқ жавоб йўқ.
Бундай ачинарли вазиятни сўнгги йилларда давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга қаратилган уринишлар «корпоратив бошқарув» тамойилларини давлат тизимига олиб киргани, бизнес элиталари ҳукумат тузилмаларига жалб қилингани билан изоҳлаш мумкин. Бу Жозеф Шумпетернинг «бунёдкорона вайрон қилиш» назариясининг бошқарув психологиясига кириб келишига ҳам замин яратди.
Глобал хавфсизлик архитектураси ва халқаро иқтисодиётдаги кескинликлар АҚШнинг ҳозирги маъмурияти Оқ уйга келгач, янада кучайди. Маълумки, ўнлаб йиллар давомида АҚШ урушдан кейинги халқаро муносабатлар тизимини қуришда етакчи мавқе эгаллаб келган эди. Бу тизим кўп томонлама халқаро институтлар ва халқаро ҳуқуқни мустаҳкамлаш, очиқ иқтисодий тизим ва эркин халқаро савдони ривожлантириш, либерал-демократик қадриятлар ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби уч асосий мақсадга таянарди.
2026 йили Мюнхенда бўлиб ўтган хавфсизлик конференциясида глобал хавфсизлик архитектураси «вайрон қилинаётгани» алоҳида таъкидланди. Ҳисоботларга кўра, тизимни батамом қайта қуриш тобора самарали ёндашув сифатида қабул қилинмоқда, халқаро институтлар эса ҳаддан ташқари бюрократик ва ўзгаришга мослаша олмайдиган тузилмалар, деб баҳоланмоқда.
Айтиш керакки, бу ёндашув ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ. У айрим шахсларнинг субъектив фикри ҳам эмас. «Дунёни қайта қуриш» ҳақидаги қарашлар давлатчилик институтлари ва халқаро ташкилотларга нисбатан кенг жамоатчилик орасида кучайиб бораётган ишончсизлик ва норозиликка асосланади. Кўплаб мамлакатларда 1945 йилдан сўнг ўрнатилган дунё тартибининг асосий тамойилларига нисбатан салбий муносабат кучаймоқда. Ушбу тартибнинг замонавий воқеликка мослаша олишига шубҳалар ҳам ортиб бормоқда.
БМТ фаолиятига берилаётган баҳоларда ана шу кайфият яққол акс этиб турибди. Тўғри, БМТ ҳали ҳам глобал даражада эътироф этилган ягона универсал майдон сифатида кўриляпти. Лекин ташкилот ҳаддан ташқари бюрократик, қарор қабул қилишда суст ва замонавий геосиёсий воқеликни етарли даражада акс эттира олмайди, деган танқидлар кучайган. БМТ ташкил этилган даврда инсоният уни баҳс-мунозара майдони эмас, балки дунё миқёсидаги бошқарув механизми ёки камида жаҳон парламенти сифатида тасаввур қилган эди. Аммо вақт ўтиши билан бу умидлар пучга чиқди.
Бугун, ҳатто, айрим профессионал дипломатлар ҳам БМТни ўта катта, жуда қиммат, аммо самарадорлиги паст тузилма, деб баҳоламоқда. Ҳақиқатан ҳам, БМТ дастурлари йилига тахминан 66-68 миллиард доллар талаб қилади. Фақат Котибиятнинг ўртача йиллик бюджети 8,83 миллиард долларга тенг. Бироқ инсоният олдида турган асосий муаммоларни ҳал этишда унинг таъсири деярли сезилмаяпти.
Бундан ташқари, ташкилот ҳозирги дунё мувозанатини тўлиқ акс эттирмайди. Масалан, Япония АҚШдан кейин БМТ бюджетига энг катта ҳисса қўшаётган давлатлардан бири бўлиб, қарийб 10 фоизни таъминлайди, лекин Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси эмас. Германия ҳам шундай. У ҳам катта маблағ қўшади, аммо Кенгашда доимий аъзоликка эга эмас. Дунёда аҳолиси энг кўп бўлган Ҳиндистон Хавфсизлик Кенгаши аъзолари сонини ошириш ғоясини илгари сурмоқда.
