90 фоиздан ортиқ ўқитувчи аттестациядан ўта олмаган: бу атайлаб уюштирилганми?
Интернет сарҳадлари эътиборни тортишга арзийдиган бир хабар тарқалди. Айтишларича, 90 фоиздан зиёд чет тили ўқитувчилари кузги аттестациядан ўта олмаган. Мазкур масала юзасидан хатто Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримовага мурожаат ҳам йўллашган. Норози педагоглар саволлар атайлаб қийин тузилганини, натижалар адолатсиз экани ва қайта имтиҳонлар зарурлигини таъкидлашмоқда.
Диққат: мактабларда ишлаб юрган 90 фоиздан ошиқ инглиз тили ўқитувчисининг, расмий нуқтаи назардан олганда талабга жавоб бермаслиги кучли резонанс уйғотади.
Биз мазкур масала юзасидан турли маълумотларни ўргандик ва ўқитувчиларнинг ўзи билан ҳам гаплашиб кўрдик. Айрим таҳлилчиларга кўра, асосий муаммо устамаларга бориб тақалади.
Ҳар қандай нормал жамият учун таълим жуда муҳим ва эътиборли мавзу саналади. У мамлакатнинг келажагига таъсир этувчи энг муҳим омиллардан биридир. 90 фоиз хорижий тил ва технология фани ўқитувчилар кўрсатган салбий натижа бўйича маълумот ҳар биримизни ҳушёр торттирмоғи ва уни ўрганиш лозимлигини ҳам таъкидлаш зарур.
Аввало ўқитувчиларнинг фикрига эътибор қаратсак. Вазир Эъзозхон Каримовага йўлланган мурожаатда устозлар тўрт асосий муаммони тилга олишган: биринчидан тест саволлар жуда қийин ва мураккаб тузилган, улар ўқитувчиларнинг кундалик фаолияти, ўқувчилар билан ишлаш жараёнига тўғри келмайди. Саволларда мантиқий ва лингвистик хатолар мавжуд. Тест саволлари педагог билимини эмас, тор академик қарашларини баҳолайдиган имтиҳонга айланиб қолган. Шунингдек, мурожаатда таъкидланишича, кўп ҳолларда тестологлар томонидан атайлаб мураккаблашган саволлар қўлланилган бўлиб, бу адолатсизлик ва руҳий босимни келтириб чиқаради.
Албатта, таълим шунчаки кўр-кўрона ёндашилиб кетиладиган, ёки юзаки хулосалар чиқариладиган соҳа эмас. Аммо мактабларда ишлаб юрган 90 фоиздан ошиқ инглиз тили ўқитувчисининг, расмий нуқтаи назардан олганда талабга жавоб бермаслиги кучли резонанс уйғотади. Таълимда муаммолар кўп, аммо у буткул жар ёқасига келиб қолмаганини таъкидлаш зарур. Бугун инглиз тилига муносабат тубдан ўзгарган. Ўзбекистон ёшлари бу тилни жиддий ўрганмоқда, ҳар йил юзлаб ёшлар АҚШ, Буюк Британия, Австралия каби давлатларга ўқишга кетмоқда. Ўзбекистондан IELTS имтиҳонидан ўта юқори балл олган истеъдодли йигит-қизлар етишиб чиқмоқда.
Аввало, бу аттестация ўқитувчиларга нима бера оларди, деган саволни қўяйлик. Ушбу синов жараёнларида турли фанлардан дарс берадиган 180 мингга яқин педагогларнинг иштирок этиши режа қилинганди. Мазкур аттестация жараёни орқали педагог ходимлар малака тоифасини ошириши, 70 фоизлик устамага эга бўлиши, вазир устамаси учун даъвогарлик қилиши ҳамда ‘‘Йил ўқитувчиси” танлови учун ўз номзодини илгари суриши мумкин бўлади. Имтиҳон натижаларини бекор қилиш ва қайта аттестация ўтказишни сўраб, 16 мингга яқин ўқитувчи бирлашган. Ушбу инсонлар очган Телеграм гуруҳларида асосий аргумент сифатида ўқитувчиларни устамалардан маҳрум этиш ва уларга юқори малака тоифаси бермаслик келтирилмоқда. Яъни, жуда камчилик устама олиши учун саволлар ўта қийинлаштириб юборилган.
Педагог Нафиса Ортиқовага кўра, минглаб ўқитувчилар норозилик билдиргач, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳам ташвиқот ишларини бошлаб юборган. “Улар атайлаб миннатдорлик ва бошқа мазмундаги контентларни эълон қилишни бошлашди. Аттестациядан ўтган кам сонли кишилардан интервю олиб эълон қилишмоқда”, дейди у. Юқори идоранинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасини кузатиш асносида бу фикр ўз тасдиғини топди.
