Гўштнинг нархи – ҚОҒОЗДА 65000 СЎМ, АМАЛДА ЭСА…
Ёхуд расмий баёнотлар ҳақиқатни акс эттиряптими?
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги яқинда берган маълумотларига кўра, Ўзбекистон дунёнинг гўшт энг арзон давлатлари қаторига киради ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ичида Қирғизистондан кейин иккинчи ўринда туради.
Гўшт нархи нисбатан барқарор сақланиб, арзонлаштирилган расталарда 1 кг. мол ва қўй гўшти ўртача 65-75, савдо расталарида – 90-95 ҳамда супермаркетларда 95-100 минг сўмдан сотиляпти.
Марказий банк таҳлилларига назар ташласангиз, бунинг аксига гувоҳ бўласиз. Хусусан, инфляция 0,1 фоизга ошиб, 14,4 фоизни ташкил қилган. Айниқса, Тошкент шаҳрида инфляция юқори бўлиб, 18,2 фоизга етган. Юқори суръатларда ўсган товар ва хизматлар рўйхатининг бошида эса гўшт маҳсулотлари турибди.
Шунингдек, рўйхатдаги 19 та товар ва хизматдан 13 тасида нархлар кескин кўтарилган. Электр ва табиий газ, бензин ва ёнилғи, мева-сабзавотлар, ўсимлик ёғи ва дори-дармонлар шулар жумласидан.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан Марказий банк таҳлиллари бир-биридан тубдан фарқ қиляпти. Демак, қайсидир идора ёлғон баёнот беряпти.
Умуман олганда, арзонлаштирилган ярмаркалардаги гўшт расталарига 65 минг сўм нарх ёпиштирилганига уч-тўрт йилдан ошди. Бу орада ҳамма нарсанинг баҳоси каррасига ошиб улгурди. Шундай экан, 65 минг сўмга гўшт қолдими? Бор бўлса, у қандай гўшт? Нега бунча арзон?
«Эски жува», «Олой», «Юнусобод» ва бошқа деҳқон бозорларидан мана шу саволларга жавоб изладик.
Ҳақиқатан ҳам, махсус расталарда Покистондан келтирилган гўштни 65 минг сўмдан сотишмоқда. Аммо у музлатилган, сифати ҳам шунга яраша. Масалан, «Олой» деҳқон бозорида бунақа нархга гўшт йўқ. «Эски жува»да бор. Фақат уни эрталабки соат 5-6 дан 9 гача топиш мумкин. «Юнусобод» деҳқон бозорида ҳам шундай гўшт бор, лекин харидори кам. Бошқа бозорларда 65 минг сўмлик гўштга кўзимиз тушмади.
– Оғайни, бу гўшт 75 минг сўм, – дея эътироз билдирди 65 минг сўм деб ёзилган пештахта ортида турган сотувчи зарда билан. – Бу бозорга келадиган махсус комиссия учун қўйилган нарх. Бунақа нархга гўшт йўқлигини ўзингиз ҳам биласиз-ку! Агар сизга 65 минг сўмлик гўшт керак бўлса, бозор бошига боринг. Ўша жойдан топишингиз мумкин.
Вазирлик айтаётган арзонлаштирилган расталарнинг айримларида шундай ҳолатларга гувоҳ бўлдик. Улар Покистондан келтирилган гўштни 70-75 минг сўм атрофида сотишмоқда.
Қисқаси, айни пайтда бозорларда Покистоннинг музлатилган гўшти 65-75 минг (ҳаммасида ҳам эмас) сўм, Беларусдан келтирилгани 125 минг сўм, ўзимизда етиштирилаётган қорамоллар гўшти эса 125 минг сўмдан 150 минг сўмгача сотиляпти.
– 65 минг сўмлик гўштни асосан, чойхона, ошхона ва турли тамаддихоналар олишмоқда, – дейди сотувчи аёл биз билан суҳбатда. – Чунки унинг мазаси ўзимизнинг гўштдан анча фарқ қилади. Биз ҳам бошида истеъмол қилиб кўрдик, сифати анча паст. Кўриб турибсиз, музлатилган, унча-мунча харидорнинг эътиборини тортмайди. Лекин йўқдан кўра бори яхши-да!
