Тўйларни не томошага айлантирдик?...
Тўйга борсанг, тўйиб бор, ёмонлигинг қўйиб бор.
Халқ мақоли.
Ушбу халқ мақоли орқали донишманд ота-боболаримиз тўй шунчаки кўнгилочар тадбир ёки овқатланиш маросими эмаслигини англатиб, уқтириб турибди. Таъбир жоиз бўлса, аждодларимиз асрлар оша биздан тўйда номуносиб ва ножўя қилиқлар, беҳаёликларга йўл қўймасликни талаб этишмоқда. «Тўйга борсанг, тўйиб бор», деганда нима назарда тутилган? Авваламбор, тўйга оч назар билан эмас, кўзинг тўқ борсин. Нафсингни жиловлаб бор. Қалбингда меҳр-муҳаббат, иззату икром билан бор. Тўйга сен билан соғинчу самимият кириб борсин. Сендан оқибат, хайру барака уфуриб борсин.
Тўйлар қадимдан жуда катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлган. Никоҳ тўйлари икки тақдирнинг яхшилик йўлида бирлашаётганини, «Қудачилик – минг йилчилик» деган ҳикмат билан бир-биридан йироқ бўлган одамлар минг йилларга ришта боғлаётганини элга билдираётган тадбирдир. Хатна тўйларини ўтказишдан мақсаднинг улуғлиги таърифига сўз ожиз. Хатна тўйи муносабати билан боланинг «қўли ҳалоллангани» ва у бундан буён ҳаромдан ҳазар қилувчи мусулмон уммати эканини билдирувчи белги овозасидир.
Тўй ўтгач, шу хонадонда хурсандчилик, бахтиёрлик, хайру барака қолиши керак. Ширин дийдорлардан ширин хотиралар, соғинчлар қолиши керак. Тўйдан меҳру муҳаббат қолиши керак. Тўй ўтказган одамнинг армонлари ушалиб, елкасидан юк тушиши керак.
Тўй ёшлар қалбига катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, эл-юртга эътиқод, қариндош-уруғга оқибат ҳамда инсонликнинг гўзал кўринишларини жойлаши зарур.
Биз шу кунларда тўйларни не томошага айлантирдик?
Тўйдан кейин, тўй қилган одам қарзга ботиши, инфаркт, инсульт, диабет, невроз каби оғир касалликларга дучор бўлиши, ширин жонида руҳий хасталиклар орттириши керакми?
Мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларига эҳтиёж катталигига қарамай, ўша жойларда ҳам миллиард-миллиард АҚШ долларига қурилган тўйхоналарига кўзингиз тушади. У тўйхоналарга тўй баҳона бир неча соатга кириб чиқишимиз неча кун ёдимизда қолади. Уч кун, бир ҳафта, нари борса, бир ой. Орадан ярим йил, бир йил ўтиб эса ўша тўйхонага кимнинг тўйи муносабати билан келганимиз ёдимиздан ҳам чиқиб кетади.
Тўй эгаси қилган харажатлари-ю, олган қарзларини тўлаш учун йўқ деганда, уч йил орқага кетади. Фақат маошга кун кўрадиган оилалар эса ўпирилиб кетган оила бюджетини қайта тиклаш учун яна бир умр соғлиғига жабр қилиб меҳнат қилиши керак бўлади. Қарз олиб ўз вақтида қайтаролмаган одамлар олдидаги виждон азоблари бир бутун оиланинг, шу жумладан, янги оиланинг ҳаловатини бузади. Қарзларни тўлаш муддати ўтаётганидан асаби бузилган куёвнинг ҳар куни ишдан хомуш қайтиши, унга ёрдам беролмаётган келинчакнинг ҳам ота уйидаги чиқимларни ёпишга ожизлиги асал ойини изтироб ойига айлантирмайдими?
«Тўй ва таъзияға сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойлардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да, обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур», деган гапларини жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий худди шу кунларда айтаётгандек.
* * *
Тўй – тарбиявий аҳамиятга эга шодиёна. Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда айланаётган баъзи бир тўйлардаги беҳаё «рақс»ларни кўриб, дилинг беҳузур бўлади, кўнглинг айнайди. Айниқса, бундай кўринишларда аёлларнинг даврага тушиб қилаётган хатти-ҳаракатларига хайфинг келади. Тўйга келган ёш-ёш гўдаклар уларнинг ҳаракатидан ёввоий тўдага дуч келиб қолган қушчалардек қўрқувда. Иболи, ҳаёли хотин-қизлар йиртқичлардан қочгандек ўзини четга олади. Тўй экан, деб маҳалладаги нуронийларнинг олдида бундай хурмача қилиқлар қилиш учун инсон қайси «ёввоий тўдалар билан бир охурдан ем еган» бўлиши керак?
Кулфатларнинг дояси – ароқ. Спиртли ичимлик ичиб автоуловларга ўтирган куёв жўраларнинг шовқин-сурони, бақир-чақирида тарбия кўрмадик. Тўйлар ва ҳар хил «ювди-ювди» маросимларидан сўнг автоуловларда катта йўлларга чиқиб, Аллоҳ берган умрларга завол бўлаётганлар ҳам ёшлар экани мусибат устига мусибат. Бу бир марта берилаётган умрга хиёнат. Навқирон йигитлар ароқ туфайли тупроқ билан битта бўлиб, ота-онани куйдириб кетишига йўл қўймаслик керак. Бу борада ҳуқуқ-тартибот ходимларига барчамиз камарбаста бўлишимиз шарт.
Туркман шоири Махтумқулида шундай сатрлар бор:
Биров билан ошно бўлай десангиз,
Маъракада ўтириб-туришин кўринг.
