Покистон ва Ҳиндистоннинг Тошкентдаги келишуви – давлат раҳбарининг кутилмаган ўлими
Сўнгги ўн кунликда дунёда яна бир ихтилоф аланга олди. Бу Покистон ва Ҳиндистон қарама-қаршилигидир. Ядровий қурол ва улкан ҳарбий салоҳиятга эга бўлган икки давлат келишмовчилиги жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Ўртада содир бўлган майда тўқнашувларда ўнлаб одамлар ҳалок бўлди, ҳарбий техникалар йўқ қилинди. Ҳиндистон ва Покистон келишмовчилиги тарихий илдизларга эга. Бу можаро тарихида Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри ҳам ўрин эгаллайди. 1966 йилда айнан Тошкентда икки давлат етакчилари собиқ СССР етакчилигида музокаралар ўтказганди.
1965 йилда Покистон ва Ҳиндистон ўртасида иккинчи уруши юз берди. Шу йилнинг баҳорида икки давлат ўртасида Катта Катч Ранн чегара ҳудудининг чўл қисми учун можаро бошланди. Можарони ким қўзғатгани номаълумлигича қолмоқда, бироқ март ва апрель ойларида икки давлат чегарачилари ўртасида қуролли тўқнашувлар содир бўлган ва қуролли кучлар тўлиқ жанговар шай ҳолатга келтирилиб, чегарага жойлаштирилган. Можаро кучайиб кетишига йўл берилмади: вазиятга Буюк Британия аралашди, унинг воситачилигида томонлар 30 июнь куни ўт очишни тўхтатиш тўғрисида битим туздилар. Афсуски, шу билан ҳаммаси тугамади. Катч Ранндаги воқеалар, афтидан, Покистон раҳбариятини Кашмир муаммосини куч билан ҳал қилишга уринишга ундади. 1947-1948 йиллардаги Биринчи Ҳинд-Покистон урушидан сўнг Кашмир икки қисмга бўлинган ва улар урушаётган томонларга берилганди. Покистон штатнинг Ҳиндистон қисми устидан назорат ўрнатишдан умидини узмаганди. Покистон разведка хизматлари Ҳиндистон Кашмирига 1965 йил август ойи бошида қўзғолон бошлаши ва ҳиндларга қарши партизанлар урушини бошлаши керак бўлган ўқитилган диверсантларни юборишни бошлади. “Гибралтар” номини олган ушбу операция тўлиқ муваффақиятсизликка учради. Ҳиндлар бунга жавобан, 15 август куни штатнинг Покистон назоратидаги қисмига бостириб кирди.
22 сентябрь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши урушаётган томонларни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. 23 сентябрда уруш тугади. Шундан сўнг СССР ўз воситачилигида 1966 йил 10-11 январда Покистон президенти Аюб Хон ва Ҳиндистон Бош вазири Лаъл Баҳодир Шастрини Тошкентда музокаралар ўтказишга таклиф этди.
Тошкентга учиб келган делегацияларга СССР Вазирлар маҳкамаси раиси Алексей Косигин раҳбарлик қилган. Ҳиндистон бош вазири Лаъл Баҳодир Шастри ва Покистон президенти Муҳаммад Аюб-хон ўртасида бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон ССР раҳбари — Шароф Рашидов ҳам фаол иштирок этган. Алоҳида таъкидлаш керакки, Шароф Рашидов бу музокараларда ўзининг дипломатик хислатини ва ўзбекона меҳмондўстилигини намоён этган.
Музокаралар учун нега Тошкент танланди, деган савол ҳам бор. Айрим таҳлилчиларга кўра, Тошкентнинг ҳинд ва покистонликлар учун географик, маданий ва тарихий яқинлиги инобатга олинган. Зеро, Марказий Осиё бу икки давлатга тарихан жуда катта таъсир кўрсатган минтақа эди. Бундан ташқари Тошкент ўша пайтдаги Москвага қараганда тинч ва сокин, сиёсий мулоқот учун қулай шаҳар эди. Дунё бўйича ОАВ вакиллари Тошкентга етиб келишади ва музокараларни фаол ёритиб туришади.
Тарихчиларга кўра, Тошкент учрашувининг ташкил этилиши совет коммунистларнинг улкан дипломатик ютуғи эди. Собиқ Иттифоқ кўпроқ Ҳиндистон билан ижобий алоқаларга эга эди, чунки Покистон НАТО билан ҳамкорлик қиларди. Ўз ўрнида советлар мазкур ишга жосуслар аралашувидан қўрқиб, музокаралар жойи сифатида тинч ва чеккароқ ҳудуд бўлган Тошкентни танлашган, деган қараш ҳам бор.
