Сайт тест режимида ишламокда
    Валюта UZS
  • USD

    12 739.957.39

  • EUR

    14 191.039.5

  • RUB

    139.14-0.23

+28C

+28C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+28c

  • Hozir

    +28 C

  • 16:00

    +27 C

  • 17:00

    +26 C

  • 18:00

    +25 C

  • 19:00

    +23 C

  • 20:00

    +22 C

  • 21:00

    +21 C

  • 22:00

    +21 C

  • 23:00

    +20 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Payshanba, 19-September

+28C

  • Hozir

    +28 C

  • 16:00

    +27 C

  • 17:00

    +26 C

  • 18:00

    +25 C

  • 19:00

    +23 C

  • 20:00

    +22 C

  • 21:00

    +21 C

  • 22:00

    +21 C

  • 23:00

    +20 C

  • Payshanba, 19

    +28 +20

  • Juma, 20

    +27 +20

  • Shanba, 21

    +30 +20

  • Yakshanba, 22

    +27 +20

  • Dushanba, 23

    +30 +20

  • Seshanba, 24

    +30 +20

  • Chorshanba, 25

    +30 +20

  • Payshanba, 26

    +25 +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax
Жамият
170 14:05 | 18.09.2024 14:05

«Кундузги чироқ» китоби мутолаасидан кейинги ўйлар


Абдурасул Жумақулнинг «Кундузги чироқ» деб номланган тўплами ҳақида бир сўз айтиш истаги пайдо бўлди.


Камина Абдурасул Жумақулни, аввало, жонкуяр ва ўта адолатпарвар зиёли деб биламан. Айтиб қўяй, унинг «Hurriyat»ни «тирик» нашр ўлароқ маърифат аҳлига тақдим этиб келишининг ўзида катта жасорат бор. Мазкур газетанинг бугунги «бор»лиги – Жумақуловнинг жонсарак бўлиб тиниб-тинчимаслиги, интилиши, елиб-югуриши ҳисобигагина эришилаётгани ҳам бор гап. Буни ҳеч ким билмаса ҳам газетачилар яхши билади. Қолаверса, ҳар ҳафта айнан «Hurriyat»нинг чиқишини интиқ бўлиб кутадиганларнинг борлиги бугунги куннинг алоҳида ютуғи. Бу натижанинг бош қаҳрамони, шак-шубҳасиз, ушбу нашр раҳбари Абдурасул Жумақуловдир.


Энди «Кундузги чироқ» ҳақида гапирадиган бўлсак, унда Абдурасул аканинг сийрати нисбатан сокин қалбли ижодкор ўлароқ намоён бўлган бўлса-да, аслида мен уни ҳаётда анча кескин, жиддий ва кези келганда, ҳар қандай даврада, жамоада ҳақиқатни тап тортмасдан гапира оладиган «тоғ йигити» деган бўлардим.


Баъзи-баъзида мавзулар бўлади, тортишамиз, асабийлашиб қоламиз ҳатто. Бироқ бу баҳсу мунозараларнинг пировард муддаоси, излангани, албатта, адолат бўлади. Китобни варақлаб туриб, унда муаллифнинг ўша адолатпарварлиги бўй кўрсатиб турганини илғаш қийин эмас.


Публицистика – журналистиканинг етилган мутахассисларига тан жанр. Чунки унда кенг миқёсли фикрлаш, мушоҳада қилиш, хулосаларни тақдим этиш талаби бор. Публицистикага қўл урдингми, демак, сен журналистларнинг «илғор»ларидансан. Шубҳасиз, Абдурасул Жумақул бугунги матбуотнинг олдинги сафида юрган ижодкордир. У ҳатто «кундузи чироқ ёқиб» жамиятга эзгулик нурини таратишни ва яна ўша эзгуликнинг меваларини кўришни истайди, кўради ҳам.


