Сайёранинг “ўпкаси” хавф остида: Амазонка ўрмонлари йўқолиб кетиши мумкин
Бугун иқлим ўзгариши энг йирик муаммолардан бирига айланди. Тилимизга “аномал иссиқ” атамаси кириб келди ва кенг қўлланила бошланди. Ўзбекистон ҳудудида узоқ ва давомли иссиқлар кузатилмоқда. Албатта, бу фақат бизнинг муамммомиз эмас.
Экологик муаммолар бутун Ер шарига оид ва улар занжир каби боғланган. Масалан, сайёрадаги энг катта тропик ўрмон саналган Амазонка сарҳадлари катта хавф остида турибди. Унинг ҳалокати мувозанатсизлашиб бораётган экосистемани янада оғир аҳволга олиб келиши шубҳасиз.
Жанубий Америка материгининг салмоқли қисмини эгаллаган Амазонка ўрмонлари ҳақиқий экологик хазина ҳисобланади. Қарийб 5,5 млн. квадрат километрни эгаллаган поёнсиз ўрмонлар ҳатто Ҳиндистон ҳудудидан анча каттадир. Амазонка дарёси ҳавзасида шаклланган тропик ва серёғин ўрмонлар “Ернинг ўпкаси” номини олган ва айрим манбаларда сайёранинг 20 фоиз кислородини ишлаб чиқаради деган маълумотлар мавжуд.
Амазонка ўрмонларидек ёввойи ва табиий муҳитни бугун инсониятнинг табиатга аралашуви кескин кучайган даврда топиш жуда қийин. Ўрмонлар олти давлат (Бразилия, Венесуэла, Эквадор, Колумбия, Боливия ва Перу) ҳудудида жойлашган. Ҳудуднинг мутлақ катта қисми Бразилия ҳиссасига тўғри келади. Амазонка дунёдаги жамики тропик ўрмонларнинг ярмига эгалик қилади. Рақамларга эътибор беринг: 40 мингдан ошиқ ўсимлик турлари, 3 мингдан ошиқ балиқ, 387та судралиб юрувчилар ва 16 мингдан ортиқ дарахт турлари учрайди.
Аммо бу гўзаллик ва турфа хиллилик ичига инсонлар учун катта хавф ва азобли ўлим яширинган. Айрим заҳарли мажудотлар ҳатто одамни тил тортмай ўлдиришга қодир. Амазонка пирания ва каймар каби йирик йиртқичлар, машҳур анаконда бўғма илони, заҳарли қурбақалар, ажал яширинган юқумли касалликларни тарқатувчи пашшаларнинг ватани саналади. Яна бир машҳур ҳайвон саналган яшил анаконданинг узунлиги 9 метргача боради. Ҳудуд анакондадан ташқари брамина, муссурана, бушмейстр каби хавфли ва йиртқич илонлар учрайди.
Ҳатто дарё сувида ҳаёт кечирадиган айрим балиқлар инсон танасига кириб олиб, унинг қони ва ички аъзоларини еб юборади деган фактлар ҳам мавжуд. Мазкур хавфларга қарамасдан мафтункор ўрмонлар ўз бағрида турли ажойиботларни беркитган.Ташқарида XXI ҳукм сураётган пайтда Амазонка ичида ташқи дунё билан мутлақо алоқа боғлаб кўрмаган элликдан зиёд ёввойи қабила мавжуд.
Умуман олганда Амазонкада 400-500 атрофида ёввойи қабилалар истиқомат қилади. Улар баъзан ўрмонларни кесаётган замонавий одамлар билан тўқнашиб ҳам қоладилар. Ташқи дунё таъсири қабул қилиб, ҳаёт тарзини ўзгартираётган қабилалар ҳам бор. Ёввойи қабилалар бўйича турли позициялар бор. Масалан, Бразилия собиқ президенти Жаир Болсонару аборигенларни иложи борича тезроқ маданий ҳаётга ўтказиш ва уларга таъсир қилиш фикрини баён этган. Собиқ президент ёввойиларни табиатдан мақсадсиз фойдаланишда айблаган. Айнан Болсонару даврида Амазонкада дарахт кесишлар ва ўзлаштириш тезлашди, бу дунё бўйлаб экофаолларнинг кескин норозилигига сабаб бўлди.
Бразилия парламентининг ҳиндулардан чиққан депутати Жоэнья Вапиксанага кўра, бу қабилаларни ҳимоя қилиш ва ўзлигини сақлаб қолиш зарур. “Уларга колонизация эмас, ҳимоя керак” дейди депутат. Лекин Амазонка кенгликлари фақат ёввойиликдан иборат эмас. Дарё қирғоқларида Бразилиянинг йирик шаҳарларидан бири Манаус қад кўтарган. Ушбу шаҳарда 2,1 миллиондан ошиқ киши истиқомат қилади.
