Қатл саҳнасига айланган суд ёки қасоскор аёл қисмати
Ўтган асрнинг 80-йилларида Европада қалбларни ларзага солган бир воқеа юз берди. 1981 йил 6 март куни Германиянинг Любек шаҳрида эрта баҳор учун ғайриоддий илиқ ҳаво кузатилаётганди. Суд якунланаётган залдаги муҳит деярли тинч эди - судланувчи аллақачон қотилликни тан олган ва иш тамомланаётган эди. Оч кулранг пальто кийган аёл чўнтагидан кичик тўппончани чиқарганини ҳеч ким сезмади. Саккизта ўқ овози эшитилди ва суд зали қатл хонасига айланди. Хўш, аёлни бу даҳшатли ишни қилишга нима мажбурлади?
Муштарийлар диққатига: ҳар қандай ҳолатда ҳам қонунга амал қилинг, “самосуд”га ҳаракат ва тарғиб қилманг.
Марианна Бахмайернинг ҳаёти болаликдан оғриқларга тўла эди. У 1950 йилда Шарқий пруссиялик муҳожирлар оиласида туғилган. Унинг отаси бир вақтлар нацистлар Германияси кучлари таркибида хизмат қилган, ичкиликбоз бўлган ва оилага жисмоний зўравонлик қилган. Афсуски, Марианнанинг онаси ажрашгандан сўнг, қизнинг ўгай отаси ҳам худди шундай зўравон бўлиб чиқди. Тўққиз ёшида қизча қўшниси томонидан зўрланган, аммо ота-онаси воқеани яширишган. Улар норасиданинг сукунатини совғалар билан сотиб олишганди. 15 ёшида эса Марианна кўчага ҳайдаб чиқарилди.
Унинг 16 ва 18 ёшларида турли эркаклардан туғилган икки фарзанди бошқаларга асраб олиш учун берилганди. Иккинчи фарзанддан олдин у зўрланган, аммо суд зўрловчининг тарафини олганди.
1972 йил 14 ноябрда туғилган қизи Анна Марианнанинг оналикдаги сўнгги имконияти эди. Қиз ғайриоддий шароитларда ўсган: онаси тушликдан ярим тунгача ишлашга мажбур эди, шунинг учун бола эътиборсиз қоларди. Марианна қизни ёлғиз ўзи тарбиялаган — отаси, собиқ ҳамкасби Кристиан Бертолд ҳомиладорлик ҳақида билиши биланоқ қочиб кетганди.
Ҳаммаси 1980 йилнинг оддий май тонгида бошланди. Етти ёшли Анна онаси билан арзимас нарса туфайли жанжаллашди — бу оддий болаларча араз эди. Марианна охир-оқибат Аннанинг рюкзагини кийдирди, эшикдан олиб чиқди ва мактабга ёлғиз боришини айтди. Бу уларнинг охирги жанжали эди. Мактабга пиёда бориш қисқа ва хавфсиз эди. Анна йўлни биларди ва у ерда кўп марта ёлғиз юрган эди.
Бироқ Анна ўша куни мактабга бормади. У ўша куни кечқурун уйга ҳам қайтмади. Марианна қизининг барча дўстларини чақириб, қўшниларига югурди. Эртаси куни она аллақачон полиция бўлимида эди. Қидирув тез ва фожиали тарзда якунланди - Аннанинг жасади канал бўйидаги қутида топилди. У зўрланган ва бўғиб ўлдирилган эди.
Қотил қўшни бинода яшар эди. 35 ёшли Клаус Грабовски мушук билан ўйнаш баҳонасида болани уйига олиб киради. У кейин нима бўлганини хотинига батафсил айтиб берди, аёл эса дарҳол полицияга мурожаат қилди.
Грабовски узоқ вақтдан бери жиноий тарихга эга эди. 1973 йилда у олти ёшли қизни ўғирлашга урингани учун шартли жазо олди - бола шунчалик баланд овозда қичқирдики, жиноятчи қўрқиб, уни қўйиб юборганди. 1975 йилда эркак зўравонликда айбланди ва қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Қамоқда у ихтиёрий равишда кимёвий кастрация қилинди. 1976 йилдан 1978 йилгача Клаус даволанди, аммо кейин терапияни тўхтатишни сўраб илтимос қилди. У ўзини ислоҳ қилганини, рафиқа топганини ва нормал ҳаёт кечиришни хоҳлаганини даъво қилди. Инсонпарвар немис тизими бунга розилик билдирганди. Ҳибсга олинган эркак Аннанинг ўлдирилишини тан олди, аммо зўрлашни қатъиян рад этди.
