Майда ташвишлар гирдоби
Биз тонг отмасдан тўйхоналарга шошамиз. Бу ота-боболаримиздан қолган удум, албатта.
100-150 йиллар аввал ҳам худди шундай ҳамжиҳатлик билан наҳорги ошларга боришган...
Айтишларича, Чор Россияси даврида довруғи дунёга кетган, чет элларда пахта заводларига эга бўлган андижонлик бир бой 25 кун элга ош бериб, пул сочиб, тўй қилган, лекин илму урфон учун сўраганларида беҳуда сарфлайдиган маблағи йўқлигини айтган экан.
Таассуфли жиҳати, орадан бир ярим аср ўтса-да, ҳамон дабдабали тўю пул сочишларнинг шайдосимиз. Ёки бугун қайси бир манзилда «Бўйин гўшти», «Тошкент мошкичириси», «Чуст оши», «Мадор сомса», «Олот сомса» сингари мазали таом довруғини эшитсак, ўша ерга эринмасдан борамиз.
Шиддат билан илгарилаётган бугунги даврда хорижликлар сунъий интеллектни мукаммаллаштириш билан овора, биз бўлсак, тонналаб ош дамлаб, исроф йўлини танлаб дунёни лол қолдирмоқчи бўламиз. Чет элликлар илм-фанга сармоя киритаётган бир вақтда, дабдабали уй солиш, машина миниш, тўй қилиш ва бошқа шу каби маиший орзулар билан яшаймиз.
Чўнтагимиздаги сўнгги русумдаги телефонни фалон долларга сотиб оламизу ўзимизда етиштирилган ширин-шакар мева-сабзавотларни қоқи баҳосидан ҳам арзонга сотаётганимиз ҳам айни ҳақиқат. Аслида барчани маҳлиё қилаётган ўша замонавий телефонни ўзимизда ишлаб чиқарсак бўлмайдими?
Тан олиш керак, биз илм-фанда хориждан ортда қоляпмиз. Боиси, майда ташвишлар гирдобида чархпалакдай айланаётгандаймиз. Ёки нари борса, буюк аждодларимиз ютуқларидан фахрланишга одатланиб қолдик.
«Миллат руҳиятидаги бу доғларни йўқотишнинг имкони бормикан?» деган саволга педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдош «Бу иллатларни йўқотишнинг бирдан-бир йўли – ўқиш, ўрганиш, изланиш, ўз устида ишлаш», дея жавоб берганди.
Ўзим шоҳиди бўлганим, бундан ўттиз йиллар аввал қишлоқ мактабини битириб, дунёнинг нуфузли университетларидан бирига грант учун имтиҳон топшираётган оддий қишлоқ йигитининг онасига совхоз директори зимдан қараб, «сен ҳам болангни олиб келдингми? Сенинг ўғлингга ўқишга киришга йўл бўлсин?», дея пичинг қилганди.
Буни қарангки, амалда совхоз директорининг фарзанди эмас, ўша оддий, илмли қишлоқ йигити хориж университети талабаси бўлди. Ҳозир у Америкада техника фанлари доктори унвонига эришиб, илм-тафаккури билан океан орти мамлакатини забт этган.
Эллик йилда эл ўзгаради, дейишади. Аслида ҳам ўзгариш вақти келди. Дунёни эса илм ўзгартиради. Салоҳиятли фикр эгаси бўлиш учун тинмай изланиш керак. Донишмандлардан бири айтганидек, боласи отасидан кўпроқ китоб ўқимаган миллат тараққий этолмайди. Шундай экан, илм олишни ҳар нарсадан устун қўяйлик.
Анваржон ҲАЛИМОВ
Ishonch.uz
“Ishonch” газетасининг 8 ноябрь 140-сонидан олинди




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0