Ўзимиз тўқиган урфлар ёхуд тўйларимиздаги ўйлар
Тўйлар, у хоҳ суннат, хоҳ никоҳ тўйи бўлсин, йиллар давомида ўзига хос ўзгаришларга учради. Кимдир «замонавийлигини» намойиш қилиш учун Европага хос удумни сингдирди – вальс қўшди, гулни ортига улоқтирди ва яна аллақандай одатларни ўйлаб топди.
Кимдир сахийлиги ёки мол-мулкини кўз-кўз қилиш учун дастурхон ҳажми, сеплар кўлами, меҳмонлар сонини оширгандан-оширди, айниқса, дабдабабозлик ва кўз-кўзчиликка ўч табақа ўртасида кимўзарлик пойгаси бошланди: турли безак ва ҳашамлар, тўй ўтказиш дастурларида комплекслашув, байрамона мушакбозлик, тўй кортежи – машиналар карвони каби урфлар авж олди.
Ҳатто қуданикига олиб бориладиган тўёналарга мато кийгизилиб, қўйлар бўйнига алвон тасма боғланди. Хуллас, ким нима яратса, тўй ҳашамларига олиб бориб қўшаверди. Оқибатда ўртача ҳар бири 100 миллион сўм харажатни талаб қиладиган тўйлар мажмуаси дунёга келиб қолди. «Аслида моҳият нима эди?» деган савол эсимиздан ҳам чиқиб қолди. Илгари бугунгидек ёшларнинг ҳалол никоҳдан ўтишлари расмийлаштирилмаган ва уларнинг қўлларида далилий ҳужжат бўлмаганлиги туфайли элга билдириш урфи қўлланилган ва моҳият ҳам шу эди. Ҳозир эса ёшлар қўлига никоҳ гувоҳномаси берилади. Қолган ҳою ҳавасларнинг барчаси шунчаки дабдабабозлик ва айрим ҳолларда калтабинликнинг меваси, холос.
Эҳтимол, кимдир «Хўш, болангнинг тўйи учун 100 миллион сўм кетса, нима бўпти?», дейиши мумкин. Балки кимгадир бу маблағ арзимас чақадир. Бироқ бошқадан кам бўлмай, элдан қолмай деб, тўй ортидан қарзга ботиб, бошини ушлаб қолганлар камми? Ёки қарз олмаган тақдирларида ҳам, бу маблағни емай, ичмай, ҳатто ўзларининг саломатликларидан ҳам аяб ёки болаларининг шартнома пули, тўгаракларидан қизғаниб йиққанлари қанчани ташкил этади? Хўш, ана шу маблағни вақтида фарзандимиз илмига сарфлаганимизда нима бўларди?
Мен тўйлар қилинишига мутлақо қарши чиқаётганим йўқ. Зеро, у азалийдир. Келинг, унинг тарихига юзланиб кўрамиз. Ўзбек миллати, умуман, Марказий Осиё халқларида азалдан тўю тантаналар ҳаётнинг муҳим қисмини эгаллаб келган. Агар халқ оғзаки ижодига мансуб эртак ва достонларга юзланадиган бўлсак, воқеа охирида асар қаҳрамонлари бўлмиш ошиқлар бахтига етиб, «қирқ кечаю-қирқ кундуз тўй қилишгани» баён этилади. Қолаверса, аксарият достонларимиз воқеалари исломгача бўлган даврни қамраб олган. Бу эса халқимиз азалдан шодиёналарини тўй қилиб, тантанали нишонлашга мойил бўлиб келганлигидан далолатдир.
Бундан ташқари, Шарқ халқларида жамоавийлик ҳисси устун бўлиб, улар ўзлигини жамоа ва элдан ташқарида кўришмайди. Бунинг ҳам ўзига хос илдизлари бор. Маълумки, одамлар жамоа бўлиб бирлашишга нафақат иқтисодий, ўзини ҳимоя қилиш каби нуқтаи назарлардан, балки маънавий жиҳатдан ҳам муҳтож бўлганлар. Агар юртимиз тарихига оид энг қадимий манба сифатида сақланган «Авесто»га суянадиган бўлсак, патриархал тузум ҳукмронлик қилганини, яъни оталар мавқеи ўша даврларданоқ оилада етакчилик касб этганини ва бундан келиб чиққан ҳолда, оиладаги ўзаро тартиб-интизом мустаҳкам бўлганини, шунингдек, бугун жамоавий бирлашма бўлган маҳаллалар ўша даврларданоқ амал қилиб келаётганини, элчилик муносабатлари шаклланганини кўришимиз мумкин.