Қайсидир бир ижтимоий тармоқ тасвирида белига спиртли ичимлик солинган пиёлани қўйиб, жазавага тушаётган «аёл»ни даврадаги бошқа аёллар қийқириб олқишламоқда, унинг устидаги пиёлага бир барзанги ароқ қуйиб кетмоқда. Уят! Баъзи бир бегона эркаклар ва аёлларнинг ширакайф ҳолатдаги «рақс»ларини айтишга, ёзишга уяласан. Қутурган ит қопганмикин, дея, нафратингга ифода тополмайсан. Ўша аёл қайси оилада яшайди экан? Уни шу бешарм «рақс»ини олқишлаётган аёллар қайси маҳалладан? Уни ким тўйга чақириб келган, у кўрсатаётган томоша қайси муаллиф «ижоди» ва у нима мақсадда тўйда илондек тил чиқариб тўлғонмоқда? Биттасининг «рақси» – «Чангак рақси» эмиш. Уйида касали чангаллаб, тутиб қолса ҳам кўрган одам учун қўрқинчли. Бу эса тўйда чаёндек гажак бўлиб ётибди. Бундай шайтон базм авж олган, жирканчлик ифодаланган, тутқаноқ тутаётгандек алаҳсираб даврада ағанаётган, қалтираётганлар базмига айланган тўйнинг тўйлиги қолдими? Унда эзгуликка дахлдор нима бор? Қани соғинган дийдорлар иззати, қани тўйхонадагиларга ҳурмат? Қани маънавий қадриятларимизга муносабат? Айрим тўйларда аёлларга хос рақсга тушаётган эркакларни кўриб юрагимиз орқага тортиб кетади. Бу «рақси» билан нима демоқчи? Алҳазар!
* * *
Маълумки, Яратган дунё аҳлига, жумладан инсон оламига бир қанча неъматларни ато этиб, уларни берилган неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, исрофга йўл қўймасликка чақиради. Бу борада Қуръони Каримда: «...Шунингдек, еб-ичинглар, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай» (Аъроф сураси, 31-оят) дейилган.
Айни пайтда ҳадиси шарифда: «Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга берилманглар», деб марҳамат қилинган.
Лекин, минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунга келиб аксарият холларда исрофдан сақланиш эътибордан четда қолмоқда. Айтишимиз мумкинки, исроф моҳияти шуни ифода этадики, неъматнинг хоҳ унинг баҳоси қиммат ёки арзон, нодир ёки сероб бўлишидан қатъи назар, мақсадсиз истеъмол этиш исроф маъносини ифода этади.
Халқимизда ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун бўлиш, тўй ва маросимларини бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали қиламан, деб фарзандларининг бахтини ўйламай исроф ишлар (сон-саноқсиз автоулов, бир неча юз нафар киши, бир қанча ҳофизларни жалб қилиш ва ҳоказо)га қўл уриб, натижада кўнгилсизликларга учраш эса ачинарли ҳол.
Аслида тўй-маросимларни меъёрида, дабдабасиз, исрофга йўл қўймаган ҳолда ўтказиб, тўйга сарфланадиган ортиқча маблағлар ёш келин-куёвларнинг келажак ҳаётларида асқатадиган зарур маиший жиҳозларга сарфланса, қандай гўзал бўлади.
Бир донишманд айтганидек, «Саховатли бўл, аммо исроф қилма, тежамкор бўл, лекин бахил бўлма». Исроф сахийлик эмас, тежамкорлик бахиллик эмас. Тежамкор киши пулини керагидан ортиқча сарфламайди. Пулини фақат ҳаёти, рўзғори, эҳтиёжи учун зарур бўлган нарсаларга харжлайди. Тежаган киши асло фақир бўлмаслигини, балки икки дунёсаодатига эришишини таъкидлаб, муборак ҳадисларда «Иқтисод қилган киши фақир бўлмайди», деб марҳамат қилинган экан. Айнан шу маънода Абу Ҳанифа (р.ҳ): «Хайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир», деган бўлсалар. Суқрот камхарж бўлиб қолганидан шикоят қилган кишига қарата: «Исрофингга бир чегара қўйиб, маблағингни тежа, ўзинг ўзингдан қарз ол, шунда аҳволинг яхшиланади», деган экан. Донишманднинг тавсияси бугунги кунда ҳар қадамда исрофга йўл қўйиб, ҳаёти қийинчилигидан шикоят қилаётган кишиларни тўғри йўлга чорлаётгандек бўлиши барчага сир эмас.
Тўйлардаги исрофгарчиликлар биргина тўй қилаётган оилага эмас, халқимизга тегишли бўлган ресурсларимизга ҳам кўпдан-кўп зарар келтирмоқда. Исроф деб, фақат шахсий маблағи, бойлик ёки мулкни совуриш тушунилмайди. Ҳаётимиз учун зарур бўлган электр энергиясини тежаш, табиий газдан, ичимлик сувидан меъёрида фойдаланиш ҳамдир. Халқимизда «Вақтинг кетди, нақдинг кетди» деган ҳикматли гап бор. Тўйга чақирилган одамларнинг қимматли вақтини беҳуда кетказиб, ишдан, ўқишдан, изланишдан чалғитиш ҳам исрофнинг турларига киради. Тўй – муқаддас шодиёнадир.
Тўйларимиз бахтиёрлигимиз, ақлу одобимиз, қадр-қимматимиз белгиси бўлиб, маросимлардан кейин ҳам қувончларимиз бардавом бўлсин.
Зулфия МЎМИНОВА,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган маданият ходими,
шоира
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0