“Бухоро ҳокими ишдан кетиши керак ” — Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори
Сўнгги кунларда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповнинг маъсулларга хусусий боғчаларни суд қарорисиз бузишни, ҳаттоки “ичидаги одамлари билан кўмиб юбориш”ни буюргани муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу ҳолатда фуқаролар таҳқирлангани ва уларга нисбатан таҳдид қилингани инсон ҳуқуқлари ва ахлоқ мезонлари нуқтаи назаридан жиддий саволларни ўртага қўйди. Шу муносабат билан биз Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Ходжаева билан боғландик.
— Ҳокимнинг чиқишини инсон ҳуқуқлари поспони сифатида сиз қандай қарши олдингиз?
— Мен нафақат инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият юритувчи мутахассис сифатида, балки оддий фуқаро сифатида ҳам вазиятдан ҳайратда қолдим. Бу шунчаки шахсий фикр эмас, балки расмий шахснинг, давлат ҳокимияти вакилининг чиқиши. Унинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз — жамоатчилик олдидаги баёнот сифатида қабул қилинади. Шунинг учун нутқда қандай мазмун, қандай кайфият бор — бу жуда муҳим. Ачинарлиси, бугун сўконғич раҳбарлар нафақат эркаклар орасида, балки аёл раҳбарлар ичида ҳам учрамоқда. Бу борада менга ҳам баъзи мурожаатлар етиб келган.
— Бу ҳолатни инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан қандай баҳолайсиз?
— Биринчи навбатда, буни инсон шаъни ва қадр-қимматини менсимаслик деб баҳолаш мумкин. Ҳокимият тилида шафқат бўлиши керак. Ҳоким Президентимиз таъкидлаганидай, халққа хизмат қилувчи, унинг дардини тингловчи, эҳтиёжини тушунадиган шахс бўлиши керак. Акс ҳолда, одамлар орасида ҳокимиятга нисбатан ишонч йўқолади. Бу эса бутун тизимнинг заифлашишига олиб келади. Умуман, бу – хавотирли сигнал. Агар мансабдор шахслар жамоатчилик олдида таҳдид билан гапирса, бу эртанги кунимиз учун жуда салбий тенденцияга йўл очади. Ундан ташқари, бу бошқа амалдорларга ҳам “мен ҳам шундай гапирсам бўлади”, деган хулоса келишга сабаб бўлиши мумкин. Шу боис, бундай чиқишлар ҳуқуқий ва ахлоқий жиҳатдан баҳоланиши шарт.
–Агар шундай вазият бошқа демократик мамлакатда содир бўлганда ҳокимга нисбатан қандай чора кўрилган бўларди?
–Менимча, ишдан кетган бўларди! Бизда ҳам шундай бўлиши керак деб ҳисоблайман. Инсон ҳуқуқлари ва демкоратия институти директори, ҳамда шу мамлакатнинг бир фуқароси ўлароқ, ҳоким ўз хоҳишига кўра, ишдан кетишини талаб қиламан. Шу билан бирга, давлат амалдорлари учун мулоқот маданияти, инсон ҳуқуқлари бўйича махсус ўқувлар ташкил этилиши керак. Чунки ҳокимият — фақат буйруқ бериш эмас, балки тинглаш ва тушуниш маданияти ҳамдир.
— Нима учун бунақа чиқишлар жамиятда шунча муҳокамага сабаб бўлди деб ўйлайсиз?
— Чунки жамият энди ўз қадр-қимматини англаб бормоқда. Одамлар ҳокимиятдан шафқат, адолат, очиқлик кутяпти. Аммо ҳокимдан таҳдид ва камситиш эшитган одамлар ўзини ҳимоясиз ҳис этади. Бу ҳолат уларнинг ҳуқуқий онгини, давлатга бўлган ишончини издан чиқаради. Ҳар бир ҳокимият вакили — давлатнинг юзи. Унинг тили, сўзи, муносабати орқали халқ давлатни баҳолайди. Агар давлат тили таҳдид тилига айланса, халқ давлатдан узоқлашади. Биз инсонни марказга қўйиш, унинг шаънини ҳимоя қилиш тамойилини давлат сиёсати даражасига чиқаришимиз керак. Янги Ўзбекистонда бугун қанчадан-қанча ўзгаришлар бўляпти. Юртимизга дунё ҳамжамиятининг қизиқиши ортиб боряпти, айни дамда ватанимизда ҳар қадамда нуфузли хорижий инвесторларни кўрасиз. Бухородаги каби нохуш хабарлар мамлакатимиз нуфузини улар нигоҳида тушириши мумкин.
Мафтуна Каримова суҳбатлашди
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0