Саратон ҳақида нималарни билиб қўйишимиз керак?
Бежизга ушбу мавзуда шифокор билан суҳбат уюштирмадик. Охирги пайтларда «рак касалига чалинибди» деган хабарлар тез-тез қулоғимизга чалинмоқда. Дунё тажрибасида ушбу хасталик ёши катта инсонларда кўп учраса-да, аммо сўнгги йилларда у ўрта ёшдаги аёллар орасида ҳам анча кенг тарқалмоқда. Ирсият, гормонлар, овқатланиш ва сурункали яллиғланишлар сабаб қилинаётган бу оғир касалллик ҳақида билишимз зарур бўлган маълумотларга эга бўлиш ҳамда тиббий маданиятимизни ошириш мақсадида, Тошкент вилояти онкология диспансери бўлим мудири, тиббиёт фанлари номзоди Дилфуза Набиева билан суҳбат уюштирдик.
– Дилфуза опа, бугун ўлимга сабаб бўлаётган касалликларнинг катта қисми саратонга тўғри келмоқда. Айниқса, аёллар орасида ҳам бу хасталик кенг тарқалган. Келинг, аввало саратон қандай касаллик эканини содда тушунтириб берсангиз…
– Жуда тўғри айтасиз, олимларнинг таъкидлашича, бугун дунёда юз бераётган ўлимнинг тахминан 18 фоизи саратонга тўғри келмоқда. Бу ҳар олтита ўлимнинг биттасига сабаб ана шу касаллик эканини англатади. Саратон – организмдаги ҳужайраларнинг назоратсиз ва чексиз кўпайиши билан кечадиган оғир касалликлар гуруҳидир. Нормал ҳолатда ҳар бир ҳужайра белгиланган вақтда ўсади, ишлайди ва яна вақти келганда йўқолади. Лекин турли сабаблар туфайли генларда бузилиш (мутация) содир бўлса, ҳужайра ўзини назорат қилмай қўяди ва доимий равишда бўлинади. Бунда ўсимта атрофидаги тўқималарни эзиб кириб боради, қон ёки лимфа орқали бутун танани эгаллаб олиши ҳам мумкин. Шу жараён саратон деб аталади.
Саратоннинг асосий хусусияти ўсимта ҳосил қилишидир. У ёмон сифатли ўсмалар гуруҳига кириб, метастаз бериши, яъни, бошқа ички аъзоларга тарқалиши ҳам мумкин. Касаллик билан оғриган бемор организми ўсимта таъсирида заифлашиб, нормал тўқималарнинг иши бузилади. Шундан келиб чиққан ҳолда саратон – ягона касаллик эмас, балки турли органларда пайдо бўладиган ёмон сифатли ўсмаларнинг умумий номидир.
– Касалликни қандай омиллар келтириб чиқаради ва қайси давлатларда у энг кўп учрамоқда?
Саратонга олиб келувчи омиллар турлича. Аввало, ирсий мойиллик, нотўғри овқатланиш, тамаки чекиш ва алкоголь, вируслар (масалан, папиллома вируси, гепатит В ва С). Кейин заҳарли моддалар ва радиация, доимий стресс шунингдек, гормонал бузилишлар ҳам ушбу касаллик билан хасталанишга олиб келиши мумкин.
Ирсий мойиллик шундай кечиши мумкинки, кимнингдир онаси ёки холасида кўкрак саратони аниқланган бўлса, ана шу яқинларининг касалликка чалинган ёшига етганда унда ҳам хасталик аниқланиши мумкин. Стресс натижасида эса организмда кортизол миқдори ортиб кетади ва иммунитет сусташади. Оқибатда ҳужайраларнинг мутацияга учраши тезлашиб, яллиғланишга қарши курашиш заифлашади. Эркин радикаллар кўпайиб, инсон ДНКси шикастланади. Бу ўз-ўзидан турли органларда хавфли ўсма ҳужайраларининг уйғонишига сабаб бўлади. Кучли стресс тўғридан-тўғри саратонни келтириб чиқаради, деёлмаймиз, аммо у касаллик келиб чиқишига қулай муҳит яратади. Гормонларнинг таъсирига келсак, сурункали шамоллаш ва яллиғланиш, уларни ўз вақтида даволамаслик, қолаверса, сурункали чарчоқ ва уйқусизлик ҳам инсондаги гормонлар мувозанати бузилишига олиб келади. Бу айниқса, аёлларда кўкрак бези ва тухумдон саратони юзага келиш хавфини оширади.