Тасаввур қилинг, бугун жамоатчилик ­эътиборидаги ижтимоий тармоқларни кузатган одам баъзи «қорамтир» кайфиятлардан кўнгли зада бўлиб кетади. Агар ҳар бир фикрга «қулоқ» тутсанг, бу ҳаётда ёруғлик қолмаганми, дея иккиланиб ҳам қоласан, киши.


Шундай пайтда инсонмиз-ку, нега бунақамиз ўзи, дея савол бергинг келади атрофга боқиб. Ахир, ҳаёт давом этмоқда. Биз туғилиб ўсган юрт сўнгги йилларда кўп соҳаларда дунёга ўзининг борлигини кўрсатиб қўйяпти.


Аслида сиёсатсиз соҳа йўқ. Ўзбекистон бугун сиёсий юксалиш йўлида эканини ким инкор эта олади? 2016 йилдан бошланган ислоҳотлар жамиятнинг бор андуҳларини юзага чиқармадими? «Ҳақиқат» деган сўзнинг борлигини фақатгина китобларда ўқиган миллионлаб одамлар бугун рўшнолик кўриб, ҳаётга қайтганини ким инкор эта олади?


Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон стратегияси» китоби ҳақида мушоҳада қилар экан, муаллиф «Ёруғ тонглар орзуси» мақоласида кечаги кунни адолат тарозиси билан эслаб: «Сўз эркинлиги йўқ қилинган эди. Мабодо, бирор нашрда озгина танқид эълон қилинса ҳам танқид объекти эмас, танқид қилувчи нишонга олинди. Ёхуд узоқ йиллар «одил ва халқпарвар» судларда бирорта оқлов ҳукми бўлмагани нимани англатар эди?», деб дангал айтади.


Бошқаларни билмадиму, у шунга монанд кескир, тўғри, ҳақ гапларни бундан анча йиллар аввал, яъни ҳақиқатни гапириш, ёзиш «мумкин бўлмаган» даврларда ҳам гапирган, ёза олган ҳамкасбларимизнинг энг саноқлиларидан биридир. Бунинг учун у қанча таъналарга қолиб кетгани ҳам ҳақиқат. Аммо ижодкорни ҳақпарварлик, жасорат қонида бўлса, уни бедорлик туйғуси, бедорлик ҳақиқати ҳеч қачон тарк этмас экан. Бунга Абдурасул Жумақуловнинг ижодий фаолияти яққол мисол бўлиши мумкин.


Энди яна Жумақуловнинг мақоласига қайтайлик. Муаллиф давр ва замонни таҳлил қилар экан, Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилган, бир қарашда одатдагидек, гўё ўзи табиий шундай бўлиб қолгандек туюладиган, аслида эса уларни халқ, миллионлаб кишилар билиб, бундан жабр кўриб келган муаммолар ечим топганига эътибор қаратади.


Мана, яна бир мисол: «Авваллари собиқ Иттифоқ айбдор эди, шу боис пахта яккаҳокимлигидан қутула олмас эдик. Аммо мустақил давлат бўлганимиздан кейин ҳам нега мактаб ўқувчиларидан тортиб, шифокорлару ўқитувчиларгача, банк идоралари ходимларигача ҳамма-ҳамма пахта даласига ҳайдалди?».


Ёки: «…Олий ўқув юртлари деярли юз фоиз таниш-билишчилик, порахўрлик «бункер»ларига айланиб кетганди. Йўли бор экан, бу майнавозчиликлар, қаллобликлар йўқотилди…», деб ёзади у.


Дарҳақиқат, яқин ўн йил илгари шу гапларнинг қай бири ёлғон эди? Янги Ўзбекистон ўз стратегиясида кўриниб турган бу адолатсизликлар, ҳақсизликларни бартараф этиш йўлини тутмадими? Абдурасул Жумақул ўз вақтида, юқорида таъкидлаганимиздек, журналист сифатида «Ўзбекистон овози»нинг Сурхондарё вилоятидаги мухбири сифатида ёзган ўнлаб танқидий мақолаларида воҳадаги турли қинғир ишлар, коррупция, ҳокимият органлари мансабдорлари томонидан амалга оширилган қонунбузарликларни қаламга олган. Энди тасаввур қилингки, уларнинг ҳар бири журналистнинг қанча ҳаловатини, тинчини, саломатлиги ва осойишталигини ўғирлаган? Қолаверса, унинг раҳбарлиги даврида «Hurriyat» газетасида эълон қилинган бир-биридан кескин танқидий чиқишлар ҳали эсдан чиққан эмас...


