Сайт тест режимида ишламокда
    Валюта UZS
  • USD

    12 875.0613.23

  • EUR

    13 406.80-90.4

  • RUB

    124.75-0.72

+1C

+1C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+1c

  • Hozir

    +1 C

  • 13:00

    +2 C

  • 14:00

    +2 C

  • 15:00

    +2 C

  • 16:00

    +2 C

  • 17:00

    +0 C

  • 18:00

    -1 C

  • 19:00

    -2 C

  • 20:00

    -3 C

  • 21:00

    -4 C

  • 22:00

    -6 C

  • 23:00

    -7 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Shanba, 21-December

+1C

  • Hozir

    +1 C

  • 13:00

    +2 C

  • 14:00

    +2 C

  • 15:00

    +2 C

  • 16:00

    +2 C

  • 17:00

    +0 C

  • 18:00

    -1 C

  • 19:00

    -2 C

  • 20:00

    -3 C

  • 21:00

    -4 C

  • 22:00

    -6 C

  • 23:00

    -7 C

  • Shanba, 21

    +1 +20

  • Yakshanba, 22

    +0 +20

  • Dushanba, 23

    +1 +20

  • Seshanba, 24

    +2 +20

  • Chorshanba, 25

    +3 +20

  • Payshanba, 26

    +4 +20

  • Juma, 27

    +3 +20

  • Shanba, 28

    +4 +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

Экологияга янги тизимли ёндашув зарур

Назаримда, биз экологияни жуда тор ва жўн маънода тушунамиз. Эҳтимол, шу сабабдан ушбу соҳадаги бошлаган ҳаракатларимизнинг аксарияти чала ва самарасиз бўляпти.
Жамият
9143 22:09 | 11.12.2023 22:09

Эътибор берайлик, «экология» сўзини бугун замонавий дунё «environment», яъни атроф-муҳит маъносида тушунади ва қабул қилади. Бу эса моҳиятан жуда кенг қамровли тушунча. Унга кўра, атрофимизни ўраб турган муҳит бўй-бастича экологиядир.


Демак, у ҳаёт ва фаолиятимизнинг муҳим унсури ҳисобланади. Унинг ифода кўлами биз қабул қилган дарахтзорлар ва дашту далалар, хиёбонлардаги яшиллик тушунчасидан анча кенгроқ. Гарчи биздаги стереотипларга ғайри бўлса-да, у асло мавҳум тушунча эмас. Мураккаб туюлиши мумкин, аммо бу чигаллик ечимини истилоҳ ёки назариядан эмас, балки айнан одамлар, жамият яшаётган муҳитдан қидирсак тўғрироқ бўлади.


Бизда аксарият ҳолатларда экологияни макро ёндашувда ёки макро кўринишда ифодалашади. Ҳа, экология бу тоза ҳаво, тоза сув, тоза ер демакдир, лекин бу умумий тасаввур. Микро ёндашувда, яъни минглаб конкрет вазиятларда ва ҳолатларда масала янада мураккаблашади. Шунчаликка борадики, ҳатто бу соҳадаги мавжуд қонунлар ва меъёрий ҳужжатлар мўрт бўлиб чиқади ва ҳатто «атроф-муҳит» деган сиёсатни сохталаштиргандай бўлади.


Сиёсий адабиётларда «Шайтон тафсилотларда пинҳон» («Дьявол кроется в деталях») деган ибора бор. Яъни, ҳар бир конкрет вазиятда мавжуд муаммонинг майда унсурларига киришган сари унинг янгидан-янги жиҳатлари намоён бўлади ва вазиятни қонун ва бошқа ҳужжатларда белгиланганидек бошқариш имкони тораяди.