Касалликнинг бутун дунёда энг кўп учрайдиган турларини айтиб ўтадиган бўлсам, булар – кўкрак бези ва бачадон бўйни саратони, жигар, ўпка, ошқозон, йўғон ичак, тери саратони ва қон касалликлари (лейкоз ва лимфома)лардир. Дунё миқёсида ривожланаётган давлатларда тиббий хизматларнинг яхши йўлга қўйилмаганлиги, скрининг текширувларининг оммалашмагани боис саратон билан ўлим ҳолати кўп учрайди. Аммо аҳоли сонига нисбатан энг кўп кўрсаткич Монголия ва Венгрия давлатларида эканлиги қайд этилган. Чунки у ерда аҳоли кўп сигарет, чилим чекишади, алкоголь ва ёғли овқатлар истеъмоли юқори. Хитой, Ҳиндистонда эса аҳоли сони ҳисобига бу дарддан азият чекаётганлар ҳам кўп. АҚШда эрта ташхислаш, тиббий текширувлар сифати юқорилиги сабаб саратон ташхиси қўйилиши кўп, даволаш ҳам яхши йўлга қўйилган. Юртимиз бу борада ўртача кўрсаткичга эга давлат эканлиги илмий манбаларда таъкидланади.
– Юқорида касалликнинг омили сифатида нотўғри овқатланишни ҳам айтиб ўтдингиз. Мана шу сабабни батафсилроқ тушунтириб берсангиз. Халқимиз орасида «Сифатсиз ўсимлик ёғи саратон кўпайишига сабаб бўлаяпти» деган гапларни эшитиб қоламиз. Бу қанчалик асосли?
– Овқатланиш ва айниқса ёғларни нотўғри истеъмол қилиш саратон хавфини сезиларли ошириши исботланган. Жумладан, инсон организмидаги ортиқча ёғ ва семизлик ҳам шундай.
Ортиқча ёғ ҳужайралари организмда гормонлар – эстрогеннинг ортиб кетишига ва инсулиннинг кўп ишлаб чиқарилишига сабаб бўлади. Бу гормонлар эса назоратсиз ўсимталарнинг кўпайишга туртки бўлади ва кўкрак, бачадон, тухумдон ҳамда йўғон ичак саратонига чалиниш хавфини келтириб чиқаради. Чунки аёлларда кўп учраётган тухумдон ва кўкрак саратони айнан эстроген гормони ортиб кетиши туфайли пайдо бўлади. Мамлакатимизда шунинг учун ҳам охирги пайтларда семиришнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга сиёсат даражасида эътибор қаратилмоқда.
Ёғларга келадиган бўлсак, уларнинг тури кўп. Трансёғлар – маргарин, тез тайёр бўлувчи таомлар таркибига қўшилаётган сифатсиз ёғлар, қовурилган гўштлар ошқозонга тушгач, ДНКга зиён етказувчи эркин радикалларни кўпайтиради. Натижада ҳужайралар мутацияга учраб, саратон пайдо бўлиши эҳтимоли ошади. Юртдошларимизга кўп қовурилган таомлар, айниқса, қайта-қайта ишлатилган ёғлардан фойдаланмасликни тавсия қиламиз. Чунки бундай ёғларнинг қайта қиздирилиши натижасида улар таркибида канцероген моддалар (акриламид, полициклик ароматик углеводородлар) ҳосил бўлади. Бу моддалар эса ҳужайраларни тўғридан-тўғри шикастлайди ва касалликка мойил қилиб қўяди. Бундан ташқари қайта ишланган гўштлар, колбаса, сосиска, консерваланган ва тузланган гўшт маҳсулотлари, хот-дог, лаваш каби тезпишар егуликларга солинган гўштларни ҳам камроқ истеъмол қилиш зарур. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қовурилган гўштни ҳафтасига 350-500 граммдан ортиқ емасликни, сосиска, колбаса каби қайта ишланган гўштларни имкон қадар чеклаш ёки умуман истеъмол қилмасликни тавсия қилади.
