Маймунчечак касаллиги: у нечоғли хавфли?
Маймунчечак касаллиги - кам учрайдиган, юқумли аммо жиддий касалликлардан бири бўлиб, юқори ҳарорат, лимфа тугунларининг катталашиши ва тошма тошиши билан характерланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Африкада ушбу касаллик эпидемиясини халқаро аҳамиятга эга фавқулодда ҳолат деб эълон қилди.
Касалликнинг номи “маймун” сўзи билан боғлиқ бўлса-да, инсонлар ва бошқа ҳайвонларга ҳам жиддий таъсир қилиши мумкин.
Маймунчечак ортопоксвирусларни келтириб чиқаради. Уларни баъзи кемирувчилар ва ҳайвонлар ташийди. Маймунчечак касаллигининг ташхисини қўйиш учун клиник белгиларга эътибор қаратилади, лекин лаборатор таҳлиллар орқали ҳам тасдиқланиши зарур. Вирусни аниқлаш учун теридан олинадиган намуна ёки қон таҳлиллари ўтказилади.
Касалликни даволашда асосан симптоматик даволаш амалга оширилади. Бу дегани, беморга тана ҳароратини тушириш, оғриқни камайтириш ва инфекцияни назорат қилиш учун дорилар берилади. Жиддий ҳолларда, шифокорлар антивирал дори-дармонлар тайинлашлари мумкин.
Аломатлар жиддий бўлса ёки оғир сурункали касалликлар билан кечса, тузалгунга қадар шифохонада бўлиши лозим. Вирусга қарши препаратлар билан самарали даволаш мумкин.
Юқиш йўллари
Касаллик инфекцияси ҳаво-томчи орқали;
теридан терига — инфекция бемор терисининг зарарланган қисмлари билан терига текканда, шу жумладан, жинсий алоқа пайтида;
оғиздан оғизга — бир-бирини ўпганда юқади. Касаллик онадан ҳомилага ўтиши мумкин. Одатда хасталик 2 ҳафтадан 4 ҳафтагача давом этади.
Касалликнинг босқичлари:
Маймунчечак касаллиги одатда қуйидаги босқичларда ривожланади:
1. Инкубацион давр: Инфекция танага киргандан кейин 5-21 кун давомида ҳеч қандай белгилар пайдо бўлмайди.
2. Бошланғич босқич: Бош оғриғи, иситма, мушак ва бўғимлар оғриғи, чарчоқ, лимфа тугунларининг катталашиши ва умумий ҳолсизлик каби симптомлар кузатилади.
3. Тўқима ўзгариши: Бир неча кун ичида терида майда пуфакчалар пайдо бўлади, улар кейинчалик йирингли халтачаларга айланиши мумкин.
Бу пуфакчалар асосан юз, қўл-оёқлар ва тананинг бошқа қисмларида пайдо бўлади.
4. Қайталаниш: Белгилар аста-секин камаяди, пуфакчалар қуриб, қобиқ ҳосил қилади ва тушади. Бу даврда касалликнинг тарқалиши хавфи катта бўлади.
Маймунчечак касаллигининг олдини олиш учун қуйидаги чоралар кўрилиши зарур:
• Юқтирган ҳайвонлар билан контактда бўлишдан сақланиш.
• Вирус тарқалган ҳудудларга саёҳат қилишда эҳтиёткорлик чораларини кўриш.
• Шахсий гигиенага риоя қилиш ва қўлларни мунтазам ювиш.
• Зарур бўлганда ҳимоя кийимларини кийиш.
• Шунингдек, касалликнинг илк белгилари пайдо бўлганда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш зарур. Шу тарзда, бу хавфли вирусдан ҳимояланиш ва соғлиқни сақлаш тизими томонидан назорат остида ушлаб туриш мумкин бўлади.
Оддий чечакка қарши эмлашлар ҳам мавжуд бўлиб, улар маймунчечакка қарши ҳам қўлланади. Уларни хавф остида бўлган одамларга: алоҳида ҳудудларга саёҳат қилувчиларга ёки касалланганлар билан ишлайдиган шифокорларга қилиш тавсия этилади.
Ўзбекистон бу вирусга курашишга тайёрми?
Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги юқумли касалликлар шифохонасида ётқизиш мақсадида шифо-ўринлари, зарур дори воситалари захираси ташкил этилганини маълум қилди.
Хасталикка чалинган бемор билан мулоқотда бўлганларни 21 кун мобайнида тиббий кузатувини ташкил этиш белгилаб олинди ва касалликнинг четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида халқаро аэропортларда, темир йўл ва автомобиль йўллари орқали чегара кесишган жойларда санитария назорати пунктлари мутахассисларининг ҳушёрлиги оширилгани айтилмоқда.
Вазирлик ахборот хизмати берган маълумотларга кўра, касалликни лаборатор аниқлаш учун тест-диагностикум захираси яратилмоқда.
Феруза Раҳимова,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0