«Оилавий ажримларга илмсизлик ҳам сабаб бўлмоқда» – мутахассис
Оила – жамиятнинг энг муҳим бўғинидир. Мустаҳкам оила – соғлом авлод, маънавий барқарорлик ва иқтисодий ривожланиш гарови. Бироқ кейинги йилларда мамлакатимизда ажримлар сони ортиб бораётганини яширишга ҳожат йўқ. Мутахассислар бу жараёнга иқтисодий қийинчиликлар, ишсизлик, миграция ва турмуш ўртоқлар ўртасидаги келишмовчиликларни сабаб қилиб айтишади. Бироқ оилавий психологлар ажримларнинг илдиз омилларидан бири сифатида илмсизлик ва маънавий саводсизликни ҳам алоҳида ажратиб кўрсатмоқдалар. Хўш, қандай қилиб?
Илмсизлик – асосий илдиз
– Илм ва маърифат бўлмаган муҳитда эр-хотин бир-бирини тинглай олмайди, – дейди оилавий психолог Сабоҳат Ҳамдамова. – 8 йилдирки аёлларга оилавий масалаларда тренинглар ўтаман, маслаҳатлар бераман. Кўпинча ажримларга икки томонлама илмсизлик, жуфтларнинг бир-бирини психологик тушунмаслиги, ҳатто эр-хотиннинг босиқлик билан оддий гаплашиб олишни билмаслиги ҳам сабаб бўлмоқда. Масалан, муаммо келиб чиққанда иккала томон ҳам унинг ечимини қидириш ўрнига, жаҳл отига минади ва бир-биридан нима кутаётгани, истаётгани ҳақида лоақал гаплашиб ҳам олмайди. Жаҳл устидаги эркакнинг ҳаракатига жавобан жаҳл устида қилинган аёлнинг ҳаракати қўшилади. Оқибатда атрофдагиларнинг муносабати, баҳоси ва изоҳи кўпайиб, вазият янада чигаллашади. Аслида маънавий билимсиз инсонда ўзгаларни менсимаслик феъл-атвори кучлироқ намоён бўлади ва бунинг ортидан оилада ҳам кўп хатолар келиб чиқади.
Маънан «улғаймаган» инсон қаршисидаги жинсни тушунмайди, ҳурмат қилмайди ва оилавий бурчларига масъулиятсизлик билан қарайди. Иккинчи томон етукроқ бўлса, дастлаб сабр қилади, тузатиш йўлларини қидиради, аммо ҳолат ўзгармаса, бир куни портлайди ва ажрим юзага келиши мумкин. Агар иккинчи томон ҳам психологик ва маънавий томондан «болача» бўлса, оила учун курашмаса, никоҳнинг дастлабки йилларидаёқ ажрим юзага келиши мумкин. Шу боис ёшларнинг маънавий етуклиги, оила илми ва инсон психологиясидан хабардорлиги қанчалик юқори бўлса, оиланинг мустаҳкамлиги ҳам шунчалик ортиб бораверади.
Айрим ҳолатларда ажрашсаммикан, деб иккиланиб қабулимга келганларга, «Ажрашишга шошилманг, турмуш ўртоғингизга «Келинг, гаплашиб олайлик. Сиз мендан нима хоҳлаяпсиз, мен сиздан нима хоҳлайман? Шунга қараб охирги бор турмушни асраб қолишга ҳаракат қилайлик!», деб айтинг ва гаплашиб олинг», дейман. Биласизми, ана шу мулоқот, бир-бири нима истаётганини билиб ҳаракат қилиш баъзида оилаларни ажримдан сақлаб қолади. Мижозларим қўнғироқ қилиб, «Вазиятимиз яхшиланиб кетди, ҳаммасини очиқ-ойдин гаплашиб олдик», дейишади. Кўпинча бир-бирини эшитмаслик, эр-хотин ўртасида мулоқотнинг камайиб кетиши ҳам йиғилиб-йиғилиб катта жарлик келтириб чиқаради. Натижада жуфтликлар муаммони ечиш учун йўл қидирмасдан, энг осон йўл сифатида ажримни танлашади. Ваҳоланки, ҳар бир нарсанинг илми бўлганидек, оила ва муносабатлар қуришнинг ҳам ўз илми борки, инсон мунтазам ўз устида ишлаш ва маънавий етукликка интилиш орқали уни эгаллаб боради.