Натижада кўп томонлама дипломатия самарадорлигига бўлган ишонч борган сари камаймоқда. Айрим етакчи таҳлилчилар келажакдаги тартиб институтларга эмас, раҳбарлар ўртасидаги шахсий келишувларга таянади, деган фикрда. Сўнгги пайтларда халқаро сиёсатнинг тобора шахсийлашиб бораётгани, келишувлар эса кўпроқ вазиятга қараб тузилаётганини кўряпмиз. Дунё кучли раҳбарлар ўртасидаги тезкор келишувлар орқали шаклланадиган модель сари юзланмоқда. Бу эса хавфсизлик қонун устуворлиги бир четда қолиб, кучли иштирокчиларнинг шахсий ёндашувига боғлиқ бўладиган тизимга қайтаётганини англатади. Бундай жараён халқаро муҳитни янада ўзгарувчан, олдиндан башорат қилиш қийин ва тенгсиз қилиб қўйиши шубҳасиз.
Парчаланиш замонавий дунёнинг яна бир кучли тенденциясидир. Европанинг етакчи сиёсатчилари фикрича, ҳозирги жараён трансатлантик бирликнинг емирилишига олиб келмоқда. Европа АҚШ билан аввалги стратегик иттифоққа тўлиқ таяна олмайдиган даврга кириб бормоқда ва мустақил сиёсат юритишга мажбур бўлмоқда. «НАТО 3.0» концепцияси, яъни АҚШнинг фаол етакчилигисиз альянс ҳақидаги ғоя шу янги шароитга институционал жавоб сифатида кўрилмоқда.
Кўп йиллик иттифоқлар заифлашаётгани Гренландия атрофидаги инқирозда, айниқса, Эрондаги уруш пайтида янада яққол кўзга ташланиб қолди.
Бу эса дунёда ўзаро боғлиқлик камаймаган бўлса-да, ишонч ва ўзаро тушуниш анча сусайди, деган хулосага етаклайди. Бу – жуда хавфли ҳолат.
Яна бир муҳим хулоса шуки, ҳозирги жараёнлар Иккинчи жаҳон урушидан сўнг вужудга келган халқаро муносабатлар тизими даври тугаб бораётганини кўрсатади. Дунё узоқ давом этадиган ўтиш даврига кирмоқда. Бу даврда глобал хавфсизлик, иқтисодий ўзаро боғлиқлик ва технологик бошқарувнинг янги архитектураси аста-секин шаклланади. Муаммо шундаки, мазкур жараён келишувларсиз, қонун-қоидаларсиз ҳамда кучли қарама-қаршиликлар билан кечмоқда.
Қаршимизда эса халқаро муносабатларнинг янги парадигмасини шакллантирадиган ғоят узоқ ва мушкул жараён турибди.
Марказий Осиё дунёдан узилиб қолмаган. Шунинг учун глобал инқирозлар бу ердаги барқарор ривожланишга ҳам салбий таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Бундан ташқари, жаҳон сиёсатидаги инқироз Марказий Осиё мамлакатлари модернизацияси, иқтисодий ва ижтимоий тараққиёти истиқболларига ҳам бевосита таъсир кўрсатади. Геосиёсий ва иқтисодий рақобатнинг кучайиши инсон тараққиёти, атроф-муҳит, энергия хавфсизлиги, озиқ-овқат таъминоти, сув ресурсларини бошқариш, соғлиқни сақлаш ҳамда транспорт алоқалари каби соҳалардаги имкониятларни чеклаяпти.
Шу билан бирга, бугунги Марказий Осиёга назар ташласак, дунёдаги умумий манзарадан фарқ қилувчи ҳолатнинг гувоҳига айланамиз. Глобал кўп томонлама ҳамкорлик заифлашаётган бир пайтда, минтақамизда амалий ҳамкорлик ва муштарак бунёдкорлик тобора мустаҳкамланмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган минтақавий ёндашувнинг мазмуни оддий: девор эмас, кўприк қуриш керак. Ҳеч бир мамлакат ўз табиий бойликларидан якка ҳолда тўлиқ фойдалана олмайди. Бу қўшнилар билан ҳамкорликни талаб этади. Шунингдек, трансмиллий таҳдидлар, транспорт боғлиқлиги, экология, энергетика каби муаммолар ҳам фақат кўп томонлама ҳамкорлик орқали ҳал этилади. Парчаланиб бораётган дунёда минтақа кўп томонлама ҳамкорликнинг янги драйверига айланиши зарур.
Глобаллашув дунё тараққиётининг асосий тенденцияси бўлиб қолмоқда. Айримлар айтаётган антиглобализацияни тасаввур қилиш анча қийин. Чунки халқаро савдони, меҳнат тақсимотини, халқаро миграцияни ёки ахборот оқимини тўхтатиб бўлмайди. Шу кенг тенденция доирасида халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш табиий жараён ҳисобланади. Бунинг биринчи қадами эса минтақавий алоқаларни мустаҳкамлашдир. Минтақалашув глобаллашувнинг табиий қисми бўлиб, бу жараённинг ортга қайтмас тус олаётганини кўрсатади.