Умумий сиёсий келишмовчиликлар бўйича бир неча кун давом этган мураккаб муҳокамалардан сўнг 10 январь куни Ҳиндистон Бош вазири Лаъл Баҳодир Шастри ва Покистон президенти Аюб Хон урушни тугатиш ва урушаётган мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий муносабатлар ўрнатилишининг бошланиши бўлган Тошкент декларациясини имзолайдилар.
Ўша куни кечқурун Ҳиндистон, Покистон ва СССР дипломатлари тарихий ҳужжат имзоланганини катта тантана билан нишонладилар. Байрам тўхтагач, маҳаллий вақт билан тунги соат 01:00 да Шастри тўсатган бетоб бўлиб қолди ва бир соатдан кейин юрак хуружидан вафот этди. Лаъл Баҳодирнинг шахсий ёрдамчисининг эслашларига кўра, бош вазир ўзини яхши ҳис қилган ва ухламоқчи бўлган, бироқ тўсатдан ўрнидан туриб, ҳинд тилида “Она, она” деб йиқилиб тушган. Эрталаб Тошкент аэропортида бош вазирнинг жасадини Ҳиндистонга қайтариш маросими бўлиб ўтди, Шастрининг тобутини кўтарганлардан бири унинг собиқ рақиби, узоқ вақт у билан кўришишдан бош тортиб келган Покистон президенти Муҳаммад Аюб Хон эди.
Афсуски, Шастрининг ўлими музокаралар жараёнига салбий таъсир қилди. Ҳатто айрим доираларга ҳинд бош вазири заҳарланган деган қарашлар ҳам пайдо бўлди. Аммо бу фаразлар ўз исботини топмади. Шифокорлар бош вазир инсульт сабаб вафот этган, дея хулосага келишди.
Шастри бош вазир сифатидаги қисқа муддатда Ҳиндистоннинг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлашга муваффақ бўлди ва у ўлимидан сўнг энг олий орден — Бхарат Ратна билан тақдирланган биринчи фуқарога айланди. Шастри хотирасига Деҳлида Вижай Гҳат ёдгорлиги очилган бўлса, орадан 10 йил ўтиб, 1976 йилда у вафот этган Тошкентда марҳум вазирга аталган ёдгорлик очилди. Ёдгорлик бюст шаклида қилинган, пушти гранитдан ясалган пойдеворга ўрнатилган. Бугунги кунда бу ерга Ҳиндистондан кўплаб меҳмонлар ташриф буюришади. Бундан ташқари, Тошкентда Шастри номидаги ҳинд маданият маркази ва унинг номидаги мактаб ҳам бор, уларда ҳинд тилидан ҳам дарс беришади.
Бироқ Тошкент декларацияси томонларга узоқ ва барқарор тинчлик келтирмади. Беш йил ўтгач, яна уруш олови авж олди. Бу сафар воқеалар марказида Шарқий Покистон (ҳозирги Бангладеш) турди. Сиёсий можаро Ҳиндистон учун ижобий натижа билан якунланди ва Покистон иккига ажралиб кетди. 1971 йилда декабрда мустақил Бангладеш давлати тузилди. Бангладеш Ҳиндистоннинг ҳарбий аралашуви ортидан мустақилликка эришди. Бангладешда ҳар йили 16 декабр Ғалаба куни сифатида нишонланади.
Жанглар тугаши биланоқ Покистон президенти Яҳё Хон истеъфога чиқди; Унинг ўрнини Зулфиқор Бхутто эгаллади, у ҳатто уч йилдан сўнг собиқ Шарқий Покистон халқидан “уларга қарши жиноятлар учун” расман кечирим сўради. Бхуттонинг ютуқлари орасида у Бангладешнинг янги ҳукумати талаб қилган барча покистонлик ҳарбий асирларни судсиз озод қилишга муваффақ бўлди. 1972 йилда Симла келишуви имзолангандан кейин ҳар учала давлат ўртасидаги муносабатлар нормаллашди.
Зулфиқор Бхутто 1972 йилнинг январида ҳокимиятга келганидан сўнг дарҳол Покистоннинг ядро қуролини ривожлантириш дастурини бошлади. Тошкент келишувидан кейин юз берган 1971 йилги уруш Ҳинд-Покистон можаролари сериясидаги энг йирик уруш сифатида тарихга кирди.
Аброр Зоҳидов
Maqolaga baho bering
0/50
0
0
0
0