Бош ювиб, кўчага чиқиш қандай касалликларга олиб келади?
Бош ювиб, кўчага чиқиш хавфли эканлигини билармидингиз? Бу қандай касалликларга олиб келишиничи? |
Умуман, совуқ кунларда одамнинг боши нега кўп оғрийди? Шу каби саволлар билан Тошкент тиббиёт академиясининг неврология ва тиббий психология кафедраси доценти, тиббиёт фанлари доктори Сатима Қуронбоевага мурожаат қилдик.
– Сочни фенда қуритган билан унинг илдизи, ундан ички қавати 2-3 баъзида 4 соатда ҳам қуримайди, – дейди мутахассис. – Айниқса, қиш кунларида тери намлик ҳолатини узоқ ушлаб туради. Намлик ҳолатида ўзига совуқ тортиб, бошнинг шамоллашига олиб келиши мумкин. Айниқса, одамда вирусли ҳолатлардан бири кечаётган бўлса, бу янада оғир кечади. Бошнинг бундай ҳолатдаги шамоллаши менингит каби оғир хасталикка олиб келиши мумкин. Бунда бош мия пардаларининг ҳамма қисми яллиғланади. Одамда бош оғриғи, кўнгил айниши ва тана ҳарорати кўтарилиши каби ҳолатлар кузатилади ва бош оғриғини қолдирувчи аналгетиклар ичилганда ҳам таъсир қилмайди. Юқорида айтилган ҳолатлар кузатилиши билан зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарур, бўлмаса яллиғланиш сурункали тарзга айланиши мумкин.
Бу менингитдан ташқари яна юз нервининг шамоллаши ҳисобига юзнинг бир томонга оғиб қолиши ҳам кузатилади. Бундан ташқари, гайморит, фронтит, синусит ҳам келиб чиқиш ҳолатлари кўп кузатилади. Юқоридаги касалликлар келиб чиқмаслиги учун бошни ювиб, фенда қуритгач, камида икки соатдан сўнг, шунда ҳам бош кийим билан чиқиш тавсия этилади.
– Менингит билан бош мия шамоллашининг фарқи нимада?
– Бошни ювиб чиққанда ҳар сафар ҳам менингит кузатилмаслиги мумкин. Унинг бош шамоллашидан фарқи шундаки, менингитда оғриқ қолдирувчи дорилар таъсир қилмайди. Бемор менингит касаллигида кучли бош оғриғидан шикоят қилади, ёруғликка қаролмайди ва тана ҳарорати тез-тез 39-40 даражага кўтарилади. Совуқ мавсумда инфекция хавфи ортади.
Агар бошда шамоллаш бўлса, бунда бош оғриғи, кўнгил айниши мумкин. Тана ҳарорати кўтарилмайди ва оғриқ қолдирувчи дорилар ижобий таъсир қилиши мумкин.
– Бош оғриғи қандай касалликлардан дарак бериши мумкин?
– Бош оғриғига олиб келадиган 150 дан ортиқ касаллик ва ҳолатлар маълум. Бирламчи бош оғриғига мигрень ва зўриқиш бош оғриқлари киради. Улар бошқа касалликларнинг аломатлари ҳисобланмайди ва мустақил касаллик сифатида пайдо бўлади.
Мигрень – чидаб бўлмас оғриқ бўлиб, у пульсли, визуал эффектлар, кўнгил айниши ва қайт қилиш ҳисси билан бирга кечади. Кўпинча мигрень касаллигида бошнинг фақат ярим тамонида оғриқ кузатилади. Хуружлар одатда ёрқин ёки милтилловчи чироқ, баланд товуш ва кучли ҳидлар билан қўзғалади, аммо мигрень билан оғриган ҳар бир одам ўзининг мигрень белгиларини аниқлай олади.
Қолаверса, бош оғриғи албатта, бир нечта касалликлардан дарак беради. Улар:
• қон босимининг кескин кўтарилиши ёки пасайиши, инсульт хавфи;
• бурун йўлларининг яллиғланиши, гайморит;
• мия саратони;
• травматик мия шикастланиши;
• депрессия.
Бош оғриғининг бошқа сабаблари:
• уйқусизлик;
• сувсизланиш;
• стресс;
• визуал зўриқиш, компютерда узоқ вақт ишлаш ёки телевизор томоша қилиш;
• спиртли ичимликларни истеъмол қилиш;
• чекиш;
• қаҳва ва чойга ҳаддан ташқари қарамлик.
– Одатда болалар боши билан йиқилса, “ҳеч нарса қилмайди, ўтиб кетади” дейишади. Чиндан ҳам кичик травмалар зарарсизми?
– Бошдан жароҳат олиш каттами-кичикми жароҳат. Бундай пайтда, албатта, шифокорга мурожаат қилиш керак, сабаби кичкина жароҳат ҳам бола 20 ёшга кирганда ўз асоратини қолдириши мумкин. Баъзи ҳолларда мунтазам бош оғриғига ёки тутқаноқ хуружларига олиб келади.
Бошда чайқалиш бор-йўқлигини билиш учун мутахассис тавсия қилган текширувлардан ўтиш зарур. Кўпинча ота-оналар фарзандининг мунтазам боши оғриётганидан шикоят қилиб келишади.
“Яқин орада йиқилмаганми?” каби саволларни берганимизда кейингина йиқилганини эслашади. Бу ҳолатдан албатта, бироз жаҳлимиз чиқади, сабаби ота-онанинг бефарқлиги оқибатида боланинг хотирасида ўзгаришлар кузатилиши мумкин ва бола ақлий жиҳатдан тенгдошларидан орқада қолиши кузатилади.
– Қачон оғриқ қолдирувчи воситаларни шифокор рецептисиз қабул қилмаслик керак?
• Ҳомиладорлик ва эмизикли даврда;
• Буйрак етишмовчилиги;
• Жигар касалликлари;
• Ошқозон яраси;
• Гипертония ёки гипотония;
• Бронхиал астма ёки аллергия қўзғалганда.
Феруза Раҳимова,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0