Минтақавий ҳамкорликнинг илк шарти – аниқ мақсад ва сезиладиган фойда. Бу чинакам ва ихтиёрий ҳамкорлик асосидир.
Иккинчи шарт шуки, давлатлар ўз ваколатларининг маълум қисмини минтақавий тузилмаларга беришга тайёр бўлиши керак. Бу осон эмас, лекин бошқа йўли ҳам йўқ.
Учинчи муҳим омил давлатлар, жамиятлар ва иқтисодий тизимлар ўртасидаги умумий тамойиллар ва қадриятлардир. Марказий Осиёда аста-секин янги «минтақавий ўзлик» шаклланмоқда. Бу эса ҳамкорликнинг муҳим пойдеворидир.
Ўзбекистон учун Марказий Осиёнинг сўнгги йиллардаги ривожи мустақил, кўп йўналишли ва фаол ташқи сиёсат нақадар долзарб эканини яна бир бор тасдиқламоқда.
Бугун минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш нафат сиёсий мақсад, балки стратегик зарурат ҳамдир. Сўнгги саккиз йил ичида Марказий Осиё давлатларининг умумий ялпи ички маҳсулоти қарийб 2,5 баравар ўсиб, 520 миллиард долларга етди. Минтақада саноат ўсиши йилига ўртача 6 фоизни ташкил этмоқда. Бу жаҳон ўртача кўрсаткичидан икки баравар юқори. Ташқи савдо ҳажми икки баравардан кўпроқ ошди, ўзаро савдо ҳам шунчага яқин кўпайди. Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари билан савдо айланмаси эса уч бараварга ўсди.
2025 йил ноябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган еттинчи маслаҳат учрашувида Озарбайжонни ушбу форматда тўлиқ иштирокчи сифатида қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу чинакам янги геосиёсий бурилиш нуқтаси бўлди. Минтақа учун Озарбайжон Каспий орқали Европа ва Яқин Шарққа чиқиш, логистика ва энергетика нуқтаи назаридан муҳим дарвоза ҳисобланади.
Сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон Қозоғистон ва Озарбайжон билан иттифоқчилик ва стратегик шериклик муносабатларини йўлга қўйди. Бу мутлақо янги геосиёсий воқеликни шакллантирди. Бокуда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон президентлари иштирокида ўтган биринчи саммит мустаҳкам геостратегик учбурчак шаклланаётганини кўрсатди.
Ўзгариб бораётган бу манзарада Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон «ўрта қувватли давлатлар» сифатида тилга олина бошлади.
Сўнгги йилларда C5+1 формати – Марказий Осиё давлатлари билан дунёнинг етакчи куч марказлари қўшма мулоқоти анча фаоллашди.
2025 йил апрель ойида Самарқандда Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммити бўлиб ўтди. Июнь ойида Остонада иккинчи Хитой – Марказий Осиё саммити доирасида «абадий яхши қўшничилик» шартномаси имзоланди. Октябрь ойида Душанбеда Россия – Марказий Осиё иккинчи саммити бўлиб ўтди. Ноябрь ойида Вашингтонда C5+1 форматида Марказий Осиё – АҚШ саммити, декабрь ойида эса Токиода Япония – Марказий Осиё олий мулоқоти ташкил этилди.
Илгари ушбу форматларда кўпроқ умумий сиёсий баёнотлар янграган бўлса, эндиликда амалий лойиҳалар устувор аҳамият касб этмоқда. Энг муҳими, қўшма дастурларни амалга ошириш механизмлари ва молиялаштириш андозалари шакллана бошлади. Саммитлар кун тартиби ҳам анча кенгайди.
Шулардан бири – нодир минераллар масаласи. Марказий Осиё бу соҳада катта имкониятга эга. Аммо минтақа саноати ривожланган давлатлар учун фақат хомашё манбаи бўлиб қолмаслиги керак, деган андиша ҳам бор. Қўшма лойиҳалар геологик қидирувдан тортиб қазиб олиш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот чиқаришгача бўлган тўлиқ занжирни қамраб олиши лозим. Ана шундагина қўшимча қиймат минтақанинг ўзида яратилади.
