Янги асрдаги энг ҳалокатли зилзила: Гаитидаги фожиага 15 йил тўлди
2010 йилнинг январи инсоният учун қонли ва нохуш тарзда бошланди. Кариб денгизи ҳавзасида жойлашган Гаити давлатида жуда кучли ер силкиниши юз берди. Инсоният ҳатто 2004 йил жануби-шарқий Осиёдаги цунамида ҳам бунчалик қурбон бермаган эди. 12 январь куни бошланган табиий фалокатда жами 222 мингдан ошиқ киши ҳалок бўлди, 311 минг киши эса жароҳатланди. Умумий талофат ярим миллион кишидан ошиб кетди. Бу камбағал ва сиёсий жиҳатдан барқарор бўлмаган Гаити учун мисли кўрилмаган фожиа бўлса, инсониятни эса ҳалокатли зилзилаларга эътиборлироқ бўлишга ва кучлироқ тайёргарлик кўришга ундади.
Зилзила эпицентри Гаити Республикаси пойтахти Порт-о-Пренсдан 22 км жануби-ғарбда, гипомаркази 13 км чуқурликда жойлашганди. 7 магнитудали асосий силкинишдан сўнг кўплаб зилзилалар қайд этилди, жумладан уларнинг 15 таси 5 магнитудадан юқори эди. Олимларга кўра, Гаитидаги зилзила Кариб денгизи ва Шимолий Америка литосфера плиталари ўртасидаги алоқа зонасида ер қобиғининг ҳаракати натижасидир. Гаитида охирги марта 1751 йилда шундай вайронкор кучдаги зилзила содир бўлган.
2010 йил 18 мартдаги расмий маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар сони 222 минг 570 кишини ташкил этган, 311 минг киши жароҳатланганди ёки майиб-мажруҳ бўлиб қолди, бундан ташқари 869 киши бедарак йўқолган. Моддий зарар 5,6 миллиард еврога баҳоланди. Ўша йилнинг феврал ойида Куба собиқ раҳбари бўлган Фидель Кастро зилзилани "ярим шаримизда содир бўлган энг катта фожиа" деб атади. Зилзила оқибатида БМТнинг 102 нафар ходими ҳам қурбон бўлди.
Зилзиланинг биринчи кунидаёқ Гаити пойтахти Порт-о-Пренсда минглаб уйлар ва деярли барча шифохоналар ер билан яксон бўлди. 3 миллионга яқин одам бошпанасиз қолди. Миллий сарой, Молия вазирлиги, Жамоат ишлари вазирлиги, Алоқа ва маданият вазирлиги бинолари ҳам вайрон бўлди. Мамлакат пойтахти Порт-о-Пренс (аҳолиси 2,5 миллион) зилзила сабаб деярли вайрона ҳолатга келди, мамлакатнинг бошқа ҳудудлари эса озроқ зарар кўрган. Аҳоли зич яшайдиган ҳудудда фалокатнинг кўпроқ сезилиши қурбонлар ва жабрланганлар сонини кескин ошириб юборди.
Гаити президенти Рене Превал 13 январь куни баёнот билан чиқиб, қурбонлар сони 30 минг кишига етиши мумкинлигини айтди. Бош вазир Жан-Макс Беллеривнинг айтишича, қурбонлар сони 100 минг кишидан ошган. Баъзи манбалар ярим миллион киши ҳалок бўлгани ҳақида маълумот келтирган.
БМТнинг Гаитидаги вазиятни барқарорлаштириш миссиясининг қирқ тўққиз нафар ходими, жумладан, миссия раҳбари, тунислик дипломат Хеди Аннаби ҳалок бўлди, яна 300 га яқин вакил бедарак йўқолган. БМТ миссияси Гаитида 2004 йилда мамлакатдаги тартибсизликлар ортидан ташкил этилган. Миссия 9 минг кишидан иборат бўлган, асосан аскарлар ва полиция ходимларидан ташкил топганди.
Ҳалок бўлганлар орасида ногирон болалар учун кўплаб хайрия дастурлари ташкилотчиси, бразилиялик педиатр Зилда Арнс ҳам бор эди. Шунингдек, Порт-о-Пренс архиепископи Жозеф Серж Миот, мухолифат етакчиси Мишель Гаиллард ва канадалик собиқ депутат Серж Марсел ҳам ҳалок бўлган. Гаити адлия вазири Пол Дениснинг ўлими ҳақида ҳам хабар берилганди, бироқ кейинроқ бу тасдиқланмади. Ҳалок бўлганлар орасида Аргентина, Бразилия, Хитой, Иордания, Ватикан ва бошқа мамлакатлар фуқаролари бор эди.
Кенг миқёсдаги фалокат қашшоқ давлатни ит эгасини танимайдиган кўринишга келтириб қўйди. Гаити қўшниси Доминикандан кўра анча қолоқ ва коррупциялашган давлат эди. Мамлакат ЯИМси бор-йўғи 20 млрд. доллардан ошар, аҳоли жон бошига бу миқдор 1,5 минг доллардан тўғри келарди, холос. Ер силкинишидан сўнг шаҳардаги сув қувурлари вайрон бўлган, чучук сув таъминотида муаммолар юзага келган. Йўллар вайроналар билан тўсиб қўйилган. Шаҳарда кўплаб талончилик ҳолатлари қайд этилган. Ҳалок бўлганларнинг жасадлари пиёдалар йўлаклари ва йўл четларида тўпланиб қолиб, аянчли манзарани вужудга келтирди. Қамоқхоналар биноси қаттиқ шикастланди ва маҳбуслар пайтдан фойдаланиб, у ердан қочиб кетишди.
