Муқаддам ишга тикланди
Нурафшон шаҳар Спорт мактабида йўриқчи-услубчи лавозимида ишловчи, 4 нафар вояга етмаган фарзандларнинг онаси Муқаддам Гулмуротовага нисбатан мактаб директори томонидан “ҳайфсан”, бироз муддат ўтиб эса, ўртача ойлик ойлик ҳақининг 30 фоизи миқдорида интизомий жарима жазоси қўлланилди.
Сўнгра, иш берувчи томонидан у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Ишсиз қолган М.Гулмуротова ҳуқуқлари поймол бўлгани сабабли Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигига мурожаат йўллади. Аммо у ердан бирор аниқ жавоб олмагандан сўнг, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгашига мурожаат қилди. Мурожаат инспектор томонидан қонун доирасида ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида иш берувчи томонидан ходимга нисбатан қўлланилган интизомий жазо ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқлар Меҳнат кодексининиг тегишли моддалари талабларига зид эканлиги ҳамда “Касаба уюшмаси қўмитаси органида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тўғрисидаги тақдимномасини кўриб чиқиш тартиби” ҳақидаги Ўзбекистон КУФ Ижроия қўмитаси қарорининг тегишли бандлари ҳам қўпол равишда бузилганлиги аниқланди. Ушбу камчиликлар юзасидан иш берувчига ёзма равишда кўрсатма киритилди. Бироқ, унинг ижроси қонун доирасида бажарилмади. Шундан сўнг, Тошкент вилояти Фуқаролик ишлари бўйича Ўртачирчиқ туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
ФИБ Ўртачирчиқ туманлараро суди даьвогар М.Гулмуротовани ишга қайта тиклаш ва Нурафшон шаҳар Спорт мактабидан унинг фойдасига 10 млн сўм миқдорида маънавий зарар ундириш тўғрисида қарор чиқарди.
Машраб Мирзаев,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Тошкент вилояти кенгаши меҳнат-ҳуқуқ инспектори
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0