Энергетика ҳам муҳим йўналишдан бири. Бу ерда асосий мақсад – энергия мувозанатини диверсификация қилиш ва анъанавий манбалардан унумлироқ фойдаланиш. «Тинч атом» ва уран мавзуси ҳам жуда катта аҳамиятга эга. Чунки Қозоғистон ва Ўзбекистон биргаликда глобал уран ишлаб чиқаришда етакчи ўринларда туради.
Боғлиқлик масаласи ҳам стратегик аҳамият касб этмоқда. Бугун «Ўрта йўлак» барқарорликни таъминлаш, таъминот занжирлари суверенитетини мустаҳкамлаш ва иқтисодиётимизни турли ташқи босимлар шароитида ҳам очиқ сақлаб қолиш масаласига айланди.
«Ўрта йўлак» Осиё ва Европа ўртасидаги муҳим кўприкка айланиши керак. Бунинг учун мавжуд тўсиқларни бартараф этиш лозим. Масалан, Каспий денгизи сув сатҳининг пасайиши жиддий муаммога айланиб боряпти. Кемалар сиғимининг тўлиқ ишлатилмаётгани, портларда кутиш муддати узайгани, ҳаракатланувчи таркиб ва паромлар етишмаслиги, айрим темир йўл қисмларида сиғимнинг чеклангани ва мувофиқлаштиришдаги камчиликлар бу йўналиш имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш имконини бермаяпти.
ЕТТБ ҳисоб-китобларига кўра,Транскаспий йўналишини модернизация қилиш учун тахминан 18,5 миллиард евро керак бўлади. Лекин бу сармоялар бесамар кетмайди. Сўнгги ўн йилда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо ҳажми 25 миллиард евродан 56 миллиард еврогача ўсди.
Хавфсизлик ҳам тобора долзарб масалага айланмоқда. Хорижий шериклар ва минтақа давлатлари ўртасида терроризмга қарши кураш, ноқонуний миграция, уюшган жиноятчилик ва тинчликка таҳдид солувчи бошқа трансмиллий хавфларга қарши ҳамкорлик фаоллашмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиёнинг ажралмас қисми бўлган Афғонистон ҳам хавфсизлик, ҳам боғлиқлик омили эканини унутмаслигимиз керак. Транс-афғон йўналишлари минтақа учун аҳолиси қарийб 2 миллиард бўлган Жанубий Осиё ва Ҳинд океани портларига чиқиш имконини беради.
Қўшма Штатлар Президенти Дональд Трамп Ўзбекистон Президентини 2026 йил Майамида бўлиб ўтадиган G20 саммитига таклиф қилгани ҳам жаҳон ҳамжамиятининг минтақа ҳақидаги тасаввури кескин ўзгарганини кўрсатмоқда.
Хўш, нима учун Марказий Осиё етакчи давлатлар эътиборини жалб қилмоқда, деб ўйлайсиз? Чунки замонавий дунёга уч нарса – ривожланишни башорат қила олиш, ўзаро боғлиқлик ва келажак ресурслари етишмаяпти. Марказий Осиёда эса шуларнинг учаласи ҳам бор.
Айримлар буни минтақада ҳукмронлик қилиш учун янги «Катта ўйин» деб баҳолаяпти. Балки шундайдир. Лекин буни Киплинг давридаги ўйин билан асло қиёслаб бўлмайди. Ўшанда минтақа пассив объект эди. Бугун Марказий Осиё, айниқса, Ўзбекистон, ўз тараққиёт дастури ва миллий манфаатларини чуқур англаган фаол субъектга айланмоқда.
Ўзбекистон минтақавий сиёсатининг энг муҳим натижаси шундаки, стратегик ноаниқлик ўрнини стратегик боғлиқлик эгалламоқда. Ишонч ортмоқда, қўшма форматлар кенгаймоқда, амалий лойиҳалар кўпаймоқда. Бу, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, «Марказий Осиё ҳамжамияти» тобора шаклланиб бораётганининг белгисидир.
Дунё инқирози ва Янги Ўзбекистон эришган янги халқаро мақом мамлакат дипломатиясини янги ёндашувлар асосида кучайтиришни талаб этмоқда.
Ўзбекистон учун глобал беқарорлик бир вақтнинг ўзида ҳам хатар, ҳам имкониятлар эшигини очмоқда. Айни пайтда ишончли шерик сифатида ҳаракат қила оладиган, минтақаларни боғлайдиган ва амалий ҳамкорлик майдони бўла оладиган давлатларнинг стратегик аҳамияти ортиб бораётгани айни ҳақиқат.