Унинг ўрнига зайтун, зиғир, ёнғоқ ва балиқ ёғлари ҳамда маҳсулотларини тановвул қилган афзал. Кундалик уй шароитида арзон сифатсиз ёғлардан эмас, сифатли ва ишончли брендларнинг ёғларидан сотиб олган маъқул. Бундан ташқари, уй бекаларимиз таомларга имкон қадар ёғ кам қўшиши, олайлик 200 грамм ёғ кетадиган таомни 100 грамм ёғда пиширишга ҳаракат қилиши лозим. Бунинг ўрнига мева ва сабзавотлар ейишни кўпайтириш керак.
– Аёллар орасида кўкрак бези саратони ва бачадон бўйни саратони энг кўп учраши таъкидланади. Касалликнинг эрта аниқланиши эса шифо топиш имконини оширади. Опа-сингилларимизга уй шароитида бу касалликнинг белгиларини илғаши учун қандай маслаҳатлар берасиз?
– Тўғри айтасиз, юртимизда аёллар ўртасида учрайдиган ўсма касалликлари орасида кўкрак бези ва бачадон бўйни, ундан кейин тухумдон саратони кўп ташхисланади. Аввало, ҳар бир хасталикда инсон организми эгасига белги беради. Фақат буни ўз вақтида англаш лозим. Масалан, кўкрак бези саратонида аёллар сийнасида ғадир-будурлик ёки қотиш пайдо бўлади. Кўкрак шакли олдингидан ўзгаради. Тери қисмида қизаришлар кузатилади. Сийнада оғриқсиз, баъзан енгил оғриқли шиш ҳам пайдо бўлиши мумкин. Кўкрак учидан ноодатий суюқлик, баъзида қонли суюқлик ажралиши мумкин. Бундай ҳолатларга аёлларимиз эътиборсиз бўлмасдан, зудлик билан шифокорга мурожаат қилишлари керак. Бир йилда камида 1 марта маммография ёки УЗИдан ўтиш (40 ёшдан кейин айниқса жиддий қараш керак), ҳар ойда уй шароитида кўкракни текшириб кўриш, ортиқча вазндан сақланиш, ҳаракатда бўлиш, гормонал дориларни шифокор назоратида қабул қилиш лозим. Бачадон бўйни саратонида эса, ҳайз орасида қон келиши, ноодатий оқиндилар ҳидли ёки кўп бўлиши, қорин ва бел қисмда доимий оғриқ кузатилиши мумкин. Кўп ҳолларда касаллик эрта босқичда ҳеч қандай белгиларини намоён қилмайди, шу боис мунтазам текширув жуда муҳим!
Мамлакатимизда сўнгги пайтда амалга оширилган энг эътиборли ишлардан бири – Президентимизнинг 2024 йил 22 ноябрдаги «Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони эълон қилингани бўлди. Мазкур ҳужжатга асосан оилавий поликлиникаларда аёлларда учрайдиган саратонни эрта ташхислаш ва даволаш мақсадида маммография текширувлари ва лаборатор таҳлиллар олиш йўлга қўйилган. Натижада ҳар ойда қанчадан-қанча олис ҳудудларда яшаётган опа-сингилларимиз ҳам ушбу кўрикдан ўтмоқда ва айрим аёлларда касаллик эрта аниқланиб, уларнинг шифо топиш кўрсаткичи ошмоқда.
– Мазмунли ва фойдали суҳбат учун раҳмат, саломат бўлинг!
Зебо НАМОЗОВА суҳбатлашди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0