2025 йил статистикаси – ташвишли ҳолат
Адлия вазирлиги ва Олий суд маълумотларига кўра, сўнгги беш йилда мамлакатимизда ажримлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Масалан, 2020 йилда 34 мингдан ортиқ, 2022 йилда 48,7 минг, 2023 йилда 49,2 минг ва 2024 йилнинг ўзида 45 мингдан ортиқ оилада ажрим қайд этилган. 2025 йилнинг январь-июнь ойидаги кўрсаткичлар барча йилларни ортда қолдираяпти чоғи, ярим йил ичида 23,3 мингта оиланинг йўллари айро тушган. Энг ташвишлиси, янги қурилган ёш оилаларнинг айримлари дастлабки уч йилликдаёқ ажрашиб кетишга улгураётганидир.
Ноқонуний никоҳ – аянчли якун
Яқинда Тошкентда фожиа юз берди. Руҳий касалликка чалинган аёл шифохонадан чиққач, назоратсиз қолдирилган ва етти ёшли қизига пичоқ билан тан жароҳати етказган. Оқибатда қизча вафот этди. Ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди. Унда аёлнинг ҳаётидан яхши хабардор бўлганлар унинг турмуш ўртоғи билан расман ажрашмагани, аммо анча йилдан бери бирга яшамаслиги, эри фарзандларидан хабар олмаслиги, алимент тўламаслиги, бирга яшаган пайтларида аёлни кўп урганлигини таъкидлашди. Оқибатда аёл иқтисодий ва руҳий босим остида қолган. Бошидан жиддий шикастланган.
Қизалоқнинг ўлими билан тугаган аянчли воқеа эса аввало носоғлом оилавий муҳит, сўнгра жамиятнинг тиббий йўналишидаги муаммоларини ҳам кўрсатди. (Руҳий касал одамга қандай қилиб уйига рухсат берилган?) Қолаверса, оила тизимига масъул идоралар олдига «Қийналган оилани руҳий ва иқтисодий қўллаб-қувватлаш, босимга учраган аёлни ҳимоя қилиш механизми яхши ишлаяптими?», деган саволларни ҳам кўндаланг қилиб қўймоқда.
Пойтахтда яқиндагина юз берган бошқа даҳшатли воқеада эса аёл (иккинчи хотин бўлган) туғишган синглисини эри учинчи хотинликка олганини билгач, ўзи ва икки фарзандини кўп қаватли уйдан ташлаган. Оқибатда фарзандлари оғир тан жароҳати олиб, шифоханага ётқизилган. Аёлнинг ўзи эса вафот этган.
– Шунга ўхшаш юз бераётган аксарият ҳолатлардан кўриняптики, – дейди психолог Сабоҳат Ҳамдамова, – сўнгги йилларда расмий никоҳи бўла туриб, қонунларимизга зид тарзда қўш хотин олаётганлар кўпайди. Бу аввало, биринчи, иккинчи ва учинчи хотин бўлиб яшаётганларнинг, қолаверса, фарзандларнинг ҳам тақдирида аянчли оқибатлар келтириб чиқармоқда. Жамиятимизда ноқонуний никоҳга қарши самарали курашилмаса, бундай ҳолатлар янада кўпайиши турган гап. Таҳлил қилинса, сингилнинг ўз поччасига хотин бўлиши, эрнинг ўз қайнисинглисига «кўз олайтириши» мазкур инсонларнинг улкан ахлоқий ва маънавий таназзули натижаси экани ойдинлашади.
Қаерда кўрсаткич юқори?
«Ishonch» мухбирининг изланишларига кўра дунёда ажрашиш кўрсаткичининг пастлиги маданий ва диний анъаналар, юридик тўсиқлар, сиёсий ва ижтимоий қонунчилик яъни ижтимоий ёрдам тизимларининг қанчалик йўлга қўйилганлиги каби омилларга боғлиқ. Қуйидаги давлатларда ажрашиш кўрсаткичлари жуда паст: Шри-Ланка, Гватемала, Вьетнам, Перу, Мальта, Қатар, Панама. Бу мамлакатларда ҳар 1000 кишига нисбатан 0,15дан - 0,4 гача ажрим тўғри келади.