Шундай бир шароитда Ўзбекистоннинг кўп йўналишли ташқи сиёсати муҳим амалий аҳамият касб этади. Турли сиёсий ва иқтисодий марказлар билан алоқаларни диверсификация қилиш орқали мамлакат ташқи қарамликни камайтириши, хатарларни зарарсизлантириши мумкин.
Ўзбекистонга кўплаб юқори даражадаги меҳмонлар ташриф буюрмоқда. Бу шунчаки «дипломатик туризм» эмас. Бу Ўзбекистон имкониятлар макони ўлароқ қабул қилинаётганидан далолат беради. Инвесторлар ва давлат раҳбарлари учун энг муҳим талаб қоидалар барқарорлиги ва аниқ стратегиядир. Ўзбекистон эса дунё билан саноат, логистика, энергетика, таълим ва технологиялар тилида гаплашишни ўрганди.
Кўп векторли сиёсат – бугунги шароитда энг тўғри йўл. Чунки дунёнинг ўзи кўп қутбли тус олди. Барча умидни битта шерикка боғлаш битта устун устига уй қуришга ўхшайди. Кўп векторли сиёсат суверенитетни сақлаш усулидир. Агар ақл билан ҳаракат қилинса, инвесторлар, технологиялар ва бозорлар ўртасидаги рақобат мамлакатимиз манфаатига хизмат қилади.
Шу боис Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятини халқаро вазият ва мамлакатнинг минтақавий куч сифатидаги янги мақомига мослаштириш зарурати туғилди.
2016 йилдан буён ташқи сиёсатни янгилаш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Шу даврда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг янги услуби шаклланди. Бу услуб ташаббускорлик, ўз қадр-қимматини англаш ва пухталик билан ажралиб туради. Ўзбекистон ташқи сиёсатининг таъсири ортиб бораётгани Марказий Осиёда мутлақо янги сиёсий муҳит шаклланишига, БМТда муҳим ташаббуслар илгари сурилишига, Афғонистон бўйича халқаро ҳамкорлик фаоллашишига олиб келди. Бу эса халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланмоқда.
Тараққиёт ҳар доим мавжуд зиддиятларни ечиш орқали таъминланади. Ўзбек дипломатияси учун асосий мураккаблик шундаки, замон талаблари, вазифалар ва миқёс тез суръатда ўсмоқда. Бу эса кадрлар салоҳияти ошишидан ҳам тезроқ кечяпти. Кучли дипломатия кучли кадрлар ва кучли таҳлилий салоҳиятдан бошланади.
Шу сабаб кадрлар сиёсатида таҳлил, рақамли кўникмалар, маълумотлар билан ишлаш ва сунъий интеллектдан фойдаланиш қобилияти тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Янги авлод дипломатлари тил билиши, иқтисодни тушуниши, рақамли саводхонликка эга бўлиши ва музокара олиб бориш маҳоратини пухта ўзлаштириши шарт.
Иккинчи муҳим муаммо – бир вақтнинг ўзида бир-бири билан кескин зиддиятга киришган давлатлар билан ҳамкорликни сақлай билиш. Бу дипломатиянинг энг юқори маҳоратини талаб қилади. Бунда халқаро ҳуқуққа ҳурмат, аралашмаслик тамойилига амал қилиш, логистика, энергетика, таълим ва мафкуравий қарама-қаршилик кам бўлган бошқа соҳаларда мулоқот каналларини очиқ сақлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Давлатимиз раҳбари 2026 йил январь ойида дипломатлар билан учрашувда бир қатор вазифаларни белгилаб берди. У иқтисодий дипломатия элчилар фаолияти самарадорлигини баҳолашда асосий мезон бўлишини алоҳида таъкидлади. Дипломатик миссиялар инвестиция ва технология жалб қилишга, янги экспорт бозорларини очишга кўмаклашиши керак. Шунингдек, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва қонуний меҳнат миграцияси учун шароит яратиш ҳам уларнинг муҳим вазифаларидан бири сифатида белгиланди.
Бугун жамият тараққиёти ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ инсон капиталига боғлиқ. Шу боис энг илғор хорижий университетларни Ўзбекистон университетлари билан ҳамкорликка жалб қилиш дипломатик миссияларнинг устувор вазифаларидан бири қилиб белгиланди.
Ўзбекистон дипломатиясининг асосий вазифаси шу мураккаб дунёда тараққиёт ва барқарорлик ороли бўлиш, Марказий Осиё ҳамжамиятини мустаҳкамлашдир.
Содиқ САФОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари
Манба: "Ishonch" газетасининг 2026 йил 9 апрелдаги 42-сони.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0