Ўз-ўзимизни бир саволга тутайлик-а: нега мораторий ўрнатилганига қарамасдан дарахтлар барибир кесиляпти? Чунки кесилган дарахт учун тадбиркорга қўлланган чора-жарима тўлаш қонунбузар учун таъсирли усул эмас. Чунки у режасидаги ишдан кесилган дарахтлар учун тўлаган пулидан юз чандон кўпроқ даромад олади. Кесади, тўлайди ва ишини давом эттиради. Бугун бундан-да баттарроқ усуллар пайдо бўлди. Яъни дарахтларни турли йўллар орқали қуритиш. Шундай қилинса, ҳатто жарима ҳам тўланмайди. Чунки қуриб-қақшаган дарахтни кесишга изн бор.


Албатта, бизда экология муаммоси давлат даражасида жиддий тушунилиши ҳам бор гап. Хусусан, Президент «Яшил макон» сиёсатини эълон қилди ва бу борада тегишли фармон ҳам чиқди. Хўш, «Яшил макон» ўзи нима? Уни биз қандай тушунмоғимиз керак? Масалан, фақат ўрмонлару боғлар эмас, ўтлоқ ҳам, бедазору қамишзор ҳам яшил макон-ку?! Демак, то ушбу тушунчага аниқ концептуал изоҳ ёки ном берилмагунча уни турлича атаса, спекулятив талқин қилса бўлади. Келинг, шартли равишда, уни шундай атайлик: «Яшил макон» — бу барча дарахтзор, экинзор, ноёб ҳайвонот яшайдиган ҳудуд ва табиат қўйни.


Хўп, ном ҳам топдик, энди шунга кўра нима қилиш керак? Таассуфки, айни масалада ҳам саволлар кўп. Мисол учун сиз, «Мевали ва манзарали» дарахтлар деган гап (тасниф)ни қандай тушунасиз? Мен буни мевали дарахтнинг манзараси йўқ, у шаклан оддий бир оғоч, моҳиятан соғин сигирдек даромад манбаи маъносида қабул қиламан. Гарчи, қўпол бўлса-да, бундан бўлак талқин ёпишмайди бу ўринда. Ахир, наҳотки, баҳорда қийғос гуллаб, кузда мева берадиган, қўли гул боғбонларимиз меҳри ила парвариш қилинган мевали дарахтнинг манзараси йўқ бўлса?


Йўқ, биз бу тоифага фақат арча, қайрағоч, тол ва бошқа бир нечта ажнабий дарахтларнигина киритамиз. Менинг наздимда, дарахтларни тоифага ажратиш нотўғри ва бунинг биз учун зарарли томонлари бор.


Масалан, бугун экологларимиз, соҳага масъул мулозимларимиз тафаккури ва амалиётида манзарали дарахтларни кесиш жиноят, мевали дарахтларга болта уриш эса мумкин, деган ғалати тушунча қоида тусига кирган. Улар бу иддаоларини, ҳатто, қонунларимиздаги моддалар билан асослашга уринишади. Аммо, нафсиламбрини айтганда, бу хато тушунча. Негаки, улар тилида айтадиган бўлсак, мевалиси ҳам, манзаралиси ҳам — наботот-ку!


Жамиятдаги мавжуд аъмолларимиз ва узоқ йиллар олиб борилган нотўғри экологик сиёсат, афсуски, бугунги замонларга келиб, тадбиркор ва аҳолини бир бирига душман қилиб қўйди. Шиорларимиз орасида «инсон қадри» деган бир чиройлиси бор. Лекин биз бир нарсани аниқлаштириб олишимиз керак; «инсон» деганда биз бу истилоҳни кенг маънода тушунишимиз керакми ёки маълум бир синфлар доирасидами? Масалан, яшнаб турган дарахтзор ўрнига иншоот қурмоқчи бўлган тадбиркор манфаати учун нега унинг табиатга етказган зараридан кўз юмиш керак?


