Озарбайжонга бориш учун етти сабаб
Озарбайжон деганда аввало Ганжавий, Насимий, Фузулийларни ёдга оламиз. “Аршин мал олан”, “Қайнона” фильмлари кўз олдимизда гавдаланади. Зайнаб Ханларованинг қўшиқларини ҳиргойи қила бошлаймиз. Муслим Магомаев нолаларига жўр бўламиз.
Анор муаллим қаҳрамонлари билан ҳаёлан суҳбатга киришамиз.Умуман, Озарбайжон қалбимизга жуда яқин. У бизга қадрдон. Акиф Бағирнинг “Ўзбек келаётир” асари ушбу диёрга, унинг гўзал халқига севгимизни янада оловлантирди.
Озарбайжонга бориш, Боку бўйлаб саёҳат қилиш болалик орзуим эди. Ниҳоят, бу йил шу орзуимга эришдим. Саёҳат давомида Озарбайжон тасаввуримдагидан-да мафтункор, ҳар бир ҳудуди, табиати ниҳоятда бетакрорлигига амин бўлдим.
Озарбайжонга бориш учун сабаблар кўп. Кўрганларим асосида еттитасини санаб ўтсам.
Ҳайдар Алиев маркази– тараққиёт рамзи
Ҳайдар Алиев марказига яқинлашар эканмиз, фантастик фильмларда кўрганимиз каби ғайриоддий иморатнинг маҳобати вужудимизни чулғади. Уни янада чуқурроқ ҳис қилиш учун чор тарафини ҳайрат билан айланиб чиқдик. Нодир архитектура намунаси ҳар қандай нозиктаъб кузатувчининг ҳам диққатини ўзига тортади. Умуман, Бокуда бектакрор услубда бунёд этилган иморатлар кўп.
Ичкарида эса янада гўзал ва сирли манзаралар бизни кутарди. Ташқаридан учар ликобчани, ичкаридан баҳайбат кемани эслатди бу бино. Мармар зиналар гоҳ муз майдони каби жилваланса, гоҳ фортепианонинг оқ клавишларини намоён қилди, гоҳ осмон қадар чирмашиб кетган оқ атиргуллар каби кўзимизни қувнатди.
Ўзи учар ипак рўмоллар... Ҳайдар Алиевнинг темир иродаси акс этган портрет, туркий дунё тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи фотолар... Дарвоқе, улар орасида Хива, Самарқанд манзаралари ҳам бор. Озарбайжоннинг тараққиёт йўллари... бетакрор шаҳарларининг макетлари... яқинлашишингиз билан куй чала бошлайдиган мусиқа асбоблари... арт расмлар... мульфтильмлар қаҳрамонлари...бир-биридан бетакрор гиламлар...миллий либослар...калагайлар...уларнинг ҳар бири мўъжиза... Айниқса, Ҳайдар Алиевнинг шонли ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи бўлимда узоқ туриб қолдик...
Озарбайжон ичра Озарбайжон бу. Илм-фан ривожининг, тамаддуннинг маҳсули. Бу шунчаки маданият маркази эмас, балки энг сўнгги технология ва инновация майдони. Марказни тўлиқ кашф қилиш учун бир кун камлик қиларкан. Ҳар бир экспонат қаршисида соатлаб ўй суриш мумкин. Уларнинг ҳар бирида тарих, ҳаёт, маънавият, маданият, илм мужассам.
Ичери шеҳерда
Ичеришеҳер бизнинг Ичан қалъамиз каби очиқ осмон остидаги музей, бироқ, архитектураси ўзгача. Қадим шаҳарнинг тош кўчалари бўйлаб сайр қилар экансиз, Озарбайжон диёри неча минг йиллар бурун ҳам тараққиёт марказларидан бири бўлганлигини, дунё тамаддунида муносиб ўрин тутганлигини ҳис қиласиз. Озарбайжонлар ҳам ислом дини кириб келишидан олдин хоразмликлар каби оташпараст бўлишган. Қалъада ўша даврларга оид ёргорликлар ҳам сақланиб қолинган. Каспий денгизи яқинидаги мазкур ҳудуд ўз даврида машҳур Ширвоншоҳлар пойтахти бўлган. Бу ерда ўнлаб тарихий меъморий ёдгорликлар – масжидлар, карвонсаройлар, ҳаммомлар, уйлар, музейлар, меҳмонхоналар, савдо объектлари, кафе ва ресторанлар бор.