Хуллас, бозорлардан 65 минг сўмга лаҳм, сифатли гўшт излаш бефойда. Шундай экан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кимни алдаяпти? Қуруқ ҳисобот учун қилинган таҳлиллардан нима наф? Нарх-наво осмонга қараб ўрмалаётганини, 500-600 минг сўмга бозорхалта тўлмаётганини ҳамма кўриб-билиб турибди-ку! Демак, ёлғон маълумотлар билан оммани чалғитиб, кулгига қолишда ҳеч қандай мантиқ йўқ, назаримизда.
Вазирликнинг иддаоларига кўра, бозорларимизни ўзимизда етиштирилган гўшт маҳсулотлари билан таъминлашда 95-100 фоизлик маррани забт этганмиз. Нега унда унинг нархи ошиб кетмоқда? Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, албатта.
– Кўпчилик гўштнинг нархи ошиб кетишида бизни айблашади, – дейди «Паркент» деҳқон бозорида савдо қилувчи қассоб. – Лекин бунга айбдор биз эмасмиз. Ҳозир сўйилаётган молларнинг бир килограмм гўшти ўзимизга 98-100 минг сўмга тушяпти. Унга қўшиб сотмасак, бозорда ўтиришимизнинг ҳожати йўқ.
– Кўп йилдан буён уйда мол боқаман, – дейди Аҳрор Абдуллаев. – Унинг қанчалик машаққатли эканини яхши биламан. Айниқса, ҳозир бу иш осон эмас. Яйловлар йўқолиб кетди. Ем-хашак қиммат. Битта молни семиртириб сўйиш учун камида 5-6 ой вақт кетади. Бир ўйлаб кўринг, битта молни етиштириш учун қанча озуқа керак? Масалан, битта бўрдоқи мол бир кунда 3 килограмм кепак, 3 килограмм кунжара, бир қоп силос, бир боғлам прессланган пичан ейди, дейлик. Ҳозир кепак 3 минг сўм, кунжара 7 минг сўм, бир қоп силос 25 минг сўм, бедапичан эса 20 минг сўм. Бир кунда 70 минг сўм атрофида харажат кетяпти. Ана энди ойлик харажатни ўзингиз чамалаб олаверинг. Бизда энг катта муаммо ем-хашак билан боғлиқ. Етишмовчилик бор. Масалан, кунжарани четдан ҳамма ҳам импорт қилолмайди. Бу имконият маълум доирадаги одамларга берилган, холос.
Яна бир қизиқ ҳолат: Юртимизга Қозоғистондан келтириладиган буғдой ўзимизда етиштирилганидан арзон. Лекин уни ҳамма ҳам олиб келолмайди. Назаримда, ем-хашак монополиясига барҳам бермасак, нарх-наво ҳали-бери мўътадиллашмайди.
Демак, фермер ёки қассобга босим ўтказилавергани билан масаланинг ечими топилмайди. Муаммони ечиш учун ем-озуқа нархларини туширишга, уларни «биринчи қўл»да сотадиган шохобчаларни кўпайтиришга асосий эътибор қаратиш, яйловларни кенгайтириш лозим.
Мутахассислар нима дейди?
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассисларининг фикрига кўра, гўшт нархи икки ҳолатда ошади: тақчиллик ёки гўштнинг таннархи кўтарилганда.
Тўғри, бугун бозорларда тақчиллик кузатилаётгани йўқ. Гўшт ишлаб чиқариш ҳозирча талабни тўлиқ таъминлаяпти.
Аммо, Худо кўрсатмасин, мамлакатда фавқулодда вазият юзага келса (масалан, экспорт йўллари ёпилса ёки ем етишмаслиги бўлса), Қишлоқ хўжалиги вазирлигида стратегик захира, фавқулодда ҳаракат режаси йўқ. Вазирлик доимий равишда бозорда мониторинг ўтказиш, хусусий сектор билан ҳамкорликда нархни барқарорлаштириш механизмларини жорий этиши лозим. Шахсан бозорга тушиб, расталарга ёпиштирилган нархларни эмас, амалдаги реал савдо ҳолатини ўрганиши керак.
Статистикага кўра, гўшт ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон Қозоғистон ва Қирғизистондан орқада қолмоқда. Хусусан, Жаҳон банкининг 2023 йилдаги ҳисоботида қайд этилишича, Қозоғистонда киши бошига гўшт ишлаб чиқариш ҳажми йилига 73 кг. бўлса, Қирғизистонда бу кўрсаткич 58 кг., Ўзбекистонда эса 49 кг.га тўғри келаётган экан. Ушбу рақамлар ортида қуйидаги муаммолар ётибди:
Ем-хашак базасининг етишмаслиги: қишлоқ хўжалиги ерларининг катта қисмига ғалла ва пахта экилади. Ем-хашак экиладиган ерларнинг қисқариши чорвачилик ривожига тўсиқ бўлмоқда.