Ўтган йили Тошкент шаҳри дунёда чангли ҳаво борасида биринчи ўринга чиққанлигидан хабарингиз бор, албатта. Чанг қаердан пайдо бўляпти? Бу ҳолатга дарахтларнинг кесилиши ва қурилиш кўлами кенгайиши сабаб эмасми? Пойтахтимизнинг айни рейтингда юқори ўринга чиқиб олиши бизни экологиянинг миллий хавфсизлик даражасига кўтарилганидан огоҳлантирмаяптими? Ҳозир экологик муаммоларни радикал ечиш вақти келди. Бу борада, йирик лойиҳалар ҳам, майда ишлар ҳам бугун ўта муҳим. Масалан, ўриндиқлар масаласини олайлик. У аслида одамларнинг ўтириб дам олиши, суҳбат қуриши учун қўйилади. Бизда эса улар жуда сийрак. Баъзан ўтиришга жой тополмайсиз ҳам. Нега шундай?


Нима, шаҳар ҳокимлиги аҳолидан ўриндиқларни қизғанадими? Шундай кўзга кўриниб турган, осон ечиладиган муаммони ҳал қилишга нима тўсқинлик қилади? Баъзан омадингиз чопиб, бўш ўриндиқни топганингизда ҳам дилингиз равшан тортмайди; уларнинг аксарияти ўтириб бўлмайдиган даражада ноқулай ва қўпол шаклда.


Хуллас, энди яна расмий ҳужжатларимиз масаласига қайтсак. Атроф-муҳит муаммоларига оид мавжуд қонун ва меъёрий ҳужжатларни кўриб чиқиб, баъзи ҳолатларда ҳайрон қолмасликнинг иложи йўқ: улар шундай мўрт тузилганки, уларни уддабурон тадбиркор бемалол айланиб ўтиши мумкин.


Иддаомиз асоссиз бўлмаслиги учун мисол келтираман.


Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодексида «Ерга эгалик қилувчилар, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан бир гектардан ортиқ майдонга эга ер участкасида суғориладиган ерларни яхшилаш ҳамда муҳофаза қилиш, шу жумладан, ерлардан мақсадли, оқилона фойдаланилишини, тупроқнинг қайта тикланишини ва ҳосилдорлиги оширилишини таъминлаш бўйича мажбуриятларнинг бажарилмаслиги» тўғрисида боб бор. Унда айбдорга жазо сифатида фақат жарима белгиланган. Бу мақоламиз аввалидаги айтган гапнинг айнан ўзи: тадбиркор жаримани тўлайди-да, ишида давом этаверади…


Мазкур ҳужжатда қурилиш ишлари кетаётган ҳудудда ярим тунгача шовқин қилиб ишлаш, чанг кўтариш шу ҳудудда яшовчи аҳоли учун маънавий зарар экани ва бунга қонунан йўл қўйиб бўлмаслиги («Инсон қадри») тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган.


Умуман олганда, бугунга келиб, қурилиш кўламини камайтиришни экологик вазиятнинг ўзи тақозо этяпти.


Тўғри, демографик динамика юқори бўлган бизнинг жамиятда бу гап қулоққа эриш туюлиши ҳам мумкин. Кўпчилик аҳоли кўпаймоқда, уйларни кўпроқ қуришнинг нимаси ёмон, дейиши мумкин. Бу тўғри. Аммо «аҳолипарварлик» бугун шаҳарда яшаётган инсонлар нотинчлиги, хавфсизлиги «ўғирланиши» ҳисобига бўлмаслиги керак.


Мисол учун, нега биз мегополисларимизни кўпайтириш ҳақида ўйламаймиз?! Мамлакат аҳолисининг катта қисмини Тошкентга «йиғиб олишимиз» қанчалик тўғри? Бугун бошкентда аҳоли ҳаддан ташқари кўпайиб кетмадими? Агар, дейлик, айни дамда Тошкент аҳолиси 6 миллионга яқин десак, унда Ўзбекистон нуфусининг деярли 16 фоизи пойтахтда экан-да! Масалан, Туркия пойтахти Анқаранинг 5,6 миллион аҳолиси бор. Умумий аҳоли сони эса 85 миллион. Демак, пойтахтда мамлакатнинг 6 фоиз аҳолиси яшар экан. АҚШ аҳолиси 331 миллион бўлса, Вашингтонда 600 минг киши яшайди, яъни тахминан 0,2 фоиз! Франция пойтахти Парижда бутун мамлакатнинг 2 фоиз аҳолиси истиқомат қилади.


