Шаҳрисабз туманида сунъий музликлар барпо этилди
Мутахассислар бу сув танқислигига инновацион ечим дейишмоқда.
Ҳозирги кунда бутун дунёда сув ресурслари танқислиги долзарб муаммога айланиб бормоқда. Шу шароитда сувни сақлаш, йиғиш ва мавсумдан ташқари фойдаланиш имконини берувчи инновацион технологиялар муҳим аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда биринчи бор Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманининг Сарчашма маҳалласида янги инновацион технологиялар асосида сунъий музлик обектлари барпо этилди. Совуқ мавсумда сувни муз шаклида сақлаб, баҳор ва ёз ойларида аста-секин эритиш орқали суғориш ва хўжалик эҳтиёжларига йўналтириш кўзда тутилган.
Ушбу сунъий музликлар БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда бажарилаётган "Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури" лойиҳаси томонидан молиялаштирилди.
Ҳозирги кунда Сарчашма маҳалласида жами 4 та сунъий музлик устунлари барпо этилган, ҳар бири қиш ойларида 450 куб метргача сувни йиғиб бериб, унинг умрини баҳор-ёз ойларида узайтириш имконини беради.
Технология энергия талаб қилмайди, экологик хавфсиз ва маҳаллий шароитга мослашувчан. Келгусида ушбу тажрибани юртимизнинг бошқа тоғли ҳудудларида ҳам жорий этиш режалаштирилмоқда.
Баҳодир ҲАЛИМОВ,
"Ishonch.uz"




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0