Сизда ҳам чарчоқ ва ланжлик кузатиляптими?
Сўнгги кунларда жуда кўпчиликдан шундай сўзлар эшитяпмиз – “Ҳолдан тойиб кетяпман, ланжман, уйқум келаверади”. Хўш, бундай ҳолатнинг сабаблари нима ва уларга қарши қандай чоралар бор?
Аслида ҳаммаси жуда оддий:
1. Фаслий омил – баҳорий авитаминоз фанда исботини топган. Яъни айнан шу фаслда организмдаги витаминлар миқдори сезиларли камаяди. Ҳали пишиқчилик бошланмагани туфайли мева-сабзавотлар турлари чекланган;
2. Эътиқод туфайли – кўпчилик юртдошларимиз муқаддас Рамазон ойида рўза тутишган. Бу истаган пайтда овқатланиш ёки ичимлик ичишни чеклайди. Яна саҳарликка туриш ва уйқунинг бўлиниши ҳам ўз таъсирини ўтказади. Аммо рўза тутиш организмни жиддий тозалаши ҳам ўз исботини топган. Шунчаки бу жараён бироз ҳолсизликка олиб келади;
3. Табиат ҳодисаси – сўнгги кунларда жиддий магнит бўронлари кузатилди. Бу ҳодисага ҳавонинг тез исиши ва бирдан совиб кетиши каби омиллар қўшилди. Булар ҳам инсон организмига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Айниқса юқоридаги сабаблар билан бир пайтда келса;
4. Турмуш тарзимиз – эринчоқлик кўпчилигимизга хос хусусият. Доимий ўтириб ишлаш, камҳаракатлилик каби ҳаёт тарзи бундай пайтда организмни яна бир синаб олади;
5. Барчаси – шуниси эътиборлики, охирги ўн кунликда ватандошларимиз юқоридаги омилларнинг барчасини ўз таналарида бирданига ҳис қилдилар ёки қилмоқдалар. Айримлар куннинг иккинчи ярмида ҳатто ётиб ҳам қолишяпти.
Нима қилмоқ керак?
- Очиқ ҳавода кўпроқ юринг;
- Барра кўкатлар, мевалар истеъмол қилинг;
- Имкон қадар ўзингиз учун меъёрида ухланг;
- Кўпроқ сув ичинг, организм сувсизланиши жиддий муаммо;
- Шароит тўғри келса – туш пайтида 20-30 дақиқа ухлаб олинг;
- Ифторликда бирданига ва кўп миқдорда овқат тановул қилманг;
- Жисмоний машқларни чегараланг;
Унутманг – бу бир синов, ҳаммаси ортда қолади. Кўпи кетиб, ози қолди.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0