Ривожланган мамлакатлар ва уларнинг пойтахтларида аҳоли ҳудудий жиҳатдан нафақат нормал меъёрий тақсимланган, йирик шаҳарларда эстакада ва тоннеллар жуда кўп бўлиб, машиналарда юриш жуда қулай.


Бизда, Тошкентда эса...
Яна Энергетика вазирлиги кўпчилик зиёлиларимизни энергетика соҳасида юзага келган инқирозни тушунишга даъват қилади. Асосий сабаб узоқ йиллар режасиз олиб борилган қурилишларда, атроф-муҳитга эътиборсизликда эканини ҳеч ким эсламайди ёки тушунмайди. Бугун Тошкентда яшаётган одам бир хулосани янада чуқурроқ тушуниб бормоқда: қурилиш ишларини тўхтатиш ёки секинлаштириш керак, токи табиат ўзини ўзи тиклашга улгурсин.


БМТ Бош котиби А.Гутерриш яқинда шундай баёнот берди: «Глобал исиш даври тугади, энди глобал қайнаш даври келди».


Олимларнинг маълумотига кўра, экстремал иссиқлик бу иқлимнинг антропоген ўзгаришининг тўғридан-тўғри оқибатидир. Демак, атроф-муҳитни нобуд қилиш ҳам, қутқариш ҳам инсоннинг ўз қўлида. Ўзбекистон ҳам, бошқа мамлакатлар қаторида глобал «қайнаш»га оз бўлса-да ўз ҳиссасини қўшяпти. Бундан эса биринчи галда ўзи жабр кўряпти. Бу соҳада сиёсатни, қонунларни ва тарбияни тубдан ислоҳ қилиш даври келди ва буни кечиктириб бўлмайди.


Янги Конституциямиз 49-бобида «Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади», дейилган. 62-бобида эса фақат «Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар», дейилган. Шундай муҳим ва миллий хавфсизликка дахлдор масалага фақатгина 2 боб ажратилган, холос. Улар ҳам етарли даражада пишиқ-пухта эмас. Масалан, фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари ўзи нималардан иборат ва уларни давлат қандай ҳимоя қилади? Агар фуқаро ва тадбиркор ўртасида экологик масалаларга оид можаро содир бўлса, давлат кимнинг тарафида бўлади?


Шу муаммоларни таҳлил қилиб мақолани ёзяпман-у, маҳалламда 18 гектар гуркураган гўзал боғ — баравж мевазор ва арчазор қурилиш учун тадбиркорга берилгани туфайли нобуд бўлиш хавфи остида тургани кўз олдимдан кетмайди.


Маҳалла аҳли шикоят билан кўплаб давлат идораларига — қуйи даражадаги ҳокимиятдан то Сенатгача мурожаат қилди. Аммо тадбиркорнинг ҳужжатларида ҳамма нарса чиройли ва қонуний қилиб кўрсатилган, дея ҳеч ким кўмак қўлини чўзмади.


Эндиликда бўй етган улкан яшил маконда суғорилиши тўхтатилган дарахтлар чангга ботиб, қурий бошлади. Бу боғ маҳалла аҳолисига берилса, одамларнинг ўзи боғни янада ободонлаштириб қўйиши мумкин эди.


Мана шу мисол муаммонинг яна бир муҳим жиҳатини кўрсатиб бермоқда. Яъни, аҳоли, фуқароларнинг иштироки ва фаоллиги атроф-муҳитни асраб-авайлашда ўта муҳимдир.


