Хатда бор, манзилда йўқ
«Давлат идоралари фуқаролар олдида масъулдир!». Бу тамойил ҳар бир ташкилот вакили зиммасига масъулиятли вазифа юкласа-да, аммо уни унутаётганлар ҳам йўқ эмас. Бу эса одамларда айрим идораларга нисбатан ишончсизлик уйғотмоқда. Касаба уюшмаларининг аёллар муаммоси билан ишловчи 1211 қисқа рақамли «Ишонч телефони»га йўлланган мурожаатлар тақдири билан қизиқдик.
Пахтачилик фуқаронинг мурожаати бироз дардли ва аламли. Одатда «Ишонч телефони»га асосан аёллар қўнғироқ қилишади. Бу галги қўнғироқ соҳиби эса эркак киши.
Одамни одам бузади, дейишади. Ёмонлар таъсирига тушиб қолган ва эндигина ўн беш ёшни қаршилаётган қиз Х.Ё. тарбияси бузилиб, кўчага чиқиб кетган….
«Ўн беш кундан бери уйга келгани йўқ, кўчаларда дайдиб юрибди», дея куйиниб гапирди қизнинг отаси Х.Р. У фарзандининг хулқи ёмон томонга ўзгаргани ва уни эплай олмаётгани, ўзи эса касалмандлиги боис қизини Самарқанд вилоятидаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштиришни хоҳламоқда. Касаба уюшмаларининг «Ишонч телефони»га мурожаат қилгач, у тегишли ташкилотга юборилган. Ҳатто 2024 йилнинг 4 декабрь куни ЖИБ Пахтачи тумани судининг қарори асосида қиз вилоят вояга етмаганларга ижтимоий- ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилгани ҳақида хат ҳам келган. Аммо отанинг айтишича, ҳозир қизи хатда ёзилган марказда эмас, аксинча, очиқда «билган ишлари» билан банд экан. Фарзандини йўлга сололмаган отанинг мурожаат қилмаган жойи қолмабди.
Пахтачи тумани ИИБдан келган хатдан биз ҳам ҳайрон қолдик. Қиз очиқда юрибди, уйига келмайди. Аммо вояга етмаганлар билан шуғулланувчи марказда ҳам эмас...
– Ўтган йили апрель ойида суянган тоғим, ўғлим вафот этди. Балоғат остонасидаги қизим бу йўлга кириб кетди. У ҳамон «кўчада». Ўзим юрак касалига мубтало бўлганман, – дейди кўз ёшлари шашқатор ота. – Ҳеч ким ёрдам бермаяпти. Биргина умидим касаба уюшмаларидан.
Қизиқ, ўн беш ёшли қизнинг тақдирига қайғурувчи ташкилот бутун бошли Пахтачида топилмаса-я? Мактаб ва мактабгача таълим ташкилоти, хотин-қизлар масъуллари қаёққа қарашяпти? Ёшлар ташкилоти-чи?
Хуллас, касаба уюшмалари ёпиқ қозонни ёпиқлигича қолдириш илинжида бўлганлар билан муросага бормайди. Инсон қадр-қиммати, шаъни топталар экан, бу ташкилот жим турмайди.
Нурилла Шамсиев
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/51
0
0
0
0