Пиёдалар йўлига ким масъул?
Тараққий этган асримизда тротуарларга дахл қилаётган кимсалар ёмғирдан кейин бўй кўрсатган қўзиқорин каби кўпайди. Баъзи "учар" ҳайдовчилар техникасини шу ҳудуддан бошқарса, айрим калтабин кимсалар уни мулк сифатида ўзлаштиришга киришган.
Очиғи, бу мавзуга такрор қайтаман, деб ўйламагандим. Бу ҳақда 3 йил олдин “Эгалланмаган нима қолди?” номли мақола ёзиб, ижтимоий тармоққа жойлаштирганман. Катталарга шиғир ёзиб, суюнчи оладиган бир акахон ўша куни менга қўнғироқ қилиб, яхши иш қилмаганлигимни айтиб, дакки берган бўлди. Бу ишим билан бошимга бало орттираётганмишман. Лекин, мени ўйлантирган жиҳат шу бўлдики, шу "дастёр" эътиборини тортган мақоладан наҳотки тегишли мутасаддиларнинг хабари бўлмаган бўлса? Балки кўриб, кўрмаганга олингандир? Умуман олганда, бугун айрим ҳудудларда журналист кўтарган муаммога ечим излашдан кўра ўзини журналист санаб юрган чала блогернинг қош-қовоғига қараб расмий жавоб ёзиш тенденцияга айлангандек.
Гап Бухоро шаҳридаги «Алпомиш» кўчасига қарашли автомобиль йўлидаги қусурлар ҳақида. Амир Темур кўчасидан (7-кичик ноҳия) чиқиб, автомобиль йўли бўйлаб кунчиқар томон тахминан 4-5 километр пиёда юриб кўрган одам ундаги қусурларга гувоҳ бўлади. Бу ерда пиёдаларга мўлжалланган йўлак йўқлиги сабаб яёв бўлганлар ноиложликдан автомобиль йўлига тушиб олишга мажбур. “Мингга қўйиб” ўтиб-қайтаётган уловлар тиқилинч қилади: “бип-бип”латиб сизга йўлнинг эгаси эканлигини исботламоқчи бўлади. Сиз қаерга қочишни билмайсиз. Лотокка тушасизми, тадбиркор йўлга яқин ўрнатган реклама устунига чиқасизми ёки асфальт йўлнинг бўғзигача ковлаб келинган “томорқа”га кирасизми, уларга бунинг аҳамияти йўқ.
Кўча номи қайд этилган лавҳаларни ҳеч қаерда учратмайсиз. Ёмғир сувларига мўлжалланган лотоклар баъзи жойларда бўғзигача кўмилиб ётибди, қирғоқлари аранг кўринади. Чиқинди-ю бегона ўтларга макон бўлиб ётган жойлар ҳам бор. Йўлнинг икки этагидан қўним топган айрим фуқаролар ва тадбиркорлар сурбетларча ўз ҳудудларини кенгайтирган. Ёқилғи қуйиш шохобчаси, ошхонаю сомсахоналар, сервис хизматлари кўрсатувчи бир қатор субъектлар “қаердан ўтсанг, ўт” дегандек ястаниб олишган.
Қайсидир ошхона олдига ағдарилган ғўзапоя уюми асфальт йўлгача ёйилиб кетган. Хусусий боғча, автосервис, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат дўконлари олдидаги аҳволниям яхши деб бўлмайди. "Динамо" ҳалқасидан ўтгач, "Чинар" савдо комплекси ёнидаги АЁҚШ рўпарасида яна бир "ишбилармон" каттагина ҳудудни тўсиқлар билан ажратганини кўрасиз. У ерга ёғоч ўриндиқлар ўрнатган. Чамаси, у бу ерда ёзда музқаймоқ ва яхна ичимликлар савдосини авжига чиқармоқчи. Майли, баракасини берсин, деймиз. Лекин, бу ишларни йўловчи манфаатларига дахл қилмасдан бажариш ҳам мумкин эди-ку.
Хуллас, бу ердагиларнинг деярли ҳаммасида эгалик даъвоси яққол сезилади. Қаердадир канализация қудуғининг оғзи ланг очиқ, қопқоғи йўқ. Брусчатка савдоси ортидан кун кўрадиган бир тадбиркор ўз рекламаси остига "Ҳалоллик фойдадан устун!" деб ёзибди. Буни ўқиб, ҳалолликни ҳар ким ўзича тушунаркан, деган хулосага келдим. Умуман олганда, собиқ "Тўқимачи" бозори чорраҳасигача пиёда юриб борсангиз, мана шундай манзараларнинг гувоҳи бўласиз.
Ўйлаб кўрилса, бу ерда эгалланмаган фақат автомобиль йўли қолибди холос!
Бу йўлдан ҳар куни мактаб ўқувчилари, талабалар ва бошқалар ҳаракатланади. Энди савол туғилади: кимнидир машина уриб юбориб, ҳалокат рўй берганидан кейингина муаммога ечим изланадими? Пиёдалар йўлагини “ем қилаётганлар” ва бундай ноқонуний хатти-ҳаракатларга кўз юмаётганлар уловсиз фуқаронинг ҳам йўлда ўз ҳақи борлигини унутган кўринадилар. Шаҳарсозликнинг талаб-қоидаларига зид бўлган бу каби ҳолатлар, афсуски, бугун юзага келиб қолгани йўқ. Йиллар давомида эътибордан четда қолиб келган бу масала ҳал этилишини кута-кута шу кунларга етиб келди.
Шаҳарнинг бошқа нуқталарида ҳам бу каби қусурлар бор, улар ҳам ечимини кутаётган муаммолар рўйхатига тиркалган бўлса ажабмас.
Қаердадир бошланиб, эллик метр юрар-юрмас боши берк ҳолда давомини йўқотган пиёдалар йўлаклари борлигига нима дейсиз? Шулар ҳам яқин фурсатларда йўқликка маҳкум бўлаётган бўлса не ажаб?
Кўп қаватли уйлар ва қишлоқдаги ҳовлилар ёнида тикланган ноқонуний қурилмаларни бартараф этишга куч ва ресурс топган маҳаллий ҳокимликлар наҳотки мана шундай муҳим масалага йиллаб ечим топа олмасалар?
Ҳамзабек ТУРДИЕВ,
журналист
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0