+23C

+23C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Болалар бир-бирини судраб катта бўлади(ми)?

ёхуд кетма-кет туғишнинг бизга маълум ва номаълум оқибатлари ҳақида
Жамият
229 22:34 | 23.04.2026 22:34

Ўзбек халқи болажон, оилапарвар. Айрим хорижий давлатларда эркаклар 30 ёки 40 ёшга кирса-да, оила қурмай, қуролмай юрган бир пайтда, бизда бу ёшдаги одамлар 3-4 фарзанднинг ота-онаси бўлади, уларни бекаму-кўст таъминлашга ҳаракат қилишади. Бу таҳсинга лойиқ, албатта. Аммо бизда кузатилаётган шундай бир ҳолат борки, гарчи фикримиз кўпчиликка маъқул келмаса-да, уни баён қилишни лозим топдик.


Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон аҳолиси 2026 йил 1 апрель ҳолатига 38 382 685 кишини ташкил этган. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 1,8 фоизга ошган. Аҳоли сони кўпайишига Европа давлатлари, АҚШ ва Япония ҳавас қилса арзийди, бироқ бу ўсиш ортида аёллар саломатлиги, болалар руҳияти ва иқтисодий барқарорлик масалалари қай даражада?


Афсуски, жамиятимизда «қасдма-қасд туғиш» ёки фарзанд орқали оиладаги мавқени мустаҳкамлашга уриниш каби носоғлом қарашлар ҳамон учраб туради. Болани дунёга келтириб, унинг қорнини тўйдириш билан иш битмайди. Болага вақт ажратиб, меҳр билан парваришлаш, таълим ва тарбия бериш керак. Каттаси ҳали бир ёшга тўлмай, иккинчиси дунёга келганда, онанинг меҳри ва эътибори бўлинади, отанинг елкасидаги иқтисодий юк ҳам икки карра ортади.


Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва тиббиёт мутахассислари икки туғуруқ орасидаги масофа – интергенетик давр камида 30-33 ой (тахминан 2,5 ёки 3 йил) бўлишини қатъий тавсия этади. Бу шунчаки рақам эмас, балки она организмининг тикланиш давридир. Бу вақтда 24 ой болани эмизиш ва она организмидаги захираларни қайта тиклашга, қолган давр эса кейинги ҳомиладорликка руҳий ва жисмоний тайёргарликка хизмат қилади.


Айтиш мумкинки, кетма-кет туғиш организмни «аёвсиз эксплуатация» қилишдир. Ҳомила онадаги темир, кальций ва магний захираларини сўриб олади. Оралиқ масофа 2 йилдан кам бўлса, аёлда анемия ва остеопороз (суяклар мўртлашиши) хавфи кескин ортади. Юрак-қон томир тизими ва ички органлар ўз ҳолига қайтиши учун вақт керак, албатта. Кесарча кесиш орқали туққан аёллар учун бачадондаги чандиқ мустаҳкамланиши учун камида 3 йил вақт зарур.


Бир гўдакни эмизиш ва айни вақтда янги ҳомилани озиқлантириш она организмини «ресурс тақсимлаш» режимига ўтказади. Натижада эса она ҳам, икки гўдак ҳам организм учун зарур бўлган озуқа моддаларни тўлиқ ололмайди.


Биз юқоридаги фикрлар билан Ўзбекистонда туғилишни камайтириш керак деган қарашни илгари сурмоқчи эмасмиз. Туғилишни сунъий равишда камайтиришга уриниш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу ерда гап соғлиқ ва моддий ҳолатни ҳисобга олмаслик ҳақида кетяпти.


Илмий тадқиқотлар ва сўровномалар шундан далолат берадики, кетма-кет туққан аёлларнинг 70 фоизи сурункали чарчоқ ва эмоционал зўриқишдан азият чекади. Оралиқ масофа қисқа бўлган оилаларда болалар ўртасидаги рақобат ва агрессия даражаси, масофа 4 йил бўлган оилаларга нисбатан 3 баравар юқори бўларкан.


Масаланинг яна бир оғриқли томони шундаки, айрим қайноналар келинларига: “Биз вақтида далада кетмон чопиб ҳам, беш-ўнталаб болани дунёга келтирганмиз”, дея таъна-дашном қилишади. Албатта, уларнинг гапларида жон бордир, аммо бугунги аёллар ўша давр аёллари эмаслигини ҳам унутмаслик лозим. Негаки, бугун замон ва иқлим ўзгарди. Инсон организми ва яшаш тарзи трансформацияга учради. Дастурхонимизни кимёвий маҳсулотлар эгаллади, иммунитет сусайди, иқтисодий масъулият ва харажатлар бир неча баробарга ошди. Илгари ака-опанинг кийимини кийиб мактабга бориш оддий ҳол эди. Бугун-чи? Бугунги боланинг эҳтиёжлари, руҳияти ва талаблари буткул бошқа. Илгари ўнталаб фарзанд кўрилган пайтда ҳозиргидек алоҳида болалар хонаси, замонавий каравотлар, индивидуал дарсхона, репетитор ва хусусий мактаб тушунчалари бўлганми?


Афсуски, жамиятимизда “ёшлигимда туғиб олай, тез катта бўлади” деган қараш ҳамон ҳукмрон. Натижада 25 ёшга етмай 3-4 фарзанднинг ота-онасига айланганларни кўп учратамиз. Тиббиёт нуқтаи назаридан аёл киши 35 ёшгача бемалол ва хавфсиз фарзанд кўриши мумкин бўлса-да, бизда ҳамон “болалар бир-бирини судраб катта бўлади” деган бўлмағур қарашлар ҳам йўқ эмас.


Хулоса ўрнида айтиш жоизки, аҳолининг кўпайиши, оилапарварлик мутлақо ижобий ҳолат. Аммо оилани режалаштиришда юқорида тилга олинган омиллар ҳисобга олиниши керак. Занжир реакциясига кўра, соғлом ва хотиржам онадан худди шундай фарзандлар туғилади. Оилани режалаштириш шунчаки “туғмаслик” эмас, балки ҳар бир туғилган боланинг соғлом ва сифатли ҳаёт кечиришини таъминлаш стратегиясидир.


Аброр ЗОҲИДОВ


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 6332 16:57 | 05.08.2023