Амир туғида акс этган ҳалқалар сири нимада эди?
Амир Темурнинг байроғи мовий рангда бўлиб, ўртасида учта кулранг доира жойлаштирилган. Ўша замонлар суратларида у баъзан иккита доира пастда, биттаси юқорида, баъзан эса иккита доира юқорида, биттаси пастда турган ҳолда тасвирланган. Бу байроқ бизгача етиб келмаган бўлса-да, у ҳақда тарихий манбаларда маълумотлар мавжуд. Хусусан, Руи Гонсалес де Клавихо эсдаликларида ёзиб қолдиришича, «Темурбекнинг туғросида учта айлана тасвирланган бўлиб, бу унинг дунёнинг уч қисми ҳукмдори эканини билдирган…».
Мазкур давлат белгиси «туғ», «байроғ», уни тутиб турувчи шахслар эса «туғсоба», «туғдор», «байроқбардор» деб аталган.
Амир Темур байроғидаги уч доира аслида Амир Темурнинг тамғаси бўлган ва бу хусусда тарихчи Ибн Арабшоҳ «унинг отларидаги тамға, тангаю тиллоларига зарб бериладиган (асосий) белги ҳам мана шундай уч ҳалқадан иборат эди» деб айтиб кетган.
Давлат байроғидан ташқари юксак даражали қўшинбошилар, ҳарбий бирикмаларнинг ҳам ўз туғлари бўлгани маълум. Шу тариқа, ўзини кўрсатган ҳарбийлар рағбатлантирилган, ҳам жанговар бўлинмаларнинг бир-биридан ажралиб туришига эришилган. Шу ўринда «Темур тузуклари» асарининг «Катта ноғора ва байроқ бериш тузуги» эътиборни тортади:
«Амр қилдимки, ўн икки катта амирларнинг ҳар бирига битта байроқ ва бир ноғора берилсин. Амир улумарога байроқ ва ноғора, тумон туғи ва чортуғ тақдим этсинлар. Мингбошига эса бир туғ ва карнай берсинлар. Юзбоши ва ўнбошига биттадан катта ноғора (табл) берсинлар. Аймоқларнинг амирларига бўлса, биттадан бурғу тақдим этсинлар. Тўрт бегларбегининг ҳар бирига биттадан байроқ, ноғора, чортуғ ва бурғу берсинлар. Ўн икки амирдан қайси бири душман фавжини синдирса ёки ғаним қўли остидаги бирор мамлакатни фатҳ этса, уни тақдирлаб, агар биринчи даражали амир бўлса, иккинчи даражали, иккинчи бўлса, учинчи даражали, учинчи бўлса, тўртинчи даражали амир мартабасини берсинлар. Шу тартибда ўн биринчи даражали амиргача давом эттирсинлар, Агар ўн биринчи даражали амир бўлса, уни ўн иккинчи даражали амир қилиб, байроқ, туғ ва ноғора берсинлар. Шу йўсинда биринчи (даражали) амирга битта туғ, иккинчисига – иккита, учинчисига – учта, тўртинчисига – тўртта туғ ва ноғора бериб, уларни тумонтуғ ва чортуғ олиш мартабасига етказиб рағбатлантирсинлар».
Байроқ қўшинни бирлаштириб, тартибни сақлашда муҳим восита бўлиб, ҳарбий юришларда ҳукмдор қароргоҳида бош байроқ ўрнатилган. У барчага кўринадиган юксакликда ҳилпираб турар экан, олий ҳукмдорнинг шу ердалигидан дарак саналган.
Жангда ҳарбий қисм байроғини қўриқлашга алоҳида аҳамият беришган. Чунки жангда байроқлар орқали қандай усул қўллаш, чекиниш ёки ҳужум қилиш ва бошқа шунга ўхшаш кўрсатмалар бериб борилган.