Мальдив, Қозоғистон, Россия, Беларус, Молдова, Хитой каби давлатларда кўрсаткич юқори. Ҳар 100 оилага нисбатан 30 дан 50 тагача ажрим кузатилади. Ривожланган давлатларда ҳам статистика баланд: АҚШда тахминан ҳар юз оиланинг 33 таси, Японияда 35 таси, Францияда 50 таси, Жанубий Кореяда эса 47,4 тасида эр-хотин кейинчалик ҳаётини айро давом эттирмоқда. Ўзбекистонда эса кўрсаткич 100 оилага нисбатан тахминан 25-26 тага тўғри келади. Юқорида таъкидлаганимиздек, бу ҳолатлар бир неча омилларга боғлиқ:
Юридик жараённинг осонлиги – қонунларда ажримга мурожаат қилиш, суд орқали ажрашиш соддалашган бўлса, ўша давлатларда ажрим кўрсаткичлари юқорилиги кузатилмоқда.
Иқтисодий босим ва молиявий нотинчлик. Кексалик, ишсизлик, кам даромад ва кутилмаган харажатлар оилада кучли стресс ва муносабатларнинг бузилишига сабаб бўлмоқда.
Алкоголизм ва гиёҳвандлик. Бу омиллар кўп давлатларда ажримни тезлаштирувчи сабаб сифатида қайд этилган. Масалан, Россияда алкоголь истеъмоли ва унинг оиладаги зўравонликка олиб келувчи таъсири катта.
Ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва оила институтининг заифлиги. Оилалар учун маслаҳат хизматлари, психологик ёрдам, маҳаллалардаги оила жамоатлари фаолияти яхши йўлга қўйилмагналиги ҳам ажрим статистикасини оширмоқда.
Нима қилмоқ керак?
– Ажрим – бу икки инсоннинг йўли ажралишигина эмас, балки фарзанд тақдири ва жамият маънавиятига салбий таъсир кўрсатадиган оғир жараёндир. Илмсизлик эса бу муаммоларнинг асосий илдизи, – дейди Сабоҳат Ҳамдамова.
– Шунинг учун ҳам ҳар биримиз маърифатни оширишга, ёшларни оилавий ҳаётга пухта тайёрлашга эътибор қаратсак, ажримлар сони камайиб, мустаҳкам оилалар кўпаяди. Аммо қуйидагилар ҳам оилавий парокандаликни камайтиришда муҳим роль ўйнайди:
Ёшларни никоҳга тайёрлашни мунтазам такомиллаштириш, мактаб ва олий таълим муассасаларида “Оилавий ҳаёт психологияси”, “Оила бошқаруви” фанларини жорий қилиш; Эр-хотин низоларини ҳал қилиш учун психолог, юрист, дин арбоблари иштирокида бепул маслаҳат марказларини ташкил этиш; Оилада ўзаро мулоқот ва ҳурматни кучайтириш лозим.
Зўравонликка қарши қонунларимиз етарли, аммо уларнинг амалдаги ижроси суст. Демак, келгуси эътиборни ана шу қонунларнинг ижросига қаратишимиз зарур. Аёллар учун “Иш ва оила”ни уйғунлаштирувчи шароитлар, масалан, масофадан ишлаш каби янгича меҳнат йўналишларини рағбатлантиришимиз лозим. Давлат боғчалари сонини янада кўпайтирсак, шунча яхши. Телевидение ва ижтимоий тармоқларда машҳур шахслар орқали “Оила қадри” мавзусида ижтимоий рекламаларни кўпайтириш ҳам оиланинг жамиятдаги мавқеини оширади.
Бир сўз билан айтганда, ажримларнинг олдини олиш учун фақат қонунларни такомиллаштириш етарли эмас. Аввало, ҳар бир инсонни болалигидан маънавий етук қилиб тарбиялашимиз, сўнгра жамиятда оилани иқтисодий қўллаб-қувватловчи ва маслаҳат тизимини кучайтиришимиз зарур.
Зебо Намозова, ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0