Эни тахминан 3,5 метр, баландлиги эса баъзи жойларда 10 метргача етадиган девор билан ўралган.
Бизга маълум қилишларича, Ичеришеҳерда Буюкқалъа, Кичикқалъа ( Сарай йўлу) ва Асеф Зейналли (Карван йўлу ) деб номланувчи учта кўча бор.Лабиринт кўчаларда неча минглаб йиллардан бери неча минглаб инсонлар гоҳ шодон, гоҳ ўйчан ўтгандирлар. Уларнинг нега бундай қурилгани ҳам денгизга яқинлиги билан изоҳланади. Кўпчилик қатори “Бриллиант қўллар” фильми суратга олинган кўчадан ўтдик. Расмлар кўргазмаларини томоша қилдик. Муҳаммад масжиди, мақбараси, ҳаммом тарихи билан қизиқдик.
«Қиз қалъаси» ёдгорлиги ҳақидаги турли афсоналарни тингладик. Уларнинг муҳаббат билан йўғрилганлиги озарбайжон халқининг ўз тарихини нақадар улуғлашини англатади. Манбаларга кўра, ушбу ноёб мерос ҳақида илмий фаразлар ҳам турлича. Баъзи олимлар Қиз минораси ўрта асрларда қурилган ва Ширваншоҳ давлати мудофаа тизимининг бир қисми бўлган деб ҳисобласа, бошқа олимлар, ёдгорлик анча олдин қурилган, деб ҳисоблашади. Қиз минораси икки босқичда қурилгани айтилади. Миноранинг айрим кўринишлари боис, астрономик мақсадда фойдаланилган, деган тахминлар ҳам бор.
Умуман, Бокунинг қадимий қисмидаги барча иморатларнинг ўз тарихи бор. Уларнинг ҳар бири мафтункор.
Соҳил бўйида
Шамоллар шаҳри жозибаларидан янада кўпроқ баҳра олиш учун қуёш чекинишга чоғланаётган паллада соҳил бўйига келдик. Денгиз четидаги тош ўриндиқлар иссиққина. Ўзимизга маъқул жойга ўрнашиб атрофни кузатамиз. Бир тарафда бетакрор иморатлар, бир ёнда сокин чайқалаётган денгиз. Тез орада ўриндиқлар юзлаб одамлар банд бўлди. Улар орасида маҳаллий аҳоли ҳам, дунёнинг турли чеккаларидан келган турли миллат вакиллари ҳам бор. Ёшу яланг, нуронийлар ҳам. Мусиқа чалиб ўтирган ким, ўй сурган ким, ҳазил-мутойиба қилган ким!? Қизиқувчанлигимиз ошиб, маҳаллий аҳоли вакилларига турли саволлар билан юзландик. Улар эринмасдан жавоб қайтардилар. Ён-атрофда кўриниб турган иморатлар ҳақида сўзлаб бердилар. Биз ўзбекча, улар озарбайжонча, суҳбатларимиз қизигандан қизийди. Икки тилда сўзлашаётганимиз ёдимиздан чиқиб кетди.
Маълумотларга кўра, Соҳилбўйи кўчаси 24 километрга чўзилган. Бу ердан қадим ва янги Боку иморатларини бирдай кузатиш, шаҳар асрлар давомида қандай ривожланганлигини ҳис қилиш мумкин.
Соҳилбўйидаги сўлим истироҳат боғлари, ажабтовур дарахтлар, кактуслар, кўнгилочар масканлар, фонтанлар, кичик Венеция... шахмат майдони... умуман, ҳайратлантирувчи манзаралар ниҳоятда кўп.
