Мутахассис: «ОИТС вируси спиртда ўлмайди»
1 декабрь – ОИТСга қарши кураш куни: Хўш, касаллик ҳақида нималарни билиш зарур?
Бугун 1 декабрь анъанавий равишда «ОИТСга қарши бутунжаҳон кураш куни» сифатида нишонланади. Бу санада ОИТС билан оғриганларни қўллаб-қувватлаш, хасталик аломатлари, ундан сақланиш бўйича огоҳликни ошириш масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсад қилинади.
Мутахассисларнинг хабар беришича, айни пайтда республикамизда 48 мингдан ортиқ шахс шу касаллик билан рўйхатда туради. Беморларнинг 55 фоизи эркаклар, 45 фоизи аёллар, 14 фоизини эса 18 ёшга тўлмаган болалар ташкил этади. Энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳри ва вилоятига тўғри келмоқда.
Сўнгги 5 йилда ОИВ инфекциясига текширувлар сони 700 мингдан 3,5 миллионга ёки 5 баробарга ортиб, ҳукумат томонидан дори воситаларини молиялаштириш 80 фоизни ташкил этмоқда.
ОИТС ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлиш мақсадида Тошкент шаҳар ОИТСга қарши курашиш маркази шифокори Анварбек Жабборов билан суҳбат қилдик.
– ОИТСнинг яққол белгилари ҳақида маълумот берсангиз.
– ОИТС (орттирилган иммунитет танқислиги синдроми) ОИВ деб номланган вирус (одам иммунотанқислик вируси) сабаб бўлган синдром, халқ орасида кўпроқ СПИД номи билан танилган. Касаллик иммунитет тизимини ўзгартириб, одамларни инфекциялар ва касалликларга кўпроқ мойил қилиб қўяди. ОИВга чалинган кўплаб одамларда ОИТС аломатлари ва белгилари бир неча ой, баъзи ҳолатларда йиллар давомида ҳам учрамайди. Сабабсиз иситма чиқиш, ваража қилиш, бўғимлар ва мушаклардаги оғриқ, терлаш, лимфа безларининг катталашиши, қизил тошмалар тошиши, чарчоқ, вазн йўқотиш каби жараёнлар касалликнинг энг асосий белгилари саналади.
Аксарият ҳолларда ОИТСнинг дастлабки аломатлари йўқолиб кетганидан кейин кўп йиллар давомида касаллик аломатлари кузатилмайди. Шу вақт ичида вирус ривожланиб, иммун тизими ва тана аъзоларига зарар етказишда давом этади.
– Касаллик қандай ҳолларда одамдан одамга юқади?
– ОИТС вируси барча тўқималарда учраса-да, фақат уч хил йўл орқали юқади. Жинсий алоқа, перинатал юқиш – бунда она туғруқ пайтида ёки эмизиш вақтида инфекциясини боласига юқтириши мумкин. Айниқса, қон орқали юқуши кенг тарқалган. Шунингдек, гиёҳванд моддаларни қабул қилувчилар ёки беморнинг қони билан зарарланган шприцларни қайта-қайта ишлатиш оқибатида касаллик юқиш хавфи жуда юқори. Афсуски, ҳозир стоматолог қабулида, гўзаллик салонларида юқтириб олиш ҳолатлари ҳам кузатиляпти.
Шу ўринда айтиб ўтиш керак, ОИВ вируси билан зарарланган тиббиёт буюмлари спирт билан артилганда ёки спиртга солиб қўйилганда йўқ бўлмайди. У учун махсус стерил мослама зарур. ОИВ инфекцияси мавжуд қонни музлатиб,100 йил сақлаб қўйсангиз ҳам инфекция ўлмайди.
– ОИВ билан ОИТСнинг фарқи нимада?
– ОИВ – инсон иммунитетининг ҳужайралари ва муҳим органларни жароҳатлайдиган ретровирус. Унинг организмда ривожланиб кетиши ОИТСга олиб боради. ОИВ юққанда ҳар доим ҳам иммунитет танқислиги синдроми ривожланавермайди. Агар ОИВ ўз вақтида даволанмаса, синдром кўринишига келади.