Вазирлик эса 3 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларга муносабат берди. Баёнотдан совуқ кайфият уфуриб турибди, десак хато бўлмайди. Муносабатга кўра, аттестациядан норози бўлган педагоглар тест жараёнининг ўзидан платформа орқали тегишли топшириқ бўйича эътирозларини ёзиб қолдиришлари мумкин. Вазирлик муносабат бераркан, бу борада сурункали иддаоларга айланаётган “турли шахсларнинг шубҳали таклифлари”, “бўлаётган жараёнлар юзасидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик” каби жумлаларни ҳам эътибордан четда қолдирмаган.
Шунингдек, тест натижалари эълон қилинган кундан бошлаб ўн кун мобайнида pedagog.uzedu.uz платформасидаги шахсий саҳифалари орқали ёки ёзма шаклда апелляция мурожаат юбориш ҳуқуқига эга. “Афсуски, жараёндан ўз фойдаси йўлида фойдаланишга уриниш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Етарли балл тўплай олмаган педагоглардан турли чора-тадбирлар учун (адвокат хизмати 100 млн сўм) маблағ йиғишга даъватлар, аттестациядан ўтказиб қўйиш билан боғлиқ турли асоссиз таклифлар ҳамда айрим тест саволларини нотўғри шаклда, мазмунини ўзгартириб ижтимоий тармоқларга тарқатиш ҳолатлари содир бўлмоқда. Бу бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда”, - дейилади муносабатда.
Лекин, таълим бўйича эксперт Комил Жалиловга кўра, ушбу муносабат вазиятни ҳал этмайди, балки уни мураккаблаштиради. “Баҳорги аттестация ортидан бир қанча фанлар ўқитувчилари - айримлари индивидуал тарзда ва айримлари гуруҳ бўлиб - вазирликни судга беришди. Мен кузатган суд мажлисларда судьялар ишни адолатли ва ҳар томонлама кўришди дея олмайман: инглиз тили ўқитувчиси вазирликни судга берган ҳолатда ўқитувчи адвокат ёллай олмаган, бир ўзига вазирликнинг бир қанча мутахассислари ва юристи қарши чиқди”, дейди у. Жалиловга кўра, вазият суд жараёнига қадар етиб борса, кучлар мутлақо тенг бўлмайди. Аввал ҳам ўқитувчилар икки бор вазирликни судга берган ва иккисида ҳам ютқазган. Судлашиш осон жараён эмас. У мустаҳкам асабни, вақтни ва ҳатто пулни (масалан, адвокат хизмати учун) талаб этади. Экспертга кўра, вазирлик билан судлашиб, адолат ўрнатишнинг деярли иложи йўқдек.
Вазирлик эса аттестацияни қайта ўтказиш бўйича ният йўқлигини таъкидлаб ўтган. Шу ўринда бу маълумотни кўздан қочирсак бўлмайди. Айрим мактабларда аттестация натижаларидан норози эмаслигини билдириш бўйича ўқитувчиларга босим бошлангани айтилмоқда. Бу борада тегишли хабарлар ихтиёримизга келиб тушди. Жумладан, қорақалпоғистонлик педагогларга 4 ноябр куни тушгача тегишли хулосаларни директорларга тақдим этиш сўралган. Яъни, норози ўқитувчилар “армия”сига қарши “жавоб зарбаси” ҳозирланмоқда.
Одатда, бир муаммо кўтарилгач, унга ечим ҳам бер деган иддаолар янграйди. Бизнингча, вазирлик қуруқ ва расмий риторикада қочиб, норози ўқитувчилар билан соғлом мулоқотга қайтиши керак. Ҳозир ахборот асри, кўп нарсани яширишнинг илож йўқ. Таълим вазирлиги мутасаддилари бир платформа орқали ўқитувчиларга тушунтириш беришса ёки уларнинг фикрларини очиқ эшитиб, жавоб қайтаришса мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки ўртада жамият тақдири, таълим ва миллат масаласи турибди. Шаффофлик муаммоларни осонлаштиради, ёпиқлик эса вазиятни мураккаблаштиради.
Таъкидлаш керакки, биз ўз сўзларимиз билан мутлақ ҳақиқатни даъво қилмаймиз. Аммо минглаб ўқитувчиларнинг адолат истаб мурожаат қилиши, таълим учун жон куйдираётган фаолларнинг фикрлари барчамизни хушёр торттириши керак. Расмийлар уларни эшитиши, ўртада соғлом диалог ўрнатилиши, пўписа ва таҳдидга монанд муносабатлардан чекиниши керак, дея хулоса қиламиз.
Аброр Зоҳидов



Maqolaga baho bering
0/560
1
1
0
0