Қолаверса, айни мисол атроф-муҳитга тизимли ёндашиш фуқароларнинг бевосита иштирокисиз доим чала ва номукаммал бўлиб қолаверишини очиқ кўрсатиб бериши мумкин. Чунки жойлардаги конкрет вазиятлар ҳар хил бўлади ва уларни энг кўп ва тўғридан-тўғри ҳис қилувчилар айнан маҳаллий аҳолидир.


Мен юқорида экологиянинг мазмун-моҳияти биз ўйлаган ва қабул қилганимиздан ҳийла кенгроқ, дедим. Дарҳақиқат, шундай. Масалага чуқурроқ ёндашсак, ҳамма нарсани атроф-муҳит масалалари билан боғлаш мумкин. Метро вагонларида диққинафас бўлиб кетиш ҳам атроф-муҳит, чиройли метромизни хунук реклама билан «безаш» ҳам атроф-муҳит, шаҳар ариқлари чиқитга тўлиши ҳам атроф-муҳит, кўр-кўрона осмонўпар биноларни қуриш ҳам атроф-муҳит, автобусдан тушиб чиптани кўчага ташлаш ҳам атроф-муҳит, уйларда чироқлар ўчиши ҳам атроф-муҳит, ишсизликнинг кўпайиши ҳам атроф-муҳит, ҳайдовчилар машинасидаги радиосини шанғиллатиб юриши ҳам атроф-муҳит, ярим тунда тўйхонадан чиқиб уйга қайтишда машина сигналини чалиб, бутун маҳалла аҳлини безовта қилиш ҳам атроф-муҳит, бозорда, дўконда ва ҳатто самолётга чиқишда навбатга турмаслик ҳам атроф-муҳит, ҳокимларнинг ўз ваколатини суиистеъмол қилиши ҳам атроф-муҳит ва ҳоказо...


Япониянинг ер майдони деярли 380000 кв.км. Ўзбекистоннинг ҳудуди сал кам 450000 кв.км., яъни Японияникидан сезиларли йирикроқ, аммо Япониянинг аҳолиси 126 миллион, Ўзбекистонда ундан уч ярим баробар кам — 36 миллион. Сингапурнинг ҳудуди салкам 730 кв.км., аҳолиси 5,5 миллион.


Аҳоли зичлиги Ўзбекистонникидан деярли 95 баробар кўп. Туркия ҳудуди 783000 кв.км., аҳолиси 85 миллион, Грузия ҳудуди 70000 кв.км., аҳолиси 3,7 миллион. Бу давлатларнинг олдида мамлакатимизнинг демографик сифати нисбатан нормал. Лекин уларда газ узилиши, электр ўчиши, сув қуриши тўғрисида деярли эшитмаймиз. Аҳоли зичлиги бўйича Ўзбекистон дунёда 134-ўринда, яъни ўрта ҳисобда Ўзбекистон аҳолиси унчалик тиғиз жойлашмаган, табиий бойликларимиз, шу жумладан, энергия ресурсларига бой мамлакатмиз. Лекин…


Хуллас, атроф-муҳитимизнинг ёмонлашиб кетишига узоқ йиллар давомида шаклланган экологик сиёсатимизнинг тўғри ўзанда эмаслиги ҳам сабаб бўлмоқда. Бунинг устига тадбиркорлар (бойлар) синфига кўрсатилаётган чексиз «марҳамат»лар ҳам экологиянинг бузилишига сабаб бўлмоқда.


Албатта, мен бугун атроф-муҳит билан ҳеч ким шуғулланмаяпти, демоқчи эмасман. Лекин экологик сиёсатда макро-даражадан микро-даражага қараш ва асосий муаммолар айнан нуқтада, яъни конкрет жойларда ва конкрет вазиятларда тўпланиб қолаётганига алоҳида эътибор қаратиш зарур, деб ҳисоблайман.


