Ёш - чегара эмас
Одил ака 63 ёшида олий ўқув юртига ўқишга кирди. Сайёра 55 ёшида магистратурада таҳсил олишга аҳд қилди. Аввалига уларни кўпчилик тушунмади. Айниқса оиласидагилар. “Қариганда ўқишнинг нима кераги бор?
Контрактга тўлайдиган 50-60 миллионни болаларига сарфласа бўлмайдими?” дегувчилар топилди. Аммо, улар эътибор қилишмади. Аксинча, ёшликдаги орзулари амалга ошаётганидан ич-ичидан хурсанд бўлишди.
Хусусий мактаб ташкил қилиш илинжида елиб-югураётган 67 яшар Комила опа, илмий ишга қўл урган 65 яшар Фотима опага ҳавасим келади. Улар ҳаёт қадрини англаб етган, вақтини майда-чуйдаларга эмас, хайрли ишларга сарфлашни маъқул кўрган фидойи инсонлардир. Ўтган йили 50 йилдан зиёд таълим соҳасида ишлаган, 90 ёшдан ошган муаллимлар оиласи ҳақида мақола тайёрлагандим. 92 яшар оила соҳиби Комилжон ака инглиз тилини ўргана бошлабди. 91 яшар Нуқулжон опа қўшниларга рус тилини ўргатар экан. “Инсон узоқ умр кўриши учун олдига мақсад қўйиши керак,- деган эди Нуқулжон опа. –Мақсад инсонни интилишга ундайди.”
Бизда нима учундир 50 ёшдан кейин кўпчилик «энди кеч» деган фикр билан ўз орзуларини ортга суриб қўяди. Мен эришмаган нарсаларга болаларим эришсин, бу ёғига улар учун яшайман дейди. Ваҳоланки, нафақат 50, балки 60,70, 80 ёш ҳам чегара эмас. Японларнинг узоқ умр кўриш сири уларнинг ҳаракатдан тўхтамасликларида дейишади. Инсон қанча умр кўришидан қатъи назар, уни сифатли, сермазмун ўтказишга ҳаракат қилиши кераклигини донишмандлар кўп уқтирган. Айнан янги мақсадлар сари интилиш узоқ умр кўриш кўрсаткичларидан бири сифатида қаралади.
Мутахассислар инсон 50 ёшдан ошганлар бошлаши мумкин бўлган 5 нарсани таклиф қиладилар.
1. Хорижий тил ўрганиш
Олимлар фикрига кўра, 50 ёшдан кейин хорижий тил ўрганиш хотирани мустаҳкамлайди, деменсия хавфини камайтиради ва мия фаоллигини оширади. Қолаверса, тил билиш саёҳат қилиш, мулоқот доирасини, турли фильмлар кўриб ёки хорижий тилдаги китобларни ўқиб, вақтингизни чоғ ўтказиш имкониятларини кенгайтиради.
2. Янги касб ёки ҳунар ўрганиш
Ёшингиз нечада бўлишидан қатъи назар, билим ҳеч қачон эскирмайди. Компьютер саводхонлиги, бухгалтерия асослари, ошпазлик, тикувчилик, боғбонлик, гулчилик — буларни ҳар қандай ёшда ҳам ўрганиш мумкин. Янги билим олиш орқали ўзингизни янгидан кашф қиласиз.
3. Соғлиққа жиддий эътибор бериш
Тўғри овқатланиш, мунтазам ҳаракат, вақтида тиббий кўрикдан ўтиш 50 ёшдан ошганларнинг кундалик одатига айланиши керак. Ҳар йили санаторийга бориш ёки саёҳат қилишни канда қилмаслик керак. Бу саломатликни мустаҳкамлаб, ёшингизга ёш қўшиб, ҳаётдан завқ олишга ёрдам беради.
4. Ижтимоий фаол бўлиш
Маҳалла ёки жамият ҳаётида фаол иштирок этиш, ўз тажриба ва маҳоратини ёшларга ўргатиш орқали инсон жамиятга кераклигини ҳис этади. Бу эса руҳий барқарорлик ва ҳаётга қизиқишни сақлаб қолишда жуда муҳим омилдир.
5. Ижодий қобилиятларни ривожлантириш.
Расм чизиш, ёзиш, дизайн, қўл меҳнати билан шуғулланиш инсонни руҳан тетиклаштиради. Ижод инсонга ички тинчлик, ижобий кайфият ва ҳаётга муҳаббат бағишлайди. Балки сиз шедевр ижод қилолмассиз. Бу муҳим эмас, муҳими ўз ишингиздан завқланиш.
Булар кишининг узоқ ва сифатли турмуш кечиришига ёрдам беради.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0