Ўқувчилар ишлаши мумкин бўлган иш ва касблар рўйхати тасдиқланиши мумкин
Ўзбекистонда умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотлари ўқувчиларининг меҳнат қилиши мумкин бўлган енгил турдаги ишлар ва касблар рўйхати тасдиқланиши мумкин.
Ўзбекистонда умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотлари ўқувчиларининг меҳнат қилиши мумкин бўлган енгил турдаги ишлар ва касблар рўйхати тасдиқланиши мумкин.
Бу борада ишлаб чиқилган қарор лойиҳасига кўра, соғлиғига ҳамда маънавий камол топишига зиён етказмайдиган, ўқитиш жараёнини бузмайдиган енгил меҳнатни ўқишдан бўш вақтида бажариши мумкин бўлган умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотлари ўқувчиларининг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида уларнинг меҳнат қилиши мумкин бўлган енгил турдаги ишлар ва касблар рўйхати тузилади.
Ҳужжат лойиҳасидаги рўйхатда 40 та ишлар ва касблар номлари келтирилган. Хусусан, ўқувчилар официант, сотувчи, сартарош, буюмларни қўлда тахловчи-қадоқловчи, деҳқон хўжалиги аъзоси, юкчи бўлиб ишлашлари мумкин.
Бунда 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган ходимларнинг иш вақти фақат юкларни қўлда кўтариш ва ташиш билан боғлиқ бўлган ишлардан иборат бўлганда, улар учун юк кўтариш ва ташиш нормасининг чегараси 4,1 килодан оғир бўлмаслиги, шунингдек улар аравача ва вагонетка ёрдамида юк ташишларига жалб этилмаслиги лозим.
16 ёшгача бўлган вояга етмаганлар иш вақтининг учдан бир қисми юкларни қўлда кўтариш ва ташиш билан боғлиқ ишлардан иборат бўлганда, қўлда юк кўтариш ва ташиш нормаларининг чегараси ўғил болалар учун — 6,5 кило, қиз болалар учун — 3,5 килодан оғир бўлмаслиги лозим.
15-16 ёшли шахсларни ишга қабул қилиш унинг ота-онасидан бирининг (ота-онасининг ўрнини босувчи шахснинг) ёзма розилиги мавжуд бўлганда меҳнат шартномаси асосида амалга оширилади.
Шунингдек, 18 ёшга тўлмаган шахслар оғир ишларга ҳамда зарарли ва хавфли меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим. Иш берувчи 18 ёшгача бўлган ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши туфайли унинг ҳаёти ва соғлиғига ўзи етказган зарарнинг ўрнини қонунчиликда белгиланган тартибда тўлиқ ҳажмда қоплаши шарт.
Умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотлари ўқувчиларининг меҳнатидан фойдаланишда мазкур ҳужжатга риоя қилмаган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши кутилмоқда.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0