Кечқурун Олов шаклидаги учта минорасифан бинодаОзарбайжон байроғи жилваланди. Айтишларича, ушбу иморатнинг баландлиги 180 метрдан ошади. Чор атрофда ёришган бошқа чироқлар ҳам кўзни қамаштирди. Соҳилбўйида тунга қадар қолиб кетдик. Аслида ҳудудни айланиш учун бир кун камлик қилади. Боку жозибасини янада кенгроқ ҳис қилиш мақсадида меҳмонхонага пиёда келдик. Бизни озарбайжон халқининг меҳмондўстлиги янада мафтун қилди. Кимдан бирон жойга қандай борамиз деб сўрасак, эринмасдан бир-икки километр масофани биз билан бирга босиб, манзилга келтириб қўйишади. Баҳонада улар Ўзбекистон, биз Озарбайжон ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлдик. Умуман, шаҳарда кўпроқ пиёда ва метрода юрдик. Борадиган жойимиз узоқлик қилса, “Пиёдага қийналасиз, келинг, такси тўхтатиб бераман” дегувчилар ҳам бўлди.
Ганжа жозибаси
Озарбайжон сафаримизда йўлбошчилик қилган Гаффор оға Ганжа шаҳрини Озарбайжоннинг иккинчи пойтахти, энг арзон, энг гўзал шаҳар дея таърифлади.
Дарҳақиқат, Ганжа нафақат Озарбайжон, балки туркий халқлар тараққиётида муҳим аҳамиятга эга шаҳарлардан бири. Унинг тарихи айрим манбаларда еттинчи, баъзиларида тўққизинчи асрлардан бошланади, дейилар экан. У Кавказ маданий марказларидан бири бўлган. Бу даврда не-не суронларни кўрмаган. Мўғуллар, араблар, турклар, руслар... жуда кўп ҳоқонлар бу шаҳарга эгалик қилишни истаганлар. Балки бу унинг қулай жойлашуви сабаблидир.
Ганжадарвозаси, Низомий Ганжавий мақбараси, Шоҳ Аббос масжиди деб номланувчи жума масжиди.. Чеяк ҳаммоми...черков... шишали бино... Ўғурлу хон саройи.. хон боғи... Жавадхон кўчаси...Гайдар Алиев майдони... Истироҳат боғлари... умуман, ушбу шаҳардан кўплаб таассуротлар олдик. Замонавий иморатлар ҳам ўзига хос қурилган. Кўчаларда гуллар барқ уриб очилган... кўп қаватли уйларнинг деразаларидан ҳам гуллар ўрмалаган... Баланд дарахтлар шаҳарга кўрк бағишлаш баробарида, мусаффолигини ҳам таъминлайди. Куни бўйи пиёда юриб чарчоқ нималигини билмадик. Низомий Ганжавий мақбараси ёнидаги хиёбонда сокин оқаётган сувга термулиб, қалбимиз янада ёришди.
Бир манатга малина харид қилдик. Озарбайжонча ширинликлар тановул қилдик...
Габала – муссаффо осмонни қучиб
Габала — Озарбайжоннинг бетакрор табиатини кўз-кўз қилувчи яна бир машҳур ҳудуди. Бокудан 225 километр олисда жойлашган. Бир қарашда ўзимизнинг Бўстонлиқни ёдга солади.
Машина ҳудудга яқинлашиши билан шундоқ ҳам боҳаво диёрда янада кислородга бой, тоза ҳаво димоғимизни қитиқлади. Бир-биридан чиройли манзаралар кўзимизни қамаштирди. Қадим қалъалардан қолган ёдгорликларга ҳайратланиб боқдик. Йўлбошчимиз бизга Габала бир вақтлар Ипак йўлидаги йирик савдо маркази ва Кавказ Албаниясининг пойтахти бўлгани ҳақида гапириб берди. Пурвиқор тоғлар... шаршаралар... Бемислгўзаллик олдида лол қоласан киши.