Шу маънода, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуровнинг «Ishonch» газетасига берган интервьюсида алоҳида таъкидлаб, нафақат журналист, балки ёзувчи ҳам, аввало, журналист бўлиши, ўша ўзи ёзмоқчи бўлаётган мавзу ичида қайнамоғи керак, деган гапларини эсладим. Абдурасул Жумақулнинг бу ёзмишларини ўқиб, беихтиёр мен унинг кечаги кунларини бир-бир хаёлимдан ўтказдим. Беихтиёр…


Агар бировга яхшилик соғинмасанг, кўнглингда фақат эгрилик бўлса, қаердан топасан ўша сен йўқ деб турган нарсани? Шунақа саволлар келади, китобнинг сиёсий публицистика қисмидаги муҳаррирона мақолалар мутолаасидан кейин ўқирман кўнглига.


Кейин яна бир тин олиб мутолаани давом эттирар экансиз, муаллиф ўқирманни ўйлаганини англайсиз. У китобхонни мушоҳададан кейин яхшиликка, ёруғликка чорлайди. Инсон қалбини ўрганишга, ундан ўрнак олишга ундайди. Айниқса, унинг она ҳақидаги ёзмишларини ўқиб, тўғриси, беихтиёр ўзимни, ўзимнинг онамни ўйладим. Кўп воқеалар хаёлимдан ўтди. Онага чексиз муҳаббатини энди китобларига муҳрлаётган муаллифнинг армонлари ҳақида ўйлаб яна эзилдим. Армонларимиз ҳам ўхшаш экан… «Кундузги чироқ»даги «Онам» деб номланувчи кечинмаларни изтиробсиз ўқиб бўлмайди:


«...Ярим тунда уйга етдим. Ака-укаларим, яна кимлардир ташқарида ўтиришар эди. Ичкарига отилдим. Опа-сингилларим бўлса керак, онам атрофида йиғлаб ўтиришар, онажоним эса қандайдир либосга ўроғлик экан. «Қани менинг онам?!». Бўғзимга бир аччиқ йиғи, йўқ, зардоб, ўкирик портлаб келди. Онажонимнинг юзларини очдим. Энажон! Нега ҳамиша кулиб турувчи кўзларингиз қаттиқ юмуқ? Нега бундай ётибсиз? Кўзларингизни очинг, бир нима денг. Ахир қачон келсам, болаларимни, набираларингизни бирма-бир сўрар эдингиз-ку? «Келишмадими?», деяр эдингиз-ку?!


Дарров онаизоримнинг пешоналарига қўлимни қўйдим, юзларини силадим. Ахир пешонаси, юзлари иссиқ-ку! «Жон Художон, раҳм қил, онам яна озгина яшасин!» дея Яратгандан қалбан илтижо айлаб сўрар эдим.


Опа-сингилларим уввос солиб йиғлашар, мен бўлса шу тобда онамнинг ҳали тафти совимаган юзларига юзимни босганча ўзимни билмай қолдим...».


Ҳа, инсон боласига онаизоридан айрилиш, она билан видолашишдан ҳам оғирроқ азоб, кулфат бўлмаса керак. Кўнгил ўта оғир, ўта маҳзун ўйлар гирдобида қолади...


Китобдан ўрин олган «Шоирлик – Яратганнинг улкан ҳикмати» эссеси Абдурасул Жумақул билан суҳбатларимиз кўпроқ бўлиб туриши кераклигини уқтиргандек бўлди. Мен эссе қаҳрамонига энг яқин укаман деб юрар эдим, аслида. Эссе улкан шоиримиз, қалби дарё устозимиз Азим Суюн ҳақида.