Марианна Бахмайер ҳар бир суд мажлисида қатнашди. У адвокат ўз мижозининг хатти-ҳаракатларини “гормонал номутаносиблик” ва ҳиссий бузилиш” билан боғлаганини тинглади. У ҳатто етти ёшли қизнинг “провокацион хатти-ҳаракати” ҳақидаги ишораларга ҳам тоқат қилди. Аммо барча жараёнлар унга ёмон таъсир қила бошлади. Аччиқ хотираларга тўла ҳаёт ва қизининг доғи аёлнинг сабр косасини тўлдириб бораётганди. У дастлаб ўз жонига қасд қилиш учун Беретта тўппончасини сотиб олди, лекин кейин фикрини ўзгартирди. У яширинча ишхонасининг подвалида ўқ отиш машқларини ўтказа бошлади.
6 март куни эрталаб суд одатдагидек бошланди. Марианна жимгина пальтосининг чўнтагидан тўппонча чиқариб, қизининг қотилини нишонга олди. Биринчи ўқ тегмади, аммо қолган еттитаси нишонга урилди. Судланувчи ерга йиқилди ва дарҳол жон таслим қилди. Суд залида ҳамма ҳайрат ва қўрқув аралаш қотиб қолганди. Марианна хотиржамлик билан қаршилик кўрсатмасдан ўзини ҳибсга олишларига рухсат берди.
Суд залидаги қотиллик бутун Германияни ларзага келтирди. Оммавий ахборот воситалари Бахмайерни “қасоскор она” деб аташди ва жамоатчилик кутилмаганда унинг томонига ўтди. Одамлар адвокатлар учун пул йиға бошлашди. Ижтимоий сўровлар шуни кўрсатдики, немисларнинг учдан бир қисми ҳукмни адолатли деб ҳисоблаган, тўртдан бир қисми эса уни жуда юмшоқ деб ҳисоблаган. Фуқароларнинг атиги олти фоизи онанинг қарорини қоралаган. Адвокатлар Марианнанинг оғир депрессиядан азият чекканини ва дастлаб ўз жонига қасд қилиш учун қурол сотиб олганини, аммо у суд залида Грабовскини импульсив равишда ўлдиришга қарор қилганини исботлашга муваффақ бўлди. Қасддан қотиллик учун умрбод қамоқ жазоси ўрнига, у руҳий оғир ҳолатида одам ўлдиргани учун олти йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Марианна “Стерн” журналига катта интервю берди ва чорак миллион марка гонорар олди - пул суд харажатларига сарфланди. Интервьюда у пушаймон бўлмаганини ва қотилликни пухта режалаштирганини тан олди.
Олти йиллик қамоқ жазосининг уч йилини ўтаб бўлгач, Бахмайер озод қилинди. 1985 йилда у мактаб ўқитувчисига турмушга чиқди ва у билан бирга Ганага гуманитар миссия учун борди. Ажрашганларидан беш йил ўтгач эса Сицилияга кўчиб ўтди ва иш топди. Марианна эвтаназия бўлимида ўлимга маҳкум беморларга ёрдам берди. 1996 йилда Марианнага ошқозон ости бези саратони ташхиси қўйилди. У Любекка қайтиб келди ва ўз ҳаёти, жумладан, ўз ўлими ҳақида ҳужжатли фильм суратга олишга рози бўлди.
Бахмайер 1996 йил 17 сентябрда 46 ёшида вафот этди. Унинг илтимосига биноан, аёл қизи Анна ёнига кўмилди. Марианнанинг ҳикояси қонун ва адолат ўртасидаги абадий можаронинг рамзига айланди. Унинг қасоси Германияни ларзага келтирди ва суд залидаги хавфсизлик чораларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди.
Аброр Зоҳидов



Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0