Тўфантоғдаги дор йўлида сайр қилиш учун бордик. Бизга сўзлаб беришларича, дор йўли тўрт қисмдан иборат. Qafqaz Riverside меҳмонхонаси ёнидан бошланувчи биринчи қисм (баландлиги 956-1660 метр; узунлиги 2,5 км) энг тик саналади. Иккинчи қисм (1660-1251 метр, 1 км) машҳур Qafqaz Tufandag чанғи курортига олиб боради. Учинчи қисм (1251-1410 метр; 1,2 км) ундан кўтарилиб, Дуржа тоғли қишлоғига етаклайди — Бу ерда юқори станция ёнида“Дуржа” ресторани жойлашган. Тўртинчи қисм (1410-1920 м; 1,1 км) Дуржа ва Yatmis Gozel тоғи (уйқудаги гўзал) ўртасида жойлашган.
Уйқудаги гўзал тоғида гўёки қўлларингиз булутларга етадигандек туюлди. Эртакларда ўқиган манзараларимиз кўз олдимизда намоён бўлди. Тоза ҳаводан симириб-симириб нафас олдик.
Етти гўзал шаршараси, Қабала истироҳат боғи, Нўхур кўли... Уларнинг ҳар бири мўъжиза... йўлбошчимиз Ниж қишлоғи ва Габаладаги биз кўришга улгурмаган гўзалликлар ҳақида гапириб берди.
Нафталанда
Озарбайжонга боришдан мақсадимиз Нафталанда саломатлигимизни мустаҳкамлаш эди. Бу ерда бир нечазамонавий санаторийфаолият кўрсатар экан. Уларга ҳаракат таянч аъзолари, гинекологик, дерматологик касалликларга даво излаб келишади. Санаторийда Марказий Осиёдан кўплаб дам олувчиларни учратдик.
Санаторийда электрон навбат жорий қилинган бўлиб, бирон дақиқа ҳам кутиб ўтирмайсиз. Асосан нефтли ванналар билан даволашади. Бундан ташқари кўплаб физиотерапик муолажалар тавсия қилинади. Нафталандан ўнлаб маҳсулотлар тайёрланар экан.
Ҳар куни муолажалардан сўнг шаҳар айланишга чиқамиз. Истироҳат боғида бўлдик. Озарбайжон чойлари сотиладиган дўконга кирдик. Турфа гуллар, дарахтлар, арчазорлар шаҳарга ўзгача жозиба бағишлайди. Аҳолиси ниҳоятда самимий.
Кечқурун дам олувчилар учун маънавий-маърифий тадбирлар, концертлар уюштирилади. Турли халқлар вакиллари билан мириқиб суҳбатлашдик. Рақслар томоша қилдик.
Тушликда кўпинча Бокудаги мактаблардан бирида адабиётдан дарс берувчи Камила хоним билан ҳамсуҳбат бўлдик. Муаллиманинг замонавий озарбайжон адабиёти, урф-одатлар ҳақида ҳикояларини мароқ билан тингладик.
Бўш вақтимизда “Боку” журналини мутолаа қилдик. Мутолаа давомида озарбайжон санъати, маданияти, адабиёти нақадар юксаклигини яна бир карра ҳис қилдик.
Озарбайжон таомлари
Озарбайжон ошхонаси ўзбек ошхонаси каби ранг-баранг. Кўп овқатларимиз ўхшаб кетади. Озарбайжон палови бизникидан бироз фарқланар экан. Кюфта, дўлма, шахпур, довға, каби миллий таомлар таъми оғзимизда қолди. Анор сиркаси, олчали салат, ёнғоқли мураббо, мевалардан тайёрланган ширинликлар ва бошқа ўзига хос емаклардан баҳраманд бўлдик.
Дарҳақиқат, мамлакатда гастрономик туризм ниҳоятда ривожланган. Ресторан ва кафелар ҳар бири ўзига хос миллий услубда жиҳозланган. Официантлар ширинсуҳан.
Шуни айтиш керакки, Озарбайжонда бизни энг мафтун қилган, бу, бағрикенг халқ бўлди. Ватан ҳақида куйланган қўшиқни байрок кўтариб тик туриб эшитганларида кўзимиз намланди. Аэропортда, меҳмонхонада, кўчада, метрода, магазинда, таксида саволларимизга эринмай жавоб қайтаришди. Шундай қардошларимиз борлигидан ғурурландик.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0