Қайта ишлаш инфратузилмаси заифлиги: фермерлар учун молиялаштириш ва суғурта механизмлари амалда йўқ.
Соҳа мутахассисларининг фикрига кўра, гўштни арзонлаштириш биринчи навбатда, иқтисодий-молиявий ислоҳотлар самарадорлигига боғлиқ. Хусусан, гўшт нархининг ички истеъмолдаги барқарорлигини сақлаб қолиш учун хорижий давлатларда турли имтиёзлар берилади. Масалан, Қозоғистонда гўштнинг таннархини пасайтириш мақсадида давлат томонидан қорамолнинг 1 килограмм тирик вазни учун 5 минг 296 сўм (200 тенге), қайта ишлашга мўлжалланган 1 килограмм гўшт учун 4 минг 615 сўм (175 тенге) субсидия берилади. Шунингдек, гўштга боқиладиган даги маҳаллий 1 бош наслдор буқа сотиб олиш учун давлат томонидан 4 миллион сўм (150 минг тенге), МДҲ давлатларидан олиб келинган 1 бош сигирга 6 миллион сўм (225 минг тенге), Австралия, Шимолий ва Жанубий Америка, Европа давлатларидан импорт қилинган 1 бош наслли сигирга 8 миллион сўм (300 минг тенге) субсидия ажратилади.
Эронда чорвачилик давлат томонидан тақдим этиладиган беғараз молиявий кўмаклар ҳисобига қўллаб-қувватланади. Масалан, 2024 йилда чорвачилик секторини қувватлаш учун 20 миллиард доллар беғараз сармоя ажратилган. Ҳар йили фермерларга 10 миллиард долларга яқин маблағ чорва молларини ем-хашак билан таъминлаш учун тақсимланади. Бундан ташқари, чорва касалликларининг олдини олиш ва ҳайвонлар соғлиғини таъминлашга йилига 500 миллион доллардан 1 миллиард долларгача маблағ йўналтирилади. Давлат томонидан ҳар йили чорвачилик соҳасида замонавий техникаларни харид қилиш учун 2 миллиард доллар ажратилади. Фермерларнинг малакасини ошириш, янги усул ва технологияларни жорий қилиш учун таълим ва тренинглар ташкил қилиш мақсадида 100 миллион доллар сарфланади.
Франция ҳукумати чорвачилик соҳасини ривожлантириш ва фермерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор молиявий ёрдам ва субсидиялар дастурларини амалга оширмоқда. Хусусан, чорвачилик билан шуғулланадиган фермерларни қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили 250 миллион еврогача маблағ ажратилади.
Бизда эса бунинг акси. Масалан, фермерларнинг айтишича, сотилган гўшт учун ишлаб чиқарувчиларга берилаётган давлат субсидиялари 2024 йил 1 январдан бекор қилинган.
Иккинчидан, гўштни (мол ва қўй гўшти) реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек, импортда қўшилган қиймат солиғи жорий этилган.
Учинчидан, статистик ҳисоботларга кўра, 2025 йилнинг март ойида гўшт ишлаб чиқариш билан боғлиқ харажатлар, жумладан, ем-озуқа, электр энергияси, ёқилғи-мойлаш материаллари нархлари кескин ошди. Масалан, 2024 йилнинг декабрь ойидаги қийматга солиштирганда, бугунги кунда шрот нархи 3 минг сўмдан 7 минг сўмга, шелуха 2 минг 800 сўмдан 4 минг сўмга, омихта ем 2 минг 900 сўмдан 3 минг 700 сўмга, буғдой 2 минг сўмдан 3 минг сўмга, макка силоси 500 сўмдан 900-1000 сўмга, сомон 15 минг сўмдан 25 минг сўмга, бедапичан 25 минг сўмдан 45 минг сўмга кўтарилди.
Республикада мавжуд қорамолларни тўла қийматли озиқлантириш учун 3,2 миллион гектар суғориладиган экин ери талаб этилса, барча тоифа хўжаликлардаги 470 минг гектар экин ери талабнинг атиги 14,7 фоизга таъминлайди.
