Малака ошириш ёки ўқув таътилида бўлган ходимга мукофот пули бериладими?
Ушбу саволга меҳнат ҳуқуқлари бўйича мутахассис Лазиз ҚАРШИЕВ жавоб беради:
— Ҳар доим байрамлар яқинлашганда таътил ёки таътил вақтидаги тўловлар бўйича саволлар кўпаяди. Айрим раҳбарлар, бухгалтерлар ва бошқа масъул ходимлар ёки текширувчиларнинг қонунчиликни нотўғри талқин қилиши натижасида баъзи ходимларга мукофот берилмай қолади.
Тўғри, қайси ходимга мукофот беришни иш берувчи ҳал қилади, лекин у қонуний ва адолатли берилса, бу ходимнинг моддий аҳволини яхшилашдан ташқари унга мотивация ҳам беради. Бу эса иш унумдорлигига ижобий таъсир қилади.
Меҳнат кодекси талаблари бўйича баъзан ишдан озод этилиб, иш жойи ва ўртача иш ҳақи сақланадиган ҳолатлар бўлади. Масалан, меҳнат таътили, ўқув таътили, меҳнатга лаёқатсизлик даври, малака оширишда бўлган давр ва бошқалар.
Ушбу даврларда қонунчиликда ходимга ўртача иш ҳақи сақланиши кўрсатилган, лекин бошқа тўловларни, яъни ходимнинг меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ бўлмаган тўловларни (байрам пули, моддий ёрдам, картошка пули каби) тўламаслик бўйича норма йўқ. Демак, ушбу тўловларни меҳнат таътили ва юқорида кўрсатилган даврларда тўлаш мумкин.
Кўпчилик МК 257-моддаси бўйича ўртача иш ҳақини ҳисоблашда мукофотлар ҳам инобатга олинишини сабаб қилиб кўрсатишади. Аммо бу мукофотни тўламасин дегани эмас. Чунки бу ҳақида қонунчиликда тақиқ йўқ. МК 257-моддасида ўртача иш ҳақини ҳисоблаш тартиби кўрсатилган.
Ходимнинг меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ бўлган тўловларга устамалар, компенсациялар, чораклик мукофотлар, ортиқча ишлаганлиги учун қўшимча тўловлар кабилар киради. Чунки ушбу тўловлар ходимнинг ишлаган ойдаги лавозим маошига боғлиқ бўлади.
Амалиётда муаммолар вужудга келмаслиги учун МК 252-моддаси 6-қисмига асосан рағбатлантирувчи тўловларни тўлаш тартиби ва шартларини касаба уюшмаси билан келишиб ички ҳужжат билан тасдиқлаш ва унга амал қилиш керак. Чунки бу ҳужжат ҳуқуқий асос бўлади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0