– Бизнинг менталитетда ОИТСга чалинган инсонлар билан мулоқот қилишга ҳам қўрқадиганлар, саломлашмайдиган тоифалар бор…
– Тўғри, кўпчилик шундай ўйлашади. Лекин ортиқча хавотирга ўрин йўқ. Чунки вирус қўл бериб кўришганда, қучоқлашганда, битта буюмдан бирга фойдаланган ҳолларда асло юқмайди. Касалликка чалинган беморлар соқол, тирноқ олувчи ускуналардан алоҳида фойдаланиши керак.
– Борди-ю бемор касалликни яширса ёки даволанишни истамаса, қандай оқибатларга олиб келади?
– ОИВ инсоннинг инфекциялар билан курашиш қобилиятини заифлаштиради. Одам организми жиддий касалликларга қарши кураша олмайди. Масалан, оддий шамоллаш ҳам жуда оғир шаклда кечади. Ана шу босқич ОИТС деб аталади. Бу айниқса, болаларда оғир кечади. Катталарда эса ОИВ инфекциясинининг охирги даврлари аянчли бўлади. Аввало, кўриш хиралашади, сурункали диарея кечади. Агар бемор дориларни мунтазам равишда ичиб, шифокорнинг тавсияларига амал қилса, 70-80 ёшга ҳам кириши мумкин. ОИТС билан яшаётган 75-80 ёшли беморларни шахсан танийман. Хуллас, бу касаллик билан ҳам узоқ умр кўриш мумкин.
– Ўзида шу касаллик белгиларини сезаётган одам қандай йўл тутиши керак?
– Энг аввало тезда қон таҳлили топшириши зарур. Кўпинча касаллик билан оғриганлар мен ҳақимда бошқалар қандай фикрга борар экан деб ўйлаб, вақт йўқотади. Аслида эса улар учун ҳар бир дақиқа қадрли бўлиши керак.
Бугун республикамизнинг барча ҳудудларида ОИТС марказлари ҳамда поликлиникаларда аноним тарзда анализ топшириш мумкин. Агар касаллик тасдиқланадиган бўлса, яна бир бор текширувлардан ўтказамиз ва ўшанда ҳам аниқлиги исботланса, дори-дармонлар билан бепул таъминлаймиз.
Касаллик қанча вақтли аниқланса, бемор учун шунча яхши. Ҳозирги кунда ушбу инфекцияга қарши ҳеч қандай эмлаш ёки дори-дармон ишлаб чиқилмаган, аммо сўнгги йилларда даволаш усуллари анча яхшиланди.
– Тўйдан олдинги тиббий текширувлар ҳам ОИТСни кенг тарқалишини олдини олишга хизмат қилаяптими?
– Албатта. Мазкур амалиёт соғлом ва беморларни ажратиб олишда қўл келмоқда. Хабарингиз бор, сўнгги йилларда шаръий никоҳ билан оила қурувчиларнинг сони ортди. Бу ҳолат ҳам вазиятни оғирлашримоқда. Чунки шаръий никоҳланаётганлар тиббий кўрикдан ўтмайди. Бу ҳам ОИТСнинг тарқалишига маълум даражада ҳисса қўшяпти.
– Касалликка чалинганларга қандай препаратлар тавсия этилади?
– ОИВни даволаш антиретровирус (АРВ) дорилар билан амалга оширилади. Препаратлар инфекция билан курашади ва организмда вирус тарқалишини секинлаштиради. Одатда беморлар YSART (юқори самарали антиретровирус терапия) ёки KART (комбинатив антиретровирусли терапия) каби комбинацияланган даволашни оладилар.
– ОИТСни қасддан юқтирганликка қандай жавобгарлик бор?
– Жиноят кодексининг 113-моддасига кўра, агар шахс ўзида ОИТС инфекцияси борлигини била туриб, ўзга шахсга касалликни юқтирса ёки юқтириш хавфи остида қолдирса, унга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланган. Бу БҲМнинг 25 бараваригача миқдорда жаримадан тортиб, 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин. Беморларни рўйхатга олаётганда бу ҳақда доим огоҳлантирамиз.
Феруза РАҲИМОВА
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
5/51
0
0
0
0