Моҳиятан қараганда, қонунлар статик характерга эга, атроф-муҳит эса динамик. Қонунлар қоғозга бир ёзилиб ўзгармас бўлади, ҳаётда эса айнан атроф-муҳитимизда деярли ҳар куни ўзгаришлар ва айниқса, глобал иқлим ўзгариши сабабли салбий ҳодисалар кузатиляпти. Демак, қонунлар ва меъёрий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиши, керак бўлса, қайта тузилиши зарурки, токи, улар тизимли моҳиятга эга бўлсин!


Жамиятшунослик фанида кўп қўлланиладиган ижтимоий муносабатлар, бу аслида кўп жиҳатдан экологик муносабатлар ҳамдир. Нимагаки, у бизни ўраб турган атроф-муҳитда кечади. Шу маънода, барчамиз атроф-муҳитдаги мавжуд мураккаб бўғинлар ва занжирларнинг ажралмас қисмимиз. Бу ўринда инсонни алоҳида, атроф-муҳитни алоҳида кўриш нотўғри. Тизимли ёндашувда инсон, жамият ва табиат, бу яхлит атроф-муҳитдир.


Юқорида айтилган фикрлардан келиб чиқиб, қолаверса, масаланинг долзарб аҳамиятини ҳисобга олиб, мутасадди идоралар ва масалага алоқадор масъул мулозимлар ҳамда қонун чиқарувчи қуйи палатамиз депутатларига қуйидаги ҳам концептуал, ҳам амалий таклифларимни йўллашни афзал билдим:
1) Бир мартадан ортиқ дарахт кесгани учун жарима тўлаб, яна шундай қонунбузилишга қўл урган тадбиркорнинг ўша жойдаги фаолияти буткул тўхтатилсин.
2) «Мевали ва манзарали дарахтлар» деган тушунчаларни сохта тушунчалар деб эътироф этиш керак; шунинг учун дарахтларни кесиш-кесмаслик масаласини улар мевали ёки манзарали деган таснифга боғламасдан, бошқа мезонлар асосида ҳал қилиш керак.
3) Дарахтзор ва экинзорлар катта майдонни эгаллаган ҳудудлар (1 гектар ва ундан каттароқ) автоматик тарзда «яшил макон» деб ҳисоблансин. Ундан кичикроқ майдонларга нисбатан конкрет вазиятга қараб муносабат ва қарор қабул қилиниши мақсадга мувофиқлиги белгиланиши керак.
4) Ҳар бир вазиятда, яшил макон билан боғлиқ масалалар кенг жамоатчилик, айниқса, ўша ҳудудда яшовчи аҳолининг бевосита иштироки билан ҳал қилиниши шарт. Агар мазкур масалалар бўйича аҳоли ва тадбиркор орасида ихтилоф ва кескин зиддият пайдо бўлса, масалалар аҳоли фойдасига ҳал бўлиши ёки вақтинча тўхтатилиши зарур.
5) Хусусий тадбиркор ёки давлат корхонаси бўлишидан қатъи назар, улар ёллаган ишчилар фақат иш шартномаси асосида ишлаши талаб қилиниши ҳамда уларнинг иш куни 8 соатдан ошмаслиги керак! Яъни, эрталаб соат 8:00 дан олдин ва кечки вақт соат 19:00 дан кейин ишлаш тақиқланиши шарт.
6) Кўчалар ва хиёбонларда ўриндиқлар сонини кескин кўпайтириш зарур.
7) Бунёдкорлик кўламини камайтириш, қурилиш ишларини тезлаштириш эмас, аксинча, секинлаштириш керак. Ўшанда табиатнинг ўзини ўзи тиклаш жараёни ҳам бироз меъёрлашади.
8) Кўчалар номини ва бинолар рақамларини аниқ белгилаш зарур.
9) Метрони рекламадан ҳоли зонага айлантириш жуда муҳим.
10) Мактабларда атроф-муҳитни асрашга бағишланган махсус, ижодий ва инновацион дастурларни киритиш мақсадга мувофиқ.


Фарҳод ТОЛИПОВ,
сиёсатшунос, «Билим карвони» нодавлат илмий муассасаси директори


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 2493 16:57 | 05.08.2023