Зилзиладан сўнг БМТ миссияси қошидаги Аргентина дала шифохонасигина ўз фаолиятини давом эттирди. Бошқа барча шифохоналар зилзила оқибатида вайрон бўлган. Оғир ярадорлар вертолётда қўшни Доминикан Республикаси пойтахти Санто-Домингога етказилган. Оғир техникалар бўлмагани учун, одамлар ўз қўллари ва қўлбола воситалар билан вайроналарни тозалашга ҳаракат қилишган. Воқеа жойида бўлган BBC мухбирининг сўзларига кўра, шифохоналардан бирида ва унинг атрофида тўғридан-тўғри коридорларда тўпланиб қолган юздан ортиқ жасадлар чидаб бўлмас ҳидни келтириб чиқарган. У ерда кўплаб ярадорлар тўпланиб, ёрдам кутаётган эди, жуда оз сонли шифокорлар эса уларга ёрдам беришга ҳаракат қилишган.
АҚШ, Канада, Франция, Испания, Украина, Куба, Бразилия, Венесуэла, Озарбайжон, Исландия, Хитой, Тайван, Россия, Япония, Буюк Британия, Туркия, Баҳрайн, Иордания, Греция, Қатар ва бошқа Гаитига қутқарув гуруҳлари, тиббиёт ходимлари ва инсонпарварлик ёрдами юборилди. Биринчи ёрдам самолётлари 13 январда Гаитига етиб кела бошлади. Порт-о-Пренс аэропорти бошқарув минораси вайрон бўлишига қарамай, ўз фаолиятини давом эттирди ва самолётларни қабул қилди. АҚШ денгиз флоти кемалари Гаити қирғоқларига жўнатилди.
Вайроналар остида беш кун қолиб кетган БМТ миссияси ходими Йенс Кристенсен ўша пайтдаги воқеаларни қуйидагича эслайди:
“Мен беш кун сувсиз ётдим. Иккинчи кундаёқ иштаҳа бутунлай йўқолди. Сувсиз қийинроқ эди. Тўртинчи ёки бешинчи куни мен ҳали ҳам оғзимда намлик ва тупук борлигига ҳайрон бўлдим. Аввалига кислород етишмай ҳалок бўламан, деб қўрқардим. Аммо дастлабки 12 соатдан кейин мен ҳали ҳам нафас олаётган эдим ва ҳаво қаердан келганини англадим”.
Йенс Кристенсеннинг айтишича, у шундай шароитда ҳам яшашга умидини йўқотмаган.
Зилзиланинг асосий талофатли воқеалари 19 январгача давом этди. Шу куни АҚШ десантчилари Гаити президенти саройи ҳудудига тушиб у ерни назоратга олди. Шунингдек, минглаб АҚШлик аскарлар оролга етиб келди. Франциялик вазир Ален Жуандет ҳатто бахтсизлик вақтида Қўшма Штатлар Гаитини эгаллаб олаётгани ҳақида гапирганди. Бунга жавобан АҚШ маъмурияти бу ҳарбий эмас, қутқарув амалиёти эканини маълум қилди.
31 март куни донор давлатлар ва халқаро хайрия ташкилотлари зилзиладан зарар кўрган Гаитини қайта тиклаш учун 9,9 миллиард доллар ажратишга қарор қилди. Ушбу маблағларнинг 5,3 миллиард доллари Гаитига кейинги 24 ой ичида ажратилди. 50 га яқин давлат “кейинги уч йил ва ундан кейин” 9,9 миллиард доллар ажратишга тайёрлигини билдирди. Бу миқдор орол давлати ҳукумати сўраган ёрдам миқдоридан икки баравар кўпдир.
Гаити зилзиласи бошқа муаммоларни ҳам келтириб чиқарди. Миллионлаб одамлар уйсиз қолгач, улар антисанитар шароитда кун кечира бошлади. Тиббий ёрдам ва дори-дармонларнинг етишмаслиги сабаб 2010 йилнинг кузида мамлакатда вабо тарқалди. Эпидемия оролда 7 ноябрь куни содир бўлган “Томас” тўфони ва январ ойидаги зилзила оқибатлари туфайли янада кучайган. Гаити Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2011 йил 16 февралдаги баёнотига кўра, эпидемиядан ўлганлар сони 4 минг 549 кишини ташкил этади, 231 минг 70 киши касалланган. ЖССТ 2012 йилда оролда вабо эпидемияси тугаганини эълон қилди.
Афсуски, 2021 йилда ҳам Гаитида яна талофатли ер силкиниши рўй берди. Оқибатда 2 мингдан ошиқ киши ҳалок бўлди, 12 мингдан зиёд инсонлар жабрланди.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0