Якуний ҳисоб-китоб тартиби қандай?
Савол: Ходим меҳнат таътилидан кейин етти ой ўтиб, меҳнат шартномаси бекор бўлди. Унга якуний ҳисоб-китоб неча кунга ҳисобланади?
Саволга Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Тошкент вилояти бўйича меҳнат-ҳуқуқ инспектори Муҳаммаджон Рўзметов жавоб берди.
— Меҳнат кодексининг 172-моддасига асосан, Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходим билан ҳисоб-китоб қилиниши керак. Ҳисоб-китоб ходимга: охиригача олинмаган иш ҳақини; ходим томонидан фойдаланилмаган барча асосий ва қўшимча таътиллар учун компенсацияларни; агар меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ёхуд меҳнат шартномасида бошқа тўловларни тўлаш назарда тутилган бўлса, ушбу тўловларни тўлашни ўз ичига олади.
Меҳнат кодекининг 224-моддасига асосан, ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда унинг давомийлиги ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътилининг тўлиқ миқдорини ўн иккига бўлиш ҳамда тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади.
Бунда ўн беш календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган ортиқча кунлар бир ой деб яхлитланади, ўн беш календарь кундан ками эса ҳисобга олинмайди. Ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда меҳнат таътили кунлари умумий давомийлигини ҳисоблашда олинган 0,5 га тенг ва ундан кўп ўнликлар бир кун деб яхлитланади, 0,5 дан ками эса ҳисобдан чиқариб ташланади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, етти ойлик ишлаган даврига нисбатан ҳисоб-китоб қилинади.



Maqolaga baho bering
0/50
0
0
0
0