Афсуски, ғаройиб ёввойи қабилалар яшовчи ҳудудлар тобора қисқариб кетмоқда. Маълумотларга кўра, ҳар дақиқада 60 гектар ўрмон йўқ қилинмоқда. Ўрмонлар асосан қишлоқ хўжалиги ва чорва учун ер очиш мақсадида кесилмоқда. Масалан, Бразилияда қорамолчилик ранчолари кенг тарқалган. Уларнинг фаолияти натижасида ўрмонлар кесилиб, ўтлоқларга айланмоқда. Ердаги ҳар бир экосистема каби Амазонканинг ҳам сайёра экологик ҳаётида ўз ўрни бор. Барча жойлар каби Амазония ҳам инсоннинг табиатга қўпол аралашуви оқибатида жабр кўрмоқда. Ҳозирга қадар 500 минг квадрат километрга яқин тропик ўрмон кесилиб, йўқ қилинган. Тасаввур қилишингиз учун ватанимиз Ўзбекистон 448 минг квадрат километрдан ошиқроқ ҳудудни эгаллайди.
Бундан ташқари 2019 йилда Амазонка ҳудуди мисли кўрилмаган ўрмон ёнғинлари гирдобида қолди. Ўрмон кесилиши баробарида ўша ҳудудларда фауна ҳам йўқолмоқда, ёғинлар камайиб бормоқда.
Яна бир муаммо — ҳудуд қон томири бўлган Амазонка дарёси саноатлашув оқибатида фаол ифлосланяпти. Дамбалар қурилиши ва бошқа инсоний омиллар дарёни емирмоқда. Дарёда лойқалар кўпайиб, сувнинг кимёвий таркиби ўзгариб бормоқда, чунки ифлосланаётган ҳаводан ёмғир ёғиб, дарё сувига қўшилиб кетмоқда, саноат корхоналари суви ҳам оқизилмоқда.
Инсон омили аллақачон биринчи “мева”ларини бера болаган, масалан арапаим балиғи деб аталувчи йирик тур браконьерлар томонидан деярли йўқ қилинди. Ушбу балиқ жаҳон ресторанларида тансиқ таом таом сифатида кўриб келинган ва килограмми учун нарх 700 долларгача боради.
Time нашри журналистлари бир қатор мутахассислар бошчилигида Амазонка ўрмонларига экспедиция ўтказди. Мазкур сафар ўрмонлардаги ҳақиқий аҳволни бир қадар тушуниш учун ташкил этилганди. Сафар давомида олимлар томонидан ўрмонлар тақдирига оид муҳим фактлар эълон қилинди. Маълумотларга кўра, Амазонка ўрмонлари 120 миллиард тоннагача углеродни ютиш имкониятига эга. Жаҳон иқтисодиётининг ҳозирги суръатида бу атмосферага 12 йиллик глобал углерод чиқиндиларига тенг. Агар Амазонка экотизими олимлар таърифлаганидек, қизил нуқтадан ўтиб кетса, бу оқибатлар занжирига олиб келади. Амазон ўрмонларининг йўқ бўлиб кетиши Гренландия музликларининг эриши, денгиз сатҳининг кўтарилиши ва Арктикадаги абадий музликларнинг йўқолиб кетишига олиб келиши мумкин. Бу, ўз навбатида, муз таркибидаги иссиқхона газлари ва у ерда сақланиб қолган эски касалликларни юзага чиқаради. Тропик ўрмонларнинг қисқаришининг глобал исишга билвосита таъсири ўнгланмас зарба бўлиши мумкин.
World Wide Fund for Nature (Жаҳон ёввойи табиат фонди) ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирги вақтдаги ўрмонларни кесиш тезлиги давом этса 2030 йилга келиб Амазонка ҳудудининг 27 фоизи дарахтсиз қолади. Ўн йиликлар давомида инсон фаолияти Амазон ўрмонларини ҳалокат томон “бурилиш нуқтаси”га яқинлаштирди. Экотизим мувозанати ўрмонларнинг кесилиши, ёнғинлар ва глобал ҳароратнинг ошиши туфайли бузилди. Мутахассисларнинг фикрича, атмосферадаги сув айланиш жараёни қайтарилмас тарзда бузилиши мумкин, бу эса ёғингарчиликнинг камайишига ва қурғоқчилик фаслларининг узоқ давом этишига олиб келади. Тропик ўрмоннинг камида ярми саваннага айланади. Агар прогнозлар рўёбга чиқса ва глобал ҳарорат 4 ° C га кўтарилса, марказий, шарқий ва жанубий Амазонканинг кўп қисми тақир бутазорларга айланади.
Амазонка ўрмонлари сайёрамиздаги 20 фоиз кислородни ишлаб чиқаради деган маълумотга айрим олимлар шубҳа билдириб келади. Колорадо университети профессори Скотт Деннинг The Conversation нашрида ёзган мақоласида қуйидагича ёзади: “Албатта ўрмон ёнғинлари ҳалокатли, аммо бунинг оқибатида Ердаги кислород йўқолиб кетади, дея олмаймиз”. Олимнинг тушунтиришича, бизга керакли кислородни дунё океани ишлаб чиқаради. Агар дунёдаги барча нарса ёниб битган тақдирда ҳам мавжуд кислород миқдорининг 1 фоизи ҳам йўқолиб кетмайди, ҳозирги кисдород миқдори миллионлаб йилларга етади.
Аммо бу факт ва фаразлар табиатни ўз ҳолига ташлаб қўйиш дегани эмас. Ҳар қандай йирик экосистеманинг йўқолиб кетиши ёки жабрланиши келажакда инсоният учун оғир оқибатларни келтириб чиқариши аниқ.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0