«Ўтган асрнинг 90-йилларида ёзган бир шеърида Азим Суюн шундай дейди: «Менинг содиқ йўлбошчим Бўри». Шу гапнинг ўзи бир достонга тенг!


Чиндан ҳам, Азим ака юраги ўта бақувват кишилардан эди. У ўз исмига монанд азим чинор эди. Азим дарё эди. Унинг туриш-турмушида беғараз инсонийлик мужассам эди. Бугун Азим ака ҳақида давраларда гурунг бошланса, тўхтамайди, шогирдлар қандай улкан шоирнинг ёнида юрганини энди, у бу ёруғ оламни тарк этганидан кейин йиллар ўтиб билиб қолгандек бири олиб, бири қўяди. Барида меҳр тўла. Устозни самимий соғинч билан эслашади. Абдурасул Жумақулнинг эссесида ҳам устозга миннатдор қалб яққол намоён бўлиб турибди.


Эсседа 1998 йили Абдурасул Жумақуловнинг «Ўзбекистон овози» газетаси бош муҳаррири ҳузурига келгани, унинг қандай қабул қилингани ҳақида бир самимий нуқта бор. Муаллиф шу жойда ўта камтарлик билан Азим аканинг Сурхондарё одамлари, тоғлари, дарёлари, таниқли полвонларию овчиларигача, Сурхондарё тоғларидаги булоқлару шаршаралар, кўпминг йиллик чинорлару арчазорлар ҳақида сўзлай кетганини ҳикоя қилиб, қистириб ўтади: «Очиғи, мен булар ҳақида шу пайтгача деярли ҳеч нарса билмас эканман».


Айнан шу жойига қўшимча қилай. Ўзим ҳам шу инсондан устозлик меҳрини кўрганман. 1992 йилда мажлисга кечикиб келганим сабаб ишдан бўшашимга бир баҳя қолганида, янги келган муҳарриримиз Азим Суюн мен билан юзма-юз гаплашишни маъқул кўрди. Ва ўша мулоқотда мени беш-олти нафар бахмаллигим бўлган замон зиёлилари билан ғойибона таништирди. Мен айнан бахмаллик ҳамюртларимни мана шу бебаҳо инсон орқали танидим. Абдурасул ака бу жойда ҳам ҳақ гапни ёзибди.


Китобдан Саъдулла Ҳаким, Қурбон Эшмат каби халқимизнинг жонкуяр фарзандлари, таниқли ижодкорлари ҳақида ҳам ёруғ хотиралар ўрин олган. Бундан ташқари, бир қанча кичик воқеий ҳикоялар, саёҳатнома мавзусидаги ажойиб очеркларни ҳам мароқ билан ўқиш мумкин. Аммо мен китобни батафсил таҳлил қилмоқчи эмасман. Унга сўзбоши ёзган таниқли адиб, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, устозимиз Аҳмаджон Мелибоев бежиз қуйидагича таъкидламаган: «...Китоб қўлёзмасини мутолаа қилиш чоғида бош муҳаррирнинг беҳаловат кунларию тунлари газеталарнинг сарғайган саҳифаларида қолиб кетмаганига амин бўлдим. Бир жойда тўхтаб қолмаган, изланаётган ижодкорнинг ёқимли шабадаси эсиб турибди унда. Демакки, бадиий публицистикамиз яна бир гўзал, салмоқли, серқирра китоб билан бойигани, такомил топгани аниқдир».


Дарҳақиқат, шундай. Мабодо, китоб мутолаасидан олган таассуротларимни тўлиқроқ қоғозга туширмоқчи бўлсам, кўп-кўп фикрлар, мушоҳадаларни айтсам арзийди. Лекин асли муддаоим шундай бир янги, албатта, ўқиш шарт деган мақомга лойиқ китоб дунё юзини кўргани ҳақида юртдош­ларимизга билдириш эди. Қолганини зукко ўқувчининг ўзига қолдираман.


Ҳусан ЭРМАТОВ,
журналист



Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 2015 16:57 | 05.08.2023