+20C

+20C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Вақт кушандасига айланаётган вайнлар

Бугунги кунда инсоният тамаддуни бамисоли беш дюймли шиша экран ичига қамаб қўйилгандай туюлади. Боз устига, биз кенгликка интилган сари торайиб, юксакликка талпинган сайин пастлашиб бораётгандекмиз. Тонг саҳардан кўзларимизга офтоб нури иниши ўрнига смартфоннинг совуқ ва жонсиз шуълалари санчилади.
Жамият
77 13:33 | 23.05.2026 13:33

Чунки ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг барча жабҳасига кириб борди. Айниқса, вайн деб аталувчи қисқа видеолар миллионлаб кишиларнинг вақтини ҳам, фикрлаш тарзини ҳам тубдан ўзгартириб юборди. Бир қарашда беозор кулгидан иборат бўлиб кўринган бу контентлар ортида аслида қандай ижтимоий манзара яширин? Ниманинг эвазига диққатимизни виртуал дунёга қурбон қиляпмиз?


Биласиз, ахборот ҳеч қачон ҳозиргидек тезкор ва арзон бўлмаган. Илгари бадиий асар ўқишга ҳафталаб, сифатли кино томоша қиллиш учун соатлаб вақт сарфлардик. Бугун эса атиги ўттиз сония ичида бизга ҳам кулги, ҳам хулоса, ҳам ҳиссиёт «тақдим» этилмоқда. Бу – «клипли фикрлаш» даврининг маҳсули. Одамлар узундан-узоқ суҳбатлардан, залворли мақолалардан ва кўп қисмли сериаллардан чарчади. Уларнинг ўрнини тез ҳазм бўладиган, чуқур мушоҳада талаб қилмайдиган роликлар эгаллади. Оқибатда мазмунсиз теленовеллалардан безор бўлган томошабин ижтимоий тармоқларга юзланди. Бироқ улардаги вазият ҳам ҳаминқадар: бир томонда
жамият иллатларини ўткир сатира остига олган ижодкорлар, иккинчи томонда фақат «лайк» ва кўришлар сони учун ҳар қандай қадриятни оёқости қилишга ҳозиру нозир «контентчилар» тўдаси
пайдо бўлди.




Албатта, вайнларнинг ижобий жиҳатларини инкор этиш адолатдан эмас. Улар замонавий медианинг энг эгилувчан шакли. Моҳир вайнерлар коррупция, бюрократия ва оилавий муносабатлардаги муаммоларни шу қадар содда ва лўнда ифодаламоқдаларки, баъзан унинг ўрнини ўнлаб мақолалар ҳам боса олмайди. Буни санъатнинг демократиялашуви дейиш мумкин.




Эндиликда чекка қишлоқдаги оддий йигит ёки қиз ҳам смартфон орқали миллионлаб инсонлар қалбига йўл топиши мумкин. Илгари халққа танилиб, севимли санъаткорга айланиш учун йиллаб меҳнат қилинарди. Ижтимоий тармоқлар эса янги-янги истеъдод эгаларини кашф қилиш учун яхши ижодий майдон вазифасини бажармоқда. Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, бу соҳада ҳам кишини жиддий ташвишга соладиган жиҳатлар бор.


Бизнинг болалигимиз анча беғубор ўтди. Ҳар қалай, севимли эртакларимиз, мультфильмларимиз ва қаҳрамонларимиз бор эди. Фарзандларимиз эса «Орқам ёняпти», «Эр керак, эр», «Сизники торми, меники дутор», «Ҳее сани онангни салённийси» каби шармсиз сўз-жумлаларни эшитиб-кўриб катта бўлишмоқда ва бу ўта оддий ҳолга айланиб бормоқда.




Дарвоқе, маънавий мезонларнинг емирилиши ва вақтнинг «виртуал ботқоқ»қа сингиб кетиши энг катта фожиадир. Аксарият вайнерлар эса оммавийлик ортидан қувиб, миллий менталитетимизга батамом ёт бачкана қилиқларни, катталарни масхара қилиш ёки аёл шаънини ерга уришни, юқоридаги каби ҳаёсиз сўзларни «кулги» деб тақдим этишмоқда.



