Тошкент вилоятидаги ягона инклюзив таълим мактаби
Оҳангарон туманида жойлашган бу марказда 80 нафардан зиёд 5 ёшдан 30 ёшгача ногиронлиги бўлган, саломатлиги туфайли уй шароитида таълим олувчи ёшлар касб-ҳунарга йўналтирилмоқда.
Хабарингиз бор, ўтган ойда Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида йирик ижтимоий лойиҳа доирасида кўргазмалар бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда лойиҳа фаолларининг эътиборини тортган жиҳат – кўргазмада вилоятдаги ягона инклюзив таълим мактаби ҳам қатнашиб, совға ва гуллар олиб келишди. Қолаверса, сотувдан тушган пулларни бемор болаларга ҳадя қилишди. Ўзи инклюзив мактаб бўлишига қарамай, ёрдамга муҳтож болаларга мадад қўлини чўзгани ибратли ҳолат.
Ушбу таълим маркази Оҳангарон туманидаги Ёшлар марказида жойлашган бўлиб, ҳозирда у ерда 80 нафардан зиёд 5 ёшдан 30 ёшгача ногиронлиги бўлган, саломатлиги туфайли уй шароитида таълим олувчи ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари таълим олиб, касб-ҳунарга йўналтирилмоқда. Ёшлар ишлари агентлигининг ташаббуси ва амалий кўмаги билан ташкил этилган ушбу марказ фаолияти ногиронлиги бўлган ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Марказ координатори Феруза Юлдашева касбга йўналтириш бўйича фаолият олиб борса, Мухлиса Саттарова таълим йўналишида фаолият юритиб келмоқда. Шунингдек, дефектология соҳасини тамомлаган мутахассислар ҳар бир иштирокчининг ўзига хос хусусиятлари, нуқсонига кўра ёндашиб, ёшларга хизмат кўрсатмоқдалар.
Марказга ақлий ривожланишида нуқсони бор, таянч ҳаракат аъзолари шикастланган, кўриш нуқсонига эга, нутқ нуқсонлари бўлган, аутизм ва даун синдроми мавжуд болалар, шу билан бирга, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оила фарзандлари келиб, ўзлари учун керакли психологик ва логопедик ёрдам олишмоқда, касб-ҳунар эгалламоқда. Иштирокчиларни касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида инклюзив таъим марказида «Декоратив безак», «Бисерчилик» ва «Моҳир қўллар» тўгараклари ташкил этилган.
Тўгаракда иштирокчилар изолон матосидан безак учун гуллар, фоамирандан соч безаги, бисерлардан декоратив дарахт, полиэтилен пакетларда безакли гуллар, мунчоқлардан диадема ясашни қунт билан ўрганишмоқда.
Туман ва вилоят миқёсида ташкил этилаётган турли кўргазмаларда ўқувчилар ўзларининг ижод намуналари билан иштирок этиб келишмоқда.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0