Қон топшириб, донор бўлинг – ёшаринг!
Одамларга яхшилик қилиш – савобли амал. Айниқса, бу иш кимнингдир саломатлигини асрашга хизмат қилса, бундан ортиқ бахт йўқ. Донорлар ана шундай инсонлар бўлиб, улар туфайли ҳар куни минглаб беморлар ҳаёти сақлаб қолинади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ОАВ вакиллари учун Республика қон қуйиш марказига ташкил этилган пресс-турда Ishonch.uz мухбири ҳам иштирок этиб, ушбу саволларга жавоб топди.
Бугунги кунда юртимизда қон тайёрлашда Республика қон қуйиш маркази, Тошкент шаҳар “Қон препаратлари” илмий ишлаб чиқариш корхонаси, 13 та ҳудудий ва 2 та республика тасарруфидаги қон қуйиш станцияси ҳамда 13 та қон қуйиш бўлимлари фаолият кўрсатади.
Мақсад — даволаш муассасаларини керакли қон препаратлари ва компонентлари билан таъминлашдан иборат. Албатта, бу ишлар соғлом аҳолидан донор қонини йиғиш, қайта ишлаш, текшириш, сақлаш, яроқли қисмлар ва компонентларга ажратиш ҳамда тайёр қон маҳсулотларига айлантириш орқали амалга оширилади.
Бир қараганда, қон қуйиш станциялари худди ишлаб чиқариш корхонасига ўхшайди. Бироқ “хом ашё” инсондан олингани учун мазкур жараён оддий ишлаб чиқаришдан анча фарқ қилади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, ҳар бир давлат ўз аҳолисининг қон компонентлари ва препаратларига бўлган эҳтиёжини қоплаш учун ҳар 1000 нафар кишига қон топширувчилар сони 30 нафар ва ундан ортиқ бўлиши, аҳолини қон компонентлари билан таъминлаш учун эса қон топширувчилар сони ҳар 1000 нафар кишига 10 нафар ёки аҳоли сонига нисбатан 1 фоизни ташкил этиши лозим.
Бизда эса айни пайтда бу рақам 8,2 нафарга тўғри келади. Агар ушбу кўрсаткич 10 нафарга оширилса, 100 фоиз талаб қондирилади. Лекин агар 50 нафар одам қон топширса, нафақат эҳтиёж қопланади, балки қон плазмасини қайта ишлаш натижасида альбумин, иммуноглобулин каби дори препаратларини тайёрлаш мумкин.
Таъкидлаш лозимки, 2021 йилда юртимизда 113 тонна, 2022 йилда 122 тонна, ўтган 2023 йилда эса 130,6тонна сифатли қон тайёрланди.
Юртимизда 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган, вазни 50 килограммдан юқори, гемоглабин миқдори эркакларда 128, аёлларда эса 120 бўлган ҳар бир шахс донор бўла олади. Йилига эса ҳар бир шахс 4 марта қон топшириши мумкин. Ҳар бир топширилган қоннинг максимал миқдори 450 миллилитр.
– Авваллари донор фақат қон марказига келибгина қон топширган. Қолаверса, бунинг учун тегишли ташкилотлардан жуда кўп маълумотнома сўралар эди, – дейди Республика қон қуйиш маркази директори Аълонур Саидов. – Ҳозир эса бундай чекловлар йўқ. Донордан фақат шахсини тасдиқловчи ҳужжат – паспорт ёки идентификация ID-картаси ёхуд янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси, ҳарбий хизматчилардан эса, ҳарбий ҳисобга олиш ҳужжатлари (ҳарбий гувоҳнома ёки офицернинг шахсий гувоҳномаси) талаб этилади, холос. Улар сони камида 5 нафар бўлса, махсус мобил бригада донорлар манзилига бориб, улардан қон олиб келиши ҳам мумкин.
Агар донор марказга келиб, қон топшириш истагида бўлса, бу беш босқичда амалга оширилади. Марказга келгандан қон топшириб кетгунча узоғи 30-40 дақиқа талаб этилади.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, миллий қонунчилигимизга кўра, донор ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қон топширган сана ва яна бир кун қўшимча дам олиш ҳуқуқига эга.
Бугун юртимизда тиббиёт соҳаси жадал ривожланмоқда. Натижада нафақат пойтахтимиз, балки вилоят ва туман марказларида ҳам мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказиляпти.
Албатта бундай муолажаларни бажариш учун биринчи навбатда қон компонентлари зарур бўлади. Айниқса, юрак жарроҳлик амалиётлари пайти керакли аъзога муттасил қон қуйиб турилмаса, операциянинг муваффақияти шубҳа остида қолиши мумкин.
Қолаверса, авваллари юртимизда хусусий тиббиёт муассасаларида беморларга қон қуйилмас эди. Ҳозир эса уларда ҳам мураккаб амалиётлар ўтказиляпти. Бу ҳам ўз навбатида қонга бўлган талабнинг янада ортишига сабаб бўлаётир.
Шунингдек, сўнгги йилларда юртимизда трансплантация амалиётлари ҳам ўтказилаётгани боис қон маҳсулотларига бўлган талаб янада ортди.
Биргина мисол: битта жигар трансплантациясини ўтказиш учун 30 литргача қон плазмаси керак бўлади. Бу копонент эса 120 нафар донордан олинади. Шунинг ўзиёқ, донорликнинг аҳамияти нақадар муҳим эканини кўрсатади.
Кўпинча донорлар сони камайиб кетса, қон хизмати ходимларига эътирозлар ортади. Бироқ, қон захирасини яратиш фақат соҳа ходимларининг вазифаси эмас. Бунинг учун, аввало, халқнинг ўзида донорлик маданияти юқори бўлиши лозим. Қаерга, қайси ташкилотга борилса, ҳамма “лаббай” деб қон топшириши зарур.
Яъни, фақат 14 июнь — Бутунжаҳон донорлар кунида эмас, ҳар доим, ҳамма вақт донорликни тарғиб қилиш, бу иш билан эса бутун жамият шуғулланиши лозим. Айниқса, бунда ОАВнинг ролини янада мустаҳкамлаш керак. Яъни, аҳолининг донорлик маданиятини оширмай туриб, қон хизматини ривожлантириб бўлмайди.
Эътибор берсак, чет мамлакатларда бу жараён жуда яхши йўлга қўйилган. Уларда ҳар қандай соғлом инсон қачон қон топшириши кераклигини яхши билади. Шундай экан, юртимизда ҳам қон хизматини ривожлантириш учун ҳар бир соғлом инсон донор бўлиши керак.
Зебо НАМОЗОВА,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0