Боғча тарбияланувчиси дам олиш соатларида ухламагани учун ҳожатхонага қамаб қўйилди
Ижтимоий тармоқларда дам олиш соатларида йиғлаб ўтирган қизча тарбиячи томонидан қўполлик билан тортқилаб, бошқа хонага олиб чиқиб кетилгани видеоси тарқалди.
Болалар омбудсмани бу ҳолатни ўрганиб чиққан. Маълум бўлишича, воқеа 8 февраль куни Чирчиқ шаҳридаги хусусий болалар боғчасида содир бўлган. Оилавий муаммолардан асабийлашган ўқитувчи дам олиш соатларида ухлай олмаган қизчага бир неча бор бақиради, сўнг уриб уни ҳожатхонага қамаб қўяди. Аёл меҳнат кодексининг тегишли банди билан ишдан бўшатилган. Шунингдек, унинг қилмишига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида туман ИИБ ходимлари томонидан терговга қадар текширув ўтказилаётгани айтилмоқда.
P.S
Хабарларда тарбиячининг оилавий можаролар туфайли асабийлашгани сабаб сифатида кўрсатилган. Эҳтимол шундайдир. Аммо танганинг иккинчи томони ёпиқлигича қолаётганга ўхшайди. Мактабгача таълим ташкилотига бундай асабий боғча опалар каердан келиб қолган, болаларни тарбиялашга психологик тайёр бўлмаган кадрлар нега ишга қабул қилинган? Тарбиячиларга қанча маош тўланади? Йигирма чоғли тарбияланувчини ухлатишган нега биргина тарбиячи жалб қилинган? Асабий зўриқиш ҳолатидаги ўз жаҳлини жиловлай олмайдиган шахслар тарбиячилик ишига жалб қилиниши тўғри қарорми? Шу каби саволларга муассаса раҳбарияти жавоб қайтариши зарур. Кўпинча "тадбиркорнинг ишига ҳеч ким аралашишга ҳақли эмас" шиорини хусусий боғчаларга нисбатан ҳам қўллаймиз. ЙЎҚ! Гап келажагимиз ҳақида кетар экан, бундай шиорларни хусусий таълим тарбия муассасаларидан мустасно қилсак тўғри бўлади. Зотан “келажагимиз эгаларини ҳожатхоналарга қамаб қўйиб” тадбиркорни қўллаб-қувватлашда давом эта олмаймиз. Шу боис, боғча тарбиячиси билан бирга унинг иш берувчиси ҳам жазоланиши, жилла қурса жаримага тортилиши керак. Ҳар қалай, кейинги гал ходимларни ишга қабул қилаётганида уларнинг психологик ҳолатини, болалар билан ишлаш қобилияти, касбий салоҳиятини ўрганади. Табиийки, профессионал ходим меҳнати эвазига яхшигина ойлик талаб қилишини инобатга олган ҳолда тарбиячиларнинг маошларни ошириш ҳақида ўйлаб кўради. Ходимларига жамиятдаги энг оғир ва масъулиятли меҳнат - инсон фарзандини тарбиялашдек вазифани зиммасига олаётганини тушунтира олади.
Хуллас, биргина боғча опани ишдан бўшатиш билангина бу ишларни “ёпди-ёпди” қилиш руҳий босим остида қолган ўша норасида гўдакка нисбатан адолатсизликдир.
Дилдора ИБРОҲИМОВА,
“ИШОНЧ”
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0