Мисол учун, катта патриархал оилани «нмана» дейишган. Бир қанча нманалар жамланиб, уруғ бўлган ва вис дейилган. Буни бугунги маҳаллаларга қиёслашимиз мумкин. Ҳар бир маҳаллада маълум бир етакчи ҳунармандчилик тури, уруғчилик анъаналари, географик ўзига хосликларга кўра, анъана, тарбиявий муҳит, удум ва қадриятлар, шунингдек, тўйлар юзага кела бошлаган.
«Авесто»га кўра, оқсоқоллар кенгашадиган «Эркаклар уйи» бўлган. Унда маҳалла билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилган. Шунингдек, бирга овқатланадиган «оловхона»лар аждодлар яхши кун ва тўй-маъракаларни азалдан бирга ўтказишга мойил бўлганини билдиради. Бу эса жамоавий тартиб-интизом ва ахлоққа асосланган жамоавий тарбияни тақозо этган. Кўриб турганингиздек, тўй-маросимларнинг илдизи жуда қадимга бориб тақалади. Тўй атамаси олимларнинг ўрганишларига кўра, туркийдир. Қадимда ушбу атама чиғатой хонлари, мўғуллар даврида қўлланилгани манбаларда келтирилади. Хусусан, арабистонлик сайёҳ Ибн Баттута XIV асрда бизнинг минтақамизга – Мовароуннаҳрга саёҳат билан келади ва бу ерда кўрган-эшитганларини ўз эсдаликларида қайд этиб боради. Унинг келтиришича, хонлар, хусусан, Чингизхоннинг авлодлари, бек ва амирлари, лашкарбошилар ҳамда обрўга эга аёллар иштирок этган «той»лар, яъни йиғинлар ҳар йили ўтказилган ва у қурултой, деб аталган. Хусусан, ҳижрий 1280, милодий 1864 йилнинг 5 майига қадар Ҳасан Мурод қушбеги – вазир ўғли Муҳаммадни Юсуфбек хоннинг қизига уйлантиради ва бир неча кунлик «той», яъни зиёфат беради. Бунда, аввало, амалдорлар ва пулдор одамларнинг дабдабабозликка ўч бўлганини, иккинчи томондан, улар камбағал қатламга хайр-эҳсон қилишганини ҳам кўриш мумкин.
Умуман, миллат зиёлилари азалдан дабдабали тўй-ҳашамларга қарши қаттиқ курашиб келишган. Хусусан, жадидларимиз тўйга кетадиган ақчаларни мактаб, мадраса, қироатхона ва шифохоналарга сарфлашга даъват қилишган. Керак бўлса, бу йўлда ўзлари элга намуна бўлишган. Жумладан, «Садойи Фарғона» газетасининг 1915 йилги 2 апрель сонида чоп этилган мақолада ёзилишича, қўқонлик зиёли савдогар Ҳожи Маҳмудхон ва Мулла Юсуфжон атторлар ночор оила фарзандларининг суннат тўйларини ўтказиб беришган. Мухтасар айтганда, тўйлар шодиёнага айлантирилиши яхши, аммо бу моддий ва маънавий зарар эвазига бўлиши керак эмас! Энди «топганинг тўйларга» эмас, «Топганинг – буюк ишларга буюрсин», деб дуо қилишни ўрганишимиз керак, назаримда. Чунки мақсадни юксакроқ олмасак, капитални илмга сарфламасак, глобаллашув даврида ютқизиб қўйишимиз тайин. Шундай экан, миллат ўлароқ тараққиётимиз учун жиддий бош қотирмоғимиз зарур. Акс ҳолда, бизга ҳеч қандай қарору фармонлар ёрдам бермаслиги турган гап.
Шаҳло АҲРОРОВА,
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар
Институти етакчи илмий ходими, фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори
Maqolaga baho bering
0/50
0
0
0
0