Бу роликларни фарзандлар ота-оналари билан бир дастурхон атрофида ўтириб, томоша қилишаётгани маънавий иммунитетимиз сезиларли даражада заифлашганидан далолат беради. Чунки биз китоб ва театр ўргатадиган таҳлилий фикрлашдан узоқлашиб, лаҳзалик завқ ортидан югурувчи «истеъмолчи»га айланиб қоляпмиз. Айрим вайнлар девор ёриғидан сизиб чиқаётган сув каби жамият ахлоқига путур етказмоқда. Бу жараёнда вақт омили энг хавфли қуролга айланади. Бир неча сониялик роликлар аслида соатларимизни ўғирлаётган «маънавий қароқчи»лардир. «Яна бир кўрай», деган алдамчи истак билан телефонга михланган ёшлар айнан илм оладиган, ҳунар эгаллайдиган ва порлоқ келажак пойдеворини қурадиган қимматли дақиқаларини беҳуда бой беряптилар. Ҳолбуки, шу пайтгача биронта миллат фақат видео кўриш билан тараққиётга эришмаган.


Тўғри, биз замонавий технологиядан воз кеча олмаймиз. Бироқ восита ва мақсад ўртасидаги чегарани йўқотиш маънавий инқирознинг дебочаси ҳисобланади. Бугунги кунда сермазмун видеороликлар билан бир қаторда, томошабинни фикрлашдан узоқлаштираётган контентлар ҳам оз эмас. Кино ёки театр инсонни мушоҳадага, қаҳрамон тақдири билан яшашга, ҳаётнинг мураккаб жиҳатларини ҳис қилишга ундайди. Матбуот тафаккурни бойитади, таҳлил қилишга ўргатади, сўз бойлигини оширади. Айрим вайнлар эса кўпинча бир лаҳзалик ҳиссиёт билан чекланиб қолишаётир. Энг ачинарлиси, баъзи ижод намуналари ахлоқий мезонлардан тобора узоқлашаётир. Ваҳоланки, бой тарихга эга кино ва театр санъатимиз миллатнинг ҳақиқий маънавий қиёфасини белгилайди. Бу соҳа равнақига умрини бағишлаган фидойиларнинг меҳнати асло зое кетмаслиги керак.




Шу ўринда ҳақли савол туғилиши табиий: нима учун классик санъат турлари бугун бирмунча оқсамоқда ва уларнинг ўрнини ижтимоий тармоқ «ижодкорлари» эгаллашмоқда? Соҳа мутасаддилари бу саволнинг жавоби ҳақида жиддийроқ бош қотиришлари лозим.




Бизнингча, муаммо вайнларнинг ўзида эмас, балки улардан қандай фойдаланишда. Пичоқ билан нон ҳам кесилади, зарар ҳам етказилади. Демак, ижтимоий тармоқлар ҳам инсонни ривожлантириши ёки аксинча, уни тафаккур исрофига олиб бориши мумкин. Шундай экан, бугунги жамият олдида замонавий технологиялардан воз кечиш эмас, улардан онгли равишда самарали фойдаланишни ўрганишдек муҳим вазифа турибди. Одамлар бутун бошли ижтимоий тармоқни яхлит ҳолда назорат қилиш, ҳар бир видеони фильтрдан ўтказиш имкониятига эга эмас. Энг самарали фильтр томошабиннинг ички маданияти ва диди саналади.


Вайнлар кулдириши, кайфиятни кўтариши, икки-уч соатлик киносериалларда очиб берилмаган мазмун-моҳиятни ва ғояни икки-уч дақиқада томошабинга етказиши мумкин, аммо у тафаккуримизни эгаллаб олмаслиги керак. Кино, театр, китоб ва матбуотнинг ўрнини ҳеч бир қисқа видео тўлиқ боса олмайди. Чунки ҳақиқий санъат инсон қалбида узоқ яшайди, вақтинчалик кулги эса бир неча дақиқада унутилади.




Хулоса қилиб айтганда, вайнлар – замон маҳсули. Уларни бутунлай инкор этиш ҳам, ортиқча улуғлаш ҳам хато. Энг муҳими, инсон виртуал кулгиларга ружу қўйиб, ҳақиқий ҳаётни, чин туйғуларни ва маънавий қадриятларни йўқотиб қўймаслиги лозим.


Махсуда Мирзаева, журналист


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 6524 16:57 | 05.08.2023