Шунингдек, ҳозир қорамолчилик хўжаликларига озуқабоп экинлар учун 77 минг гектар суғориладиган ер майдони етишмайди ва шу сабабли тўла қийматли озиқлантириш имконияти чекланган.
Чорвачилик тармоқларига берилаётган кредитлар муддати ва ставкаси самарадорликни оширишга мувофиқ эмас. Ҳисоб-китобларга кўра, йирик минг бош қорамол ва 800 минг бош парранда боқиш қувватидаги саноат лойиҳаси учун ўртача 10 миллион доллар маблағ талаб этилиб, кредитларни қайтаришга камида 12 йил вақт талаб этилади. Бундан ташқари, паррандачилик хўжаликларига кредитлар 2 йил муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан 14-18 фоиз ставкада берилиши таннархнинг ошиб кетишига, айланма маблағлар етишмаслигига ва кредитларни қайтаришда муаммоларга сабаб бўлмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқадиган хулоса шуки, қачонки чорвачилик ва унинг тармоқларида юқоридаги муаммолар бартараф этилса, гўшт нархининг барқарорлиги таъминланади. Акс ҳолда, бундан умид қилмасак ҳам бўлади.
Озиқ-овқат хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятга тайёргарлик борми?
«Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунда белгиланган вазифаларни амалиётга татбиқ этишда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ваколат ва вазифалари аниқ белгилаб қўйилди. Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, тегишли дастурлар ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш, озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги юзага келган тақдирда тезкор чора-тадбирларни амалга ошириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсини ишлаб чиқариш билан боғлиқ фаолиятни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тайёрлаш ва уларни ҳукуматга киритиш, озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир этувчи омилларни ўрганиш, соҳадаги ишларнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотни тўплаш ва таҳлил қилиш, бозорни барқарорлаштиришга, нарх-наво ўзгарувчанлиги, шунингдек, уларнинг салбий оқибатларини юмшатишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, келгуси йил учун ижтимоий аҳамиятга молик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсига бўлган эҳтиёжнинг прогноз ҳажмларини ишлаб чиқади, уларнинг бажарилиши юзасидан чора-тадбирлар кўриш, давлат захирасини ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсининг айланма захирасини ташкил этиш механизмларини такомиллаштириш, импорт ўрнини босувчи озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсини ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш бўйича таклифлар бериш, келгуси йил учун озиқ-овқат балансини ишлаб чиқиш ва ҳукуматга тақдим этиш кабилар шулар жумласидан.
Вазирлик, шунингдек, табиий офатлар, уруш, экспорт чекловлари ёки эпидемиялар шароитида аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш бўйича махсус резервлар тузиши, етказиб бериш тизимини ишлаб чиқиши керак.
Мутасаддилар қонун ижросини таъминлаш учун зиммасидаги вазифаларга балки аллақачон енг шимариб киришгандир. Лекин ҳозирча бу борада улардан бирон-бир хабар эшитмадик, саъй-ҳаракат кўрмадик.
Таҳлилларга кўра, 2020 йил – COVID пандемиясида гўшт нархи 30 фоизга қимматлашган. Россия – Украина уруши ортидан 2022 йилда озиқ-овқат нархлари яна бир марта кескин ошди. 2024 йил ёзидаги қурғоқчилик чорвачилик базасини қаттиқ зарбага учратди. Кўрдикки, ҳар учала ҳолатда ҳам Қишлоқ хўжалиги вазирлиги стратегик интервенцияга қодир эмас. Қолаверса, ўтган йили тарвузнинг арзон бўлиб кетиши, ундан олдин пиёз билан шу ҳолат рўй бериши, бу йил эса, картошканинг нархи кескин ошиб кетиши фонида кўряпмизки, озиқ-овқат маҳсулотлари борасида вазирликнинг аниқ хулосалари, режа ва таҳлиллари йўқ.
Хўш, олдинда турган муаммолар ҳақида дўппини бошдан олиб, бош қотириш фурсати келмадими? Бозорнинг бугунги аҳволига шунчаки томошабин бўлиб ўтирадиган пайтми ҳозир? Вазирликда бу борада астойдил бош қотирадиган, миришкор деҳқонларга қайишадиган мутасадди борми? Айниқса, сўз бораётган гўшт билан боғлиқ муаммолар жиддий масала. Шундай экан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қачон ҳаракатга тушади?
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
«ISHONCH»
Манба: “ISHONCH” газетасининг 2025 йил 22 майдаги 65-сони.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0