Байроқнинг ерга улоқтирилиши мағлубият саналган. Жангда душман томоннинг байроғи тортиб олиниши ёки уриб туширилиши батамом ғалабага эришилганидан далолат берган. Бунга мисол қилиб, Амир Темур ва Тўхтамишхон ўртасида юз берган 1391 йилги Қундузча жангини келтириш мумкин. Унга кўра, Амир Темур Тўхтамишхоннинг байроқдорини ўз томонига оғдириб олади ва жанг палласида байроқдор мотам белгиси сифатида тўққиз буқанинг думи боғланган мўғул туғуни чанг-тупроқ орасига улоқтиради. Тўхтамишнинг аскарлари бу ёлғон белгига ишониб, жанг майдонидан тумтарақай бўлиб қочиб қоладилар.
Тарихчи Муиниддин Натанзийнинг ёзишича, Шероз ҳукмдори Шоҳ Мансур билан бўлган жангда (1393) душман тўсатдан Амир Темурнинг марказда турган хос соябони ва байроғига ҳужум қилади. Шунда байроқбардор қочиб, Соҳибқирон aсосий қўшиндан ажралиб қолади. Аммо Амир Темур унинг ҳужумига муносиб қаршилик кўрсатиб, ҳамлани қайтаради. Шоҳ Мансур қочиш йўлини тутишга мажбур бўлади. Ушбу воқеа шунчалар тез юз берганки, атрофдагилар сезмай ҳам қолганлар. Бўлмаса, олий ҳукмдор қароргоҳида бўлаётган олишувлар, энг муҳими, туғсобанинг йўқлиги бутун қўшинда саросима уйғотиши ва уруш тақдирини ҳал этиши турган гап эди.
Ўша вақтларда забт этилган ёки ўзини тобе деб билган шаҳар ва қалъаларнинг деворлари устига ғолиб ҳукмдорнинг байроғи осиб қўйилган. Масалан, Амир Темурга ўз тобелигини билдиргани келган юнон элчилар Константинополга қайтгач, Перадаги (ҳозирги Галата) минораларига Соҳибқироннинг байроғини кўтарганлар.
Туғнинг аҳамиятига яна бир ёрқин мисол Султониянинг забт этиб бўлмас саналмиш Қалъаи Сафеди Амир Темур томонидан эгалланиши билан боғлиқдир. Душман жуда қаттиқ қаршилик кўрсатаётган пайтда Оқбуғо исмли бир сипоҳий қояга тирмашиб чиқиб, мардлик кўрсатади. Бошқалар ундан ибрат олиб, байроқларини ёйиб, от думи боғланган туғларини бош-лари узра баланд кўтариб, жангга отланганлар. Шу тариқа руҳлантирилган аскарлар қалъани эгаллаганлар, кейин эса Амир Темурнинг байроғини қалъа деворларига қадаганлар. Бу қалъа тўлиқ Амир Темур қўл остига ўтганини англатган.
Амир Темур қўшини кўп ҳолларда ҳарбий байроқлар рангига мутаносиб равишда кийинган. Манбаларда қайд этилишича, Йилдирим Боязид билан бўладиган жанг арафасида Муҳаммад Султон билан Самарқанддан келган қўшиннинг ҳар бир қисмида алоҳида рангли ўз туғи бўлиб, унинг аскарлари-ю отлари ҳам айнан шу рангдаги совут, зирҳ, қалқон, эгар, ёпинчиқ, ўқдон, халта ва найзалар билан таъминланганлар. Масалан, тўқ қизил рангдаги байроқлар тўқ қизил рангдаги жуллар, қалқонлар, садоқлар, камарлар ва тўқалар билан уйғунлашиб кетгани. Шу алфозда оқ, яшил, қирмизи ва бошқа рангдаги қўшинлар турган.
Ватан тимсоллари ҳамиша азиз ва муқаддас саналган. Хусусан, байроқ мудом орномусни уйғотувчи беқиёс куч сифатида озодлик, ватанни севишга даъват этиб, миллий ғурур, фидойилик ва ватанпарварликни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этган. Буюк Амир Темур ҳам бу қадриятни улуғ билган ва шунга монанд иш тутган.
Камола ҚАЮМОВА,